Толибон куч ва қуролни қаердан олмоқда? Afg'oniston Tolibon

    • Author, Жонатан Бил
    • Role, BBC Newsнинг мудофаа масалалари бўйича мухбири
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Толибоннинг Афғонистондаги шитоб илгарилаши кўпчилик учун кутилмаган бўлди - вилоятлар марказлари домино доналари каби қулади.

Афғон ҳукумати қудратни ўзида сақлаб қолишга уринар экан, ўзгаришлар исёнчилар фойдасига ўзгармоқда.

Ўтган ҳафталарда сиздирилган АҚШ жосуслик ҳисоботида бир неча ҳафталарда Кобулга ҳужум бўлиши, 90 кун ичида ҳукумат қулаши мумкинлиги айтилганди.

Қандай қилиб булар бари бунчалик тез юз берди?

АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари ўтган 20 йилда афғон хавфсизлик кучларини ўқитиш ва қуроллантиришга имкони қадар ҳаракат қилди.

Америка ва Британиянинг саноқсиз генераллари қудратлироқ афғон армиясини яратдик даб даъво қилишган, аммо бу даъволар бугун пучга ўхшаб қолди.

Толибоннинг кучи

Афғон ҳукумати ҳозир ҳам, назарий жиҳатдан, каттароқ кучни ўзида ушлаб турибди.

Афғон хавфсизлик кучлари сони 300 мингдан ортиқ, камида қоғозда шундай. Улар Афғон армияси, ҳаво кучлари ва полицияни ўз ичига олади.

Аммо амалда мамлакат армияга ёллаш бўйича мақсадларига етишга доим қийналган.

Афғон армияси ва полициясининг талафот кўриш, қочқинлар, коррупция билан боғлиқ оғриқли ўтмиши бор. Айрим нопок командирлар аслида йўқ аскарлар номидан маош олиб келган.

Афғонистон бўйича махсус инспектор генералнинг (SIGAR) АҚШ Конгрессига берган сўнгги ҳисоботида "коррупциянинг емирувчи таъсири ва ҳарбий кучларнинг ҳақиқий қудрати ҳақида берилган маълумотларнинг тўғрилиги борасида жиддий хавотир" изҳор қилинган.

Буюк Британия Қироллик Бирлашган Хизматлар Институтидан Жэк Уотлингнинг айтишича, ҳатто Афғон армиясининг ўзи ҳам қанча аскари борлигини аниқ билмайди.

Бунга қўшимча, ҳарбий аслаҳалар ва кўтаринки руҳиятни сақлаб туриш билан боғлиқ муаммолар ҳам бор, дейди у. Аскарлар одатда оилавий ёки қабилавий алоқалари бўлмаган ҳудудларга хизматга юборилади. Бу эса айримлар постини осонгина ташлаб кетаётгани сабабларидан биридир.

Толибон кучини баҳолаш эса янада қийин.

АҚШнинг Уест Поинтдаги Терроризмга қарши кураш марказига кўра, ҳисоб-китоблар Толибонда 60000 жангчи борлигини кўрсатади. Аммо уларга хайрихоҳ бўлган бошқа жангари гуруҳлар ва ёрдамчиларни ҳисобга олсак, уларнинг сони 200000 дан ошади.

Аммо паштунзабон собиқ Британ армияси офицери доктор Майк Мартин, Толибонни ягона бир бутун гуруҳ деб ўйламаслик керак, дейди. У Ҳелманддаги тўқнашувлар тарихи акс этган "An Intimate War" китоби муаллифи ҳамдир.

Аксинча, дейди у, "Толибон бир-бири билан вақтинча иттифоққа киришган ўзаро мустақил франшиза эгаларининг коалициясидир".

Унинг таъкидлашича, Афғон ҳукуматида ҳам маҳаллийчилик қизиқишлари илдиз отган. Афғонистон тарихи оилалар, қабилалар ва ҳатто ҳукумат расмийлари яшаб қолиш учун ўз томонини қандай ўзгартиришини кўрсатади.

Қурол-аслаҳага эгалик

Афғон ҳукумати яна маблағ ва қурол-яроққа эгалик жиҳатидан ҳам устун.

У аскарларнинг маоши ва қуроллари учун, асосан АҚШдан, миллиардлаб доллар олган. SIGARнинг 2021 йил июлидаги ҳисоботида Афғонистон хавфсизлиги учун 88 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлангани қайд этилди.

Аммо у хавотир билан қўшиб қўйди: "Тўғри сарфланган пул жанг майдонларида самара берармикан?"

Афғонистон ҳаво кучлари жангларда муҳим роль ўйнаши керак.

Аммо у ҳам ўзининг 211 та учоғини сақлаш ва учувчи билан таъминлашда мунтазам қийинчиликка учрамоқда (Толибон учувчиларни махсус нишонга олаётгани муаммони янада оғирлаштирмоқда). Жанг майдонларидаги командирларнинг талабларини қондириш ҳам осон бўлмаяпти.

Шу боис яқинда АҚШ Ҳаво кучлари Толибон ҳужумига учраган Лашкар Гоҳ каби шаҳарлардаги жангларга аралашди. АҚШ бу каби дастакни қачонгача бериши ҳам аниқ эмас.

Толибон наркотиклар савдосидан олинадиган фойдага суяниб келган, аммо улар ташқаридан ҳам қўллов кўрган - энг ёрқин мисол Покистондир.

Яқиндагина Толибон Афғон хавфсизлик кучларининг қурол-аслаҳаларини қўлга киритди. Уларнинг айримлари АҚШ томонидан етказиб берилган эди - хамвилар, тунги кўриш қурилмалари, пулемётлар, миномётлар ва артиллерия.

Афғонистон аллақачон - советлар ишғолидан бери қуролга тўйинган. Толибон эса энг содда қурол билан ҳам такомиллашган кучни енгиш мумкинлигини кўрсатди.

АҚШ ва Британия кучларига қўлбола портловчи қурол билан қилинган ҳужумни эсланг. Булар ва маҳаллий шарт-шароит, ҳудудни яхши билиш ҳам уларнинг фойдасига ишлади.

Шимол ва ғарбга эътибор

Толибон тарқоқдек кўринса-да, айримлар уларнинг кейинги ҳаракатларида ўзаро мувофиқлашув борлигини кўрмоқда.

Британия армиясининг собиқ бригада генерали ва ҳозирда Стратегик Тадқиқотлар Институтида етакчи мутахассис Бен Бэррининг тан олишича, Толибоннинг ютуқлари оппортунистик бўлиши мумкин, аммо, унинг қўшимча қилишича, "агар ҳаракатлар режасини тузишингиз керак бўлса, мен бундан яхшироғини таклиф қилишга қийналган бўлардим".

У Толибоннинг улар қудратли бўлган жанубда эмас, шимол ва ғарбдаги ҳужумларига, берин-кетин вилоятлар марказларини эгаллашига эътибор қаратади.

Толибон муҳим чегара ўтиш нуқталари ва текширув нуқталарини қўлга олиб, молиявий қийналиб қолган ҳукуматга борадиган божларни ҳам тортиб олди.

Улар, шунингдек, муҳим давлат мулозимлари, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларни махсус нишонга олиб ўлдирди. Ўтган йигирма йил давомида ҳукумат эришган ютуқларни бирин-кетин йўққа чиқармоқда.

Афғон ҳукумати стратегияси борасида эса аниқ бир нарса айтиш қийин.

Толибон босиб олган ҳудудларни қайтариб олиш ҳақидаги ваъдалар борган сари пучлиги кўриниб қолди.

Жаноб Бэррининг айтишича, катта шаҳарларни сақлаб қолиш учун режа бордек кўринади. Ҳелманддаги Лашкар Гоҳни сақлаб қолиш учун Афғон махсус кучлари ташланди.

Аммо қачонгача сақлаб туриш мумкин?

Афғон махсус кучлари сони нисбатан оз, тахминан 10 000 нафарча, улар ҳам мамлакат бўйлаб тарқалган.

Толибон тарғибот борасида ҳам ғалаба қозонаётган кўринади.

Жаноб Бэррининг айтишича, уларнинг жанг майдонидаги ғалабаси руҳиятларини кўтариб, уларда ўзаро бирдамлик туйғусини пайдо қилмоқда.

Афғон ҳукумати эса чекинмоқда, генералларига дакки бериб, уларни ишидан бўшатишяпти.

Ўйин якуни қандай бўлади?

Вазият Афғон ҳукумати учун хурсанд қиларли эмас.

Жэк Уотлингнинг айтишича, афғон ҳарбийлари учун вазият борган сари тушкун бўлиб бораётган бир вақтда "сиёсат билан уни сақлаб қолиш мумкин".

Агар ҳукумат қабилалар оқсоқоллари кўнглига йўл топа олса, ҳеч қурса рақиблари билан дурангга эришиши мумкин.

Майк Мартин Абдул Рашид Дўстумнинг Мозори Шарифга қайтишини муҳим қадам бўлганини таъкидлайди.

Афғон қиши яқинлашиб, ёзги жанг мавсуми ҳам тез орада поёнига етади. Бу эса томонларнинг ҳаракатланишини қийинлаштиради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek