Қирғизистон қамоғида ўзбек фаоли Азимжон Асқаров қандай вафот этганди? Тергов қайта бошланади Qirg'iziston O'zbekiston dunyo

Сурат манбаси, Getty Images
Фаолларга кўра, қирғизистонлик таниқли ўзбек ҳуқуқбони ўлимидан бир йил ўтиб ҳам, ҳануз адолат қарор топмаган.
Унинг ўлимини шаффоф ўрганишни йирик халқаро ташкилотлар ҳам Қирғизистондан талаб қилишганди.
Азимжон Асқаров умрбод қамоқ жазосини ўтар экан, ўтган йил Қирғизистон қамоқхонасида вафот этган.
Фаолнинг ўлими билан боғлиқ хабарга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси, Европа Иттифоқи ва Хьюман Райтс Вотч ташкилоти эътибор қаратган.
Улар Қирғизистон ҳукуматидан Азимжон Асқаровнинг ўлими юзасидан шаффоф тергов ўтказилишини талаб қилишганди.
Янги суд ҳукми
Кеча, 27 июль куни Бишкек шаҳар маҳкамаси Азимжон Асқаровнинг ўлими юзасидан ишни тўхтатиш бўйича Свердлов туман тергов суди қарорини бекор қилган.
"Бир Дунё-Қирғизистон" инсон ҳуқуқлари нодавлат ташкилоти баёнотига кўра, аввалроқ марҳум ҳуқуқбон аёли Ҳадича Асқарова манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокатлар судга шикоят аризаси билан мурожаат қилишган.
"Адвокатлар биринчи инстанция судьяси жиноят-процессуал қонунчилик нормаларини сезиларли даражада бузган ва суд жиноят-қонун нормаларини нотўғри қўллаган, деб ҳисоблайдилар. Бишкек шаҳар суди адвокатларнинг даъволарини қўллаб-қувватлаб, ягона тўғри қарорни қабул қилди ва Свердлов туман судининг ноқонуний, асоссиз ҳукмини бекор қилди", дейилади баёнотда.
Бу эса, Бишкекнинг Свердлов туман суди адвокатларнинг Азимжон Асқаров ўлими бўйича суд ишини тугатиш тўғрисидаги шикоятини кўриб чиқишига йўл очгани айтилмоқда.

Сурат манбаси, FERGANANEWS.COM
Азимжон Асқаров Ўш ва Жалолободда 2010 йилнинг июнида юз берган қонли воқеаларга алоқадорликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.
У 2020 йилнинг 25 июлида Бишкек четида жойлашган 47-сонли қамоқхонада вафот этган.
Тиббий хулосада марҳум ҳуқуқбон "ўпканинг тўлиқ икки томонлама зотилжамга учрагани" ёзилган.
Жазони ижро этиш хизмати Асқаровнинг ўлими бўйича судгача тергов бошланганини маълум қилган. Бироқ кейинчалик терговчи ишни тўхтатган.
Адвокатлар терговчининг қарори ноқонуний эканлигини таъкидлаб, Свердлов туман судига мурожаат қилишган.
1 июнь куни туман суди адвокатларнинг апелляция муддати тугаганлигини айтиб, терговни яна тўхтатгани маълум бўлган.
Ҳуқуқбон ҳаётлигида ўзининг айбсизлигини айтган, умрбод қамоқ жазоси ҳукми юзасидан бир неча бор шикоят аризаси билан ҳам чиққан, аммо ҳукм ҳар гал ўз кучида қолдирилган.
Орада фаолнинг бунга норозилик сифатида очлик эълон қилганига оид хабарлар ҳам олинган.
Азимжон Асқаров ўтган йилнинг 31 июлида ўз васиятига биноан Ўзбекистонда дафн этилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














