Тожикистон: тўрт синфдош Сирдарёга чўкиб, вафот этди Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
Тожикистонда бир ҳафтанинг ўзида 9 инсон сувда чўкиб ўлган. Мутахассислар бунинг асосий сабабини аномал иссиққа боғлашмоқда.
Истаравшан шаҳридан Хўжандга сайр қилиш мақсадида келган 4 нафар ўсмир Сирдарёга чўкиб кетган. Уларнинг ҳаммаси бир синфда - Янгиқишлоқ қишлоғидаги 60-ўрта умумтаълим мактабининг 9-синфида ўқишган.
Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси қўмитасидан билдиришича, июль ойининг биринчи ҳафтасида 9 инсон сувда чўкиб ўлган. Уларнинг энг каттаси 18 ёшда, энг кичиги атиги бир ёшда бўлган.
Мутахассисларнинг айтишларича, сувда ғарқ бўлиш ҳодисалари сабабларидан бири, айниқса, кейинги ҳафтада ҳаво ҳароратининг кескин даражада кўтарилиб кетишидир. Бутун Марказий Осиёда кузатилаётган ҳаво исиши Тожикистоннинг жанубий Бохтар вилоятида расман 48 даражага етгани айтилган. Лекин, айниқса, вилоятнинг энг жанубий Шаҳритуз ва Қабодиён туманларида яшаётган кишиларнинг айтишларича, ҳаво ҳарорати 50 даражадан ҳам юқори кўтарилган.
Одамлар иссиқдан сақланиш учун ўзларини салқин ерларга уришмоқда. Шаҳарларда, айниқса, тушга яқин ва ундан кейин одамлар кўчага кам чиқишмоқда. Салқин тутувчи ичимликлар, қовун-тарвуз савдоси қизимоқда.

Сурат манбаси, courtesy
Чумчуқоролдаги фожиа
Лекин кўпчилик, айниқса, ёшлар ва ўсмирлар иссиқдан сақланиш учун сув ҳавзаларида чўмилишни афзал кўришади. Тожикистонда эса, Сирдарёдан ташқари Панж, Вахш, Зарафшон дохил дарёлар тезоқар ва чўмилиш учун хавфли саналади.
Душанбе шаҳрида яшаган 17 ёшли ўсмир тезоқар Кофарниҳон дарёсида чўмилаётганда чўкиб кетган.
Худди шу 4 июль куни сувга ғарқ бўлган яна тўрт нафар инсон ўлиги топилган. Улар орасида Шаҳринав туманида яшаган бир ёшли бола ҳам бор. Унинг Қоратоғ дарёсига қандай тушиб кетганлиги ҳозирча аниқланмаган. Турсунзода шаҳрига карашли Адир кишлоғида яшаган 7 ёшли қизалоқнинг сувга қандай чўкиб кетгани сабаблари ҳам аниқланганича йўқ. Унинг жасади Заркамар каналидан топилган. Сув оқими қизалоқни икки ярим километр қуйига оқизиб кетган.
Рудакий туманидаги Кўктош каналидан сувга чўккан вояга етмаган қиз жасади топилган. Худди шу 4 июль куни айни Рудакий туманида яшаган 18 яшар қизнинг жасади Варзоб ГЭСи тўғони яқинидан чиқариб олинган.

Сурат манбаси, courtesy
Орадан уч кун ўтиб, Хўжанд шаҳрида энг даҳшатли фожиа юз берган. Халқ орасида Чумчуқорол номи билан машҳур "Наврўзгоҳ" боғига дам олиш учун борган истаравшанлик ўсмирлар Сирдарёга чўкиб кетишган. 15 ёшли ўсмирлар Лазизбек Хидиров, Бахтиёр Каримқулов, Асилбек Мамадисоев ва Садриддин Каримовлар синфдош бўлишган.
Бу борада Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фукаро мудофааси қўмитасининг Суғд вилояти бошқармаси матбуот маркази хабар берган. Матбуот котиби Шаҳзода Бўтаеванинг айтишича, кутқарувчилар кечаю кундуз ишлашади. Худди шу 7 июль куни улар сувга чўкаётган йигитни қутқариб қолишган. Гулистон шаҳридан бўлган 24 ёшли йигит дарёнинг чўмилиш тақиқланган ерида чўкиб кетаётган пайтида қутқарувчилар уни кўриб қолишган.
Мутахассисларнинг айтишларича, янгиқишлоқлик болалар ҳам дарёнинг тақиқланган ерида чўмилишган. Қутқарувчилардан бирининг айтишича, ўқувчилар билан бирга уларнинг муаллимлари ҳам бўлишган. Юз берган фожиани кўрган мактаб директори ҳушидан кетган ва Хўжанддаги беморхоналардан бирига ётқизилган.
Прокуратура фавқулодда ҳолат юзасидан жиноий иш очган.
- Тўрт тобутни ёнма-ён қўйишди. Ёнма-ён тўрт қабр дўмпайди. Йиғламаган одам қолмади. Дунёдан жуда эрта кетган болажонларимиз қишлоғимиздаги ариқлардан бошқа катта сувни кўришмаганди. Уларни Сирдарёга чўмилишга яқинлаштирмаслик зарур эди, - деди марҳум Лазизбек Хидировнинг қариндошларидан бири.
Ота-оналар айни коронавирус авжига чиққан пайтда қишлоқларидан камида 90 километр наридаги Хўжанд шаҳрига сайр-томошага олиб борганликлари учун мактаб ўқитувчиларидан норози бўлишмоқда. Уларнинг айтишларича, саёҳатга борган ўқувчи болалар йигирма нафардан ортиқ бўлган.
- Тўғри, бизда ҳам айб бор. Аввало, болаларимизга шу пайтда саёҳатга боришга ижозат бермаслигимиз зарур эди. Лекин муаллимлар назорат қилишганда, бу фожиа юз бермаган бўлармиди, - деди янгиқишлоқлик оталардан бири.
Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси қўмитасининг Суғд вилояти бошқармаси мутахассисларининг айтишларича, қутқарув ишлари учун ғаввослар, қайиқлар ва бошқа зарур жиҳозлар етарли. Аҳоли орасида сув ҳавзаларида чўмилиш пайтида хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, фақат махсус ажратилган ерларда чўмилиш кераклиги тушунтириб борилади. Ичкилик ичган ҳолда, ёлғиз ва тунда чўмилишдан тийилиш таъкидланади. Ота-оналардан балоғатга етмаган фарзандларини сув ҳавзаларига ёлғиз юбормаслик, бирга боришганда ҳам, болаларини назоратсиз қолдирмаслик сўралади, деди бошқарма мутахассисларидан бири.
Марҳумларни қутқариш мумкинмиди?

Сурат манбаси, courtesy
Расмий маълумотларга қараганда, ўтган йили Тожикистондаги катта-кичик сув ҳавзаларида 107 киши чўкиб кетган. Чўкаётган кишилардан 55 нафари қутқариб қолинган.
Жорий йилда коронавирус олдини олиш мақсадида чўмилиш мавсумига кечроқ - 15 июндан ижозат берилди. Мавсум октябрь ойининг ярмигача давом этади.
Ҳали ёзнинг ярми ўтмасдан 50 нафардан ортиқ кишининг сувга чўккани айтилмоқда. Уларнинг ярмига яқини балоғат ёшига етмаганлар эканлиги урғуланмоқда.
Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси матбуот маркази бошлиғи Умида Юсуфийнинг айтишича, сув ҳавзаларида болалар ва ўсмирларнинг чўкиб кетиш ҳоллари кўпаяётганлигига сабаб ота-оналарнинг фарзандларини назоратсиз қолдираётганлиги, уларнинг ҳатто тезоқар дарёларга ҳам ёлғиз юбораётганликларидир.
Қўмита мутахасислари барча ўқув юртларида сув ҳавзаларида чўмилиш қоидалари борасида суҳбатлар ўтказишади.
"Биз ўқув йили тугашидан кейин бундайин суҳбатларни болаларнинг ёзги дам олиш жамлоқларида давом эттиряпмиз", - деди қўмитанинг ўқув-методик маркази бошлиғи Ольга Козлова.
Қутқарувчилардан бирининг айтишича эса, сув остидаги одамни пайқаш қийин бўлади. "Чўкаётган киши сув устида бўлса, тез кўзга ташланади, агар у сув остида бўлса, топиш осон эмас", деди у.
- Мен Сирдарёга яқин яшайман. Хўжандликларнинг сувга чўкиш ҳоллари камдан-кам юз беради. Балки бу болаликдан дарё бўйида улғайиш билан боғлиқдир. Сувда жон бераётганларнинг кўпчилиги бошқа шаҳар ва қишлоқлардан келган талабалар, саёҳатга, томошага келган кишилардир. Лекин уларнинг ҳаммасини бўлмаса-да, айримларини қуткариб олса бўларди. Бунинг учун эса, айниқса, Сирдарёнинг чўмилиш тақиқланган ерларида қутқарувчилар навбатчилигини кучайтириш зарур, - дея мулоҳаза юритди асли касби ўқитувчилигини айтган Насимхон.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














