Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма: Қурбон ва яраланганлар борлиги айтилмоқда - Qirg‘iziston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Кеча, 8 июль куни қирғиз-тожик чегарасида яна ўт очилган. Ҳар икки тарафдан ҳам жабр кўрганларга оид хабарлар бор.

Фарғона водийсида жойлашган уч давлат чегараси кесишган минтақа, йилларки, можароларга сахна бўлиб келмоқда.

Икки мамлакат чегара хизматлари сўнгги ҳодисада ҳам бир-бирларини айблаб, баёнот тарқатишган.

Чегарадаги отишма тўғрисида биринчи бўлиб Тожикистоннинг "Ховар" давлат ахборот агентлиги хабар берган.

Агентлик ўз хабарида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот маркази ахборотига таянган.

Мазкур хабарда ёзилишича, 8 июль куни соат 14.55да тўрт қирғиз чегарачиси Тожикистоннинг Суғд вилоятига қарашли Деваштич туманидаги давлат чегарасинининг Росровут қисмини ноқонуний равишда кесиб ўтган.

"Қонунбузарлар ҳарбий ва фуқаролик формасида бўлиб, Калашников автомати билан қуролланган эди. Улар Деваштич тумани аҳолисига тегишли 9 отни ўғирлаб, Қирғизистон ҳудудига олиб ўтиб кетмоқчи бўлишган. Тожикистон чегарачиларининг давлат чегарасини бузганликлари тўғрисидаги огоҳлантиришига қарамай, қирғиз ҳарбий хизматчилари автоматдан ўқ узишган. Унга жавобан Тожикистон чегарачилари отган ўқдан икки қонунбузар жароҳат олган", - дейилади "Ховар" давлат ахборот агентлиги хабарида.

Хабарда икки мамлакат ваколатли органлари вакилларининг воқеа жойида можаронинг келиб чиқиш сабабларини ўрганаётгани ҳам айтилган.

Қирғизистон томони баёноти

Орадан саноқли соатлар ўтиб, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳам чегарада содир бўлган отишма юзасидан тожик чегарачилари "босқинчилик"да айбланган баёнот тарқатган.

Унда, "Қирғизистон чегарачилари Лайлак туманидаги чегара ҳудудида жойлашган Наумин довонида отчан бораётиб, Чашмагилдан участкасида Тожикистон чегарачилари ҳужумига учраган. Натижада ҳар икки томондан ўт очилган. Қурбонлар ҳақидаги маълумотлар аниқланмоқда", - дейилган.

Аммо ўзаро отишмага нима сабаб бўлгани тафсилотлари очиқланмаган.

Маълум бўлишича, Қирғизистон Чегара хизматининг Боткен вилояти бўйича вакили Қиялбек Толонбаев ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳозир сатҳда ва ҳар икки томон ҳам ҳодиса сабабини ўрганишмоқда.

Бугун, 9 июль куни эрталаб эса, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати сўнгги отишмада бир қирғиз чегарачиси ҳалок бўлганини маълум қилган.

Унда, "Тожикистон чегарачиларининг қуролли ҳужуми натижасида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг 27 ёшли Хуснидин Хожиев ҳарбий хизматчиси қурбон бўлгани" айтилган.

Можарода бошқа қирғиз чегарачилари яраланмагани қўшимча қилинган.

Шунингдек, маълумотда қуролли тўқнашувда тожик тарафидан ҳам қурбонлар ва жароҳат олганлар борлиги тўғрисида хабарлар келаётгани айтилади.

Бироқ Тожикистон томони ҳозирча қубонлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот бермаган.

Қирғизистон томонининг бу иддаоларига ҳам ҳалича ўзининг расмий муносабатини билдирмаган.

Фарғонадаги учрашув

Жорий йилнинг 1-3 июль кунлари Фарғонада Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳукумат делегацияларининг йиғилиши бўлиб ўтган.

Музокаралар давомида томонлар давлат чегараларининг туташ жойини аниқлаштириш бўйича таклифларини олға суришган.

Тадбир сўнгида протокол имзоланган, бироқ унинг тафсилотлари очиқланмаган.

Кейинги учрашув Қирғизистонда ўтиши маълум қилинган.

Жапаровнинг Тожикистонга сафари

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 28 июнь куни Тожикистонга расмий ташриф билан борган.

Душанбеда президент Эмомали Раҳмон билан учрашган Жапаров тожик ҳамкасби билан музокара ўтказган.

Олти соатлик учрашувдан сўнг президентлар икки давлат ўртасидаги пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимоя, давлат хизмати, ёшлар сиёсати бўйича ҳамкорлик ва миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни имзолаганлар.

Музокарада чегара муаммосига алоҳида эътибор қаратилмаган.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг чегара масаласи ҳақида тўхталиб ўтгани кўрилган, Эмомали Раҳмон бу мавзуни деярли тилга олмаган.

Президентнинг бу сафари Қирғизистон фуқаровий жамияти орасида танқидларга сабаб бўлган.

Бир ой аввал чегара можаросида қон тўкилганини инобатга олиб, Садир Жапаров Тожикистон сафарини қолдириш кераклиги айтилган.

Садир Жапаровнинг Тожикистонга расмий ташрифи май ойининг биринчи ярмида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ 28-30 апрель ва 1 май кунлари тожик-қирғиз чегарасида қуролли тўқнашув содир бўлгани ортидан бу ташриф қолдирилган.

Қирғизистон можародан сўнг Тожикистон билан чегарасини бир томонлама тартибда ёпганди.

Қуролли можаролар

Жорий йилнинг апрель ойи охирида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарада сув устидан келиб чиққан низо бу яқин йилларда кузатилмаган энг ёмони ва қонлиси бўлгани айтилган.

Ҳар икки урушган томон эълон қилган расмий маълумотлар қуролли низода энг кўп Қирғизистон жабр кўрганига далолат қилганди.

Ҳар икки давлат бирдек фойдаланувчи "Бош" сувтақсимлагичдаги оддий айтишувдан бошланган келишмовчилик қуролли тус олган.

Можарога ҳар икки томондан ҳарбийлар, ҳарбий аслаҳалар ва бронетехника аралашган.

Икки кунлик зўравонлик ўнлаб одамнинг қурбон, яна юзлабининг тан жароҳати олиши билан якунланган.

Юздан ортиқ бинога ўт қўйилган, талон-тарож этилган.

Томонлар низони қўзғашда яна бир-бирларини айблашган.

Орада бунга "учинчи куч"ни масъул билганларнинг борлиги ҳам кўрилган.

Томонларнинг бир неча бор муросага бориш уринишлари ортидан, икки кунлик можаро шу йилнинг 1 май куни ниҳоя топгани хабар берилган.

Орада Ўзбекистон илова қатор минтақа давлатлари ва халқаро ташкилотлар мавжуд вазиятдан ўз хавотирларини расман изҳор этиб чиқишган.

Ҳам Тожикистон ва ҳам Қирғизистон Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар саналишади.

Икки давлат чегарасидаги можаро эса, мазкур ташкилот Мудофаа вазирларининг Тожикистон пойтахти Душанбедаги расмий учрашувидан кун ўтиб юз берган.

Қирғизистон ва Тожикистон Марказий Осиёнинг Россия ўз ҳарбий базаси ва иншоотларига эга икки давлати бўлади.

Чегарадаги зиддият манзарасида ва қуролли низо ортидан ҳам, Россия президентининг Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишда воситачилик қилишга тайёр экани маълум бўлган.

Владимир Путин можарога музокаралар йўли билан барҳм бериш истагини ҳар икки давлат президентларининг орада Москвага қилган расмий ташрифлари чоғида ҳам баён қилган.

Айрим халқаро таҳлилчилар расмий Москванинг мақвеини Россияга ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо икки давлат чегарасидаги можаронинг кераги йўқлиги билан изоҳлашганди.

Тожикистон ва Қирғизистонни 900 км дан ортиқ давлат чегараси ажратиб туради, уларнинг ярмига яқин қисми демаркация қилинмаган.

Одатда, давлатлар ўртасида чегара қаерда жойлашганлигини аниқлашнинг иложи йўқ, бу эса маҳаллий аҳолининг сув, яйлов ва йўллардан фойдаланишида муаммоларга олиб келади.

Баҳсли ҳудудлар икки мамлакат чегараларининг қарийб 30 фоизини ташкил қилади ва унинг энг зиддиятли қисмлари ҳисобланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek