Нима учун Озарбайжон Қорабоғ урушида ғалаба қозонди? Ҳарбий экспертлар жавоб беради – Уруш ва тинчлик, янгиликлар

    • Author, Павел Аксенов
    • Role, Би-би-си
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Озарбайжон армиясининг Тоғли Қорабоғдаги 44 кун давом этган ҳарбий амалиёти унинг ғалабаси билан якунланди. Бу кузатувчилар учун кутилмаган натижа бўлди, улар дастлаб иккала томоннинг кучи деярли тенг ва Озарбайжон бундай мураккаб ҳарбий ҳаракатлар театрини узоқ давом эттиролмайди деб ўйлагандилар. Би би си рус хизмати Озарбайжон ҳарбий амалиёти тафсилотларини ва Арманистоннинг мағлубияти сабабларини ҳарбий экспертлар билан биргаликда ўрганди.

Жанглар Озарбайжон қўшини Тоғли Қорабоғдаги энг муҳим аҳоли пунктларидан бири бўлган Шуша шаҳрини эгаллаганидан кейин тугади. У ҳудуд пойтахти Степанакертдан бир неча километр наридаги тоғда жойлашган ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган йўл шу шаҳар орқали ўтган.

"Шуша - бу бутун Қорабоғ учун калит. Степанакерт ҳам шу марказ орқали бошқарилади. Биринчи уруш пайтида ҳам шундай бўлган, аммо ўша вақтда қуролланиш даражаси умуман бошқача эди ва ҳозир ҳам бошқача", дейди Арманистон жамоат радиоси собиқ раҳбари Марк Григорян.

Сентябрь охири ва октябрь ойи бошларида Озарбайжон ҳарбий амалиётининг дастлабки босқичида ушбу стратегик шаҳарни эгаллаш ва Арманистонни сулҳга мажбур қилиш эҳтимоли жуда оз эди.

Кўпчилик бу тўқнашувлар ҳам, аввалгилари сингари, Озарбайжоннинг бир неча стратегик муҳим тепаликларни ва бир неча квадрат километрлик ҳудудни эгаллаши билан якунига етишига ишонган эди.

Айни шу нарса 2016 йилда можаро жиддий авж олганда бўлганди - ўшанда тўрт кунлик жанглардан сўнг Озарбайжон ўз қўшини Талиш қишлоғи атрофидаги ва Фузулий йўналишидаги бир неча тепаликни эгаллаганини эълон қилган эди.

Бурилиш нуқтаси қачон бўлди?

Можаро 27 сентябрь куни тўқнашув чизиғидаги бешта ҳудудда - Муровдағ тоғи ҳудудида, арманлар назорат қиладиган зонанинг шимолидаги Талиш ва Мардакерт (Ағдере) қишлоқларида, шунингдек, Жаброил ва Фузулий туманларида ўзаро отишма билан бошланди.

Умуман айтганда, уруш икки жойдаги - Қорабоғнинг шимолида ва жанубидаги жангларга айланди.

Шимолда генерал-майор Ҳикмет Ҳасанов бошчилигидаги 1-корпус, жанубда - генерал-лейтенант Ҳикмет Мирзаев ва генерал-майор Маис Бархударов бошчилигидаги иккита ҳарбий гуруҳ ҳаракат қилди. Президент матбуот хизмати хабарларидан бирида ушбу бўлинмалар корпус деб номланган.

Бир неча кун давомида Озарбайжон вазиятни ўз фойдасига ўзгартира олмади ва тўқнашув линияси жойлашган ҳудудларда жанглар давом этди, аммо 9 октябрга қадар жанубда Озарбайжон кучлари собиқ Совет Тоғли Қорабоғ Мухтор вилояти ҳудудидан ташқаридаги, Озарбайжоннинг етти вилоятидан бирининг маъмурий маркази бўлмиш Жаброил шаҳрини эгаллади. Арманистон кучлари 1992-1994 йиллардаги урушда тўлиқ ёки қисман уни Озарбайжондан тортиб олган эди.

Аҳолиси бу шаҳарни бутунлай ташлаб кетган ва вайрон қилинган, шу кунгача хароба аҳволда эди. Шаҳар ҳужумчилар деярли икки ҳафтада босиб ўтган бўлиниш чизиғидан 20 километр нарида эди. Яъни дастлабки кунларда Озарбайжон қўшини ҳужумини тезкор деб бўлмас эди.

Бир неча кун ўтиб Ҳадрут қулади. Бу Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларида эмас, балки Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги биринчи туман маркази. У Озарбайжон аскарлари йўлидаги биринчи шаҳар бўлиб, унда тинч аҳоли яшаган.

Айнан Ҳадрут қулаши билан вазият ўзгарди - Озарбайжон қўшинлари жадал суръатларда илгарилашни, арманлар эса чекинишни бошлади.

"Биринчи фалокат шуки, нима учундир Ҳадрутни жиддий қаршиликсиз ташлаб кетишди ва бу қолган воқеалар ривожини аввалдан ҳал қилиб қўйди", дейди Би би сига исмини ошкор этишни истамаган арманистонлик ҳарбий эксперт.

Озарбайжон кучлари асосан жанубда, Арманистон-Эрон чегараси бўйлаб илгарилади. Жаброил ва Ҳадрутдан кейин Озарбайжон Фузулий, Зангелан, Кубатли устидан назоратни қўлга олди. Ушбу ҳужумнинг мақсади Лачин шаҳри бўлиб, у орқали Шуша ва Степанакертни Арманистон билан боғлайдиган магистраль йўл ўтган эди.

Ҳар иккала нишон тоғли ҳудудларда жойлашган эди. Ўша вақтга келиб Арманистон кучларининг қаршилиги заифлашган бўлса ҳам, уларга қарши ҳужум тезкор бўлмади. Натижада, оғир техникасиз озарбайжонликлар тоғлар орқали Шушага этиб келди ва бу шаҳар атрофидаги жанглардан сўнг у эгалланди.

Бу тўқнашув ҳал қилувчи воқеа бўлди - шаҳар эгаллангач, уруш тугади.

Озарбайжон ва Арманистон қандай қуролларни сотиб олган эди?

Чорак аср давомида Тоғли Қорабоғдаги можаро музлатиб қўйилганда, иккала томон ҳам уни куч билан ҳал қилишга тайёр эканликларини эълон қилди.

Томонларнинг имкониятларини баҳолаш қийин эди - очиқ манбаларда ҳарбий харидлар тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ эди. Арманистон томонида ҳарбий техниканинг бир қисми Тоғли Қорабоғ ҳудудида жойлаштирилган эди - бу ҳақда эса деярли ҳеч нарса маълум эмасди.

Сўнгги йилларда Боку ва Ереван сотиб олган қурол-яроғ ҳақида бир мунча аниқроқ ўйлаш мумкин эди, аммо 1990 йиллардан бери қўшинларда қолган нарсалар сир эди.

Урушдан олдин томонлар сотиб олган қуроллар бундан ҳам муҳимроқ эди. 2000 йилларда Озарбайжон анча фаол қуролланди, бунга нефт нархининг кўтарилгани имкон берди. Бу 2010 йилларнинг ўрталарига қадар давом этди. 2014 йилда Озарбайжон ЯИМнинг 5.1 фоизини, Арманистон эса 4.29 фоизини ҳарбий эҳтиёжларга сарфлади. Боз устига, Арманистоннинг ЯИМси Озарбайжонникидан анча паст эди.

"21-асрда Озарбайжоннинг ҳарбий бюджети Арманистоннинг ҳарбий бюджетидан ўртача уч-беш баравар кўп бўлган; баъзи йилларда Озарбайжоннинг ҳарбий бюджети Арманистоннинг бутун давлат бюджетидан юқори бўлган", дейди Би би сига Россия Фанлар академиясининг Узоқ Шарқ институти катта илмий ходими Василий Кашин.

2010 йилларнинг иккинчи ярмида Озарбайжон қурол сотиб олишни камайтирди. Экспертлар буни у ўзига кераклисини олиб бўлгани билан изоҳладилар.

Бироқ урушдан бир йил олдин Озарбайжон яна Туркиядан фаол равишда қурол сотиб олишни бошлади. "Reuters" Туркия экспорт қилувчилар ассамблеясидан иқтибосан, ушбу мамлакатдан Озарбайжонга қурол экспорти олти баравар ўсганини, август ойида 36 миллион, сентябрда 77 миллион долларни ташкил этганини хабар қилди.

2020 йилда Боку, хусусан, Қорабоғда самарали фойдаланилган "Байрактар" учувчисиз учоқларини сотиб олди.

Аввалроқ, Озарбайжон Исроилнинг қўриқчи қуролларини (камикадзе дронлари) ва юқори аниқликдаги ракета тизимларини, Россиядан - ТОС-1А "Солнцепек" оғир ўточар тизимларини, БМП-3, "Мста-С" ўзиюрар артиллерия қурилмаси, иккита С-300 узоқ масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа дивизионини ва бир нечта "Тор-М2Э" комплексларини сотиб олганди.

"Озарбайжоннинг қурол-аслаҳа харажатлари анча мақсадли, режалаштириш янада пухта эди. Улар пулни беҳуда сарфламадилар, улар ҳарбий соҳадаги ўзгаришларнинг барча сўнгги тенденцияларини диққат билан ҳисобга олдилар, кераклиларини сотиб олдилар, Яқин Шарқдаги уруш тажрибасини ўргандилар. Улар ҳозирги урушга жуда яхши тайёргарлик кўришди. Ва бу урушнинг нафақат ҳарбий жиҳатлари, балки сиёсий, иқтисодий жиҳатлари ва ташвиқотига ҳам тегишли", дейди Кашин.

2010 йилларнинг ўрталаридан бошлаб Арманистон ҳам қурол учун кўпроқ пул сарфлашни бошлади. Стокгольм Халқаро Тинчлик Тадқиқотлари Институти маълумотларига кўра, Арманистоннинг 2014 йилдан 2019 йилгача ҳарбий импорт ҳажми 2009 йилдан 2014 йилгача бўлганидан уч ярим баравар кўпдир. Ваҳоланки у 2014-2015 йилларда жиддий деярли ҳеч нарса сотиб олмаган.

У кўплаб "Смерч" тизимлари, танкларга қарши қуроллар, портатив зенит-ракета тизимлари, "Тор М2КМ" зенит-ракета комплекслари ва "Искандер-Э" ракета тизимлари дивизионини сотиб олди.

Бироқ баъзи харидлар Арманистонда тушунмовчиликлар ва ҳатто танқидларга сабаб бўлди. Шунинг учун кўпчилик 2019 йилда тўртта Су-30СМ сотиб олинишини маъносиз деб ҳисоблади. Улар Озарбайжоннинг МиГ-29ларига нисбатан такомиллашган, тезкор қирувчи учоқлар бўлиб, жуда қиммат ва уларнинг жанговар қудрати Қорабоғдаги ҳарбий амалиётлар учун ортиқча бўлган.

Бундан ташқари, улар ҳаво ҳужумида берган самарани ҳаво ҳужумидан мудофаа масаласида барибир беролмасди.

Арманистонда жанжалга сабаб бўлган яна бир харид Иорданиядан модернизация қилинган бир неча ўнлаб "Оса АК" зенит-ракета тизимлари сотиб олингани бўлди. Буни "Jane's Defense Weekly" хабар берган ва Би би сининг Арманистон ҳукуматига яқин бўлган манбалари тасдиқлаган. Манбалар Арманистон Россиядан ҳаво ҳужумига қарши замонавий мудофаа тизимларини тўғридан-тўғри сотиб олиши мумкин бўлиб турганда, учинчи мамлакатдан анча эски тизимларни сотиб олиши мотивларини савол остига қўйгандилар.

"Арманлар ўзларидаги оз ресурслардан ҳам тўғри фойдаланмадилар ва шу аҳволда ҳам урушнинг бундай узоқ давом этгани арманларнинг руҳий томондан кучли бўлгани кўрсаткичидир - улар анча кўтаринки эди. Ҳимоя жуда яхши эди, шахсий таркибнинг ҳам сифати ёмон эмасди", дейди Василий Кашин.

Нима учун учоқлардан кам фойдаланилди?

Уруш бошланишидан олдин иккала мамлакат ҳам ҳарбий машғулот ўтказган, Озарбайжон Туркия билан, Арманистон эса Россия билан ўтказган эди.

Машғулотлар пайтида, 29 июлдан 10 августгача Озарбайжоннинг Ганжа аэродромига Туркия учоқлари жойлаштирилди. Кейинчалик Арманистон ушбу учоқларнинг баъзилари у ерда қолгани, уруш пайтида Озарбайжон кучларини қўллаб-қувватлаган бўлиши мумкинлигини айтган эди.

Ереван ҳаттоки туркиялик учувчиларни Арманистоннинг Су-25 ҳужум учоғини уриб туширишда айблади.

Ушбу маълумот тасдиқланмади, аммо Ганжадаги турк учоқларининг сунъий йўлдош орқали олинган фотосуратлари кейинчалик "Twitter"да "New York Times" журналисти Кристиан Триберт томонидан эълон қилинди.

Кейинчалик, Озарбайжон турк учоқлари ҳақиқатан ҳам Ганжадаги аэродромда бўлганини тан олди, аммо жанговар ҳаракатларда қатнашмади деди.

Шу билан бирга, на маълум миқдордаги жанговар вертолётлар ва учоқлари бўлган Қорабоғ ва на нафақат вертолёт ва ҳужум учоқлари, балки ўзнинг (Туркияники бўлмаган) қирувчи учоқлари билан қуролланган Озарбайжон ҳам улардан фаол фойдаланмади, чунки иккала томон ҳам бир-бирида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари борлигига шубҳа қилмаган. Қорабоғдаги жангларда Қорабоғда эски "Оса" ва "Стрела" комплексларигина асосий зенит мудофааси бўлгани маълум бўлди.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича эксперт Михаил Ходаренконинг айтишича, Қорабоғ ва унинг ортида турган Арманистонда нишонни тезкор аниқлаб, маълумотни қайта ишлайдиган ва уни уриб туширадиган ҳаво мудофааси тизимини яратиш мумкин эмас эди. Мамлакатнинг ҳаво ҳужумидан мудофаани ташкил қилиш учун етарли пули бўлмаган. У тўлақонли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш харажатлари учун Арманистоннинг ўн йиллик бюджети керак бўлишини ҳисоблаб чиқди.

Бундан ташқари, Тоғли Қорабоғдаги мавжуд ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими, экспертнинг сўзларига кўра, ҳужум вертолётлари ва учоқларига қарши курашга мосланган эди, осмонда эса уларга қарши кичик дронлар бўлган.

Озарбайжон стратегияси ва тактикаси

Бокунинг ушбу ҳарбий операцияси муваффақияти қай даражада олдиндан белгилаб қўйилгани, бу пухта тайёргарлик ва режалаштириш натижаси бўлдими ёки вазият маълум бир шаклда ривожланиб, ҳарбийлар ундан усталик билан фойдаланиб қолдими, аниқлаш қийин.

Россиялик ҳарбий эксперт, "Арсенал отечества" журнали бош муҳаррири Виктор Мураховский Озарбайжон урушни барча корпуслар билан, кенг кўламли разведка билан бошлаганини таъкидлайди. Заиф жойни топган Озарбайжон армияси аввал Арманистон мудофаасини ёриб ўтди ва кейин операцияни муваффақиятли ривожлантирди.

Мураховскийнинг сўзларига кўра, Озарбайжон армияси эҳтиёткорлик билан, пухта разведка маълумотлари, узоқ масофадан ўт очиш ва дронлар зарбаларига таяниб ҳаракат қилди: "Биз артиллерия, ўточарлар, танклар ва бошқалар билан қилинган ялпи ҳужумни кўрмадик".

Мураховский Озарбайжон қуролли кучлари ҳаракати 2018 йилда Суриянинг Африн шаҳри ва Идлиб вилоятида худди шу тактикани қўллаган турк армияси услубига ўхшашини таъкидлайди. Ўшанда турк ҳарбийлари "Зайтун новдаси" операциясини ўтказган эди.

Бундай сиқиб бориш тактикаси кучларни бир сектордан иккинчисига тезда ўтказиш қобилиятига эга бўлмаган ва самарали авиацияси бўлмаган душмангагина қарши яхши ишлайди, дейди эксперт.

Боку дастлаб жанубий йўналишни зарбанинг асосий йўналиши сифатида режалаштирган, дейди озарбайжонлик ҳарбий эксперт Озод Исазода. Шимолда Қорабоғ чегараси томонларни ажратиш чизиғига яқинроқ эди, аммо у ердаги тоғлар Бокуга халақит берарди. Жанубда Озарбайжон бўлинмалари текисликда, ҳужум учун қулай майдонда ҳаракат қилди.

Эксперт сўзларига кўра, Арманистон томони тўқнашув чизиғининг Тоғли Қорабоққа яқинроқ бўлган шимолий қисмини мустаҳкамлаганди ва жанубий қисми узоқроқлиги сабабли иккинчи даражали йўналиш сифатида қаралди.

Озарбайжоннинг ҳарбий режаларидаги ўзгариш Лачин орқали асосий зарба бериш ўрнига, қўшиннинг бир қисми тоғ йўллари бўйлаб Шушага йўналганда содир бўлди.

Арманистон мудофаасидаги заиф томонлар

"Бошида [Озарбайжон учун олға силжиш] қийин бўлди. Биринчи мудофаа чизиғи бузилганидан сўнг, фронт том маънода қулади", дейди Озод Исазода.

Арманистонлик экспертнинг сўзларига кўра, Тоғли Қорабоғ ҳукумати ҳужум жанубий қанотда амалга оширилишини хаёлига келтирмаган ва у ерда жиддий мудофаага тайёрланмаган: "Мен бунинг изоҳини топа олмаяпман, бу ақлсиз бепарволик, уни кечириш ёки тушуниш мумкин эмас, бу жиннилик".

Қорабоғ мудофаасида иккита заиф нуқта бор эди - жанубда ва Агдам туманида. Биринчи корпус ҳаракат қилган шимолий йўналиш эса жиддий мустаҳкамланганди, деб таъкидлайди Исазода.

Арманистонлик ҳарбий экспертнинг сўзларига кўра, Ҳадрут минтақасига қадар чўзилган текисликни мудофаа қилиш учун жиддий мудофаа ва миналар майдонлари бўлганда ҳимоя қилиш мумкин эди.

Озарбайжон буни яхши билар эди, дейди у, шунинг учун асосий ҳужум шу ерда бошланди.

"Арманистон томони мудофаани тайёрлашга, узоқ муддатли ҳимояга, камуфляжга, разведкага жиддий қарамагани аниқ [...]. Бундан ташқари, режалаштиришдаги бу каби камчиликлар 2016 йилдан бошланган барча тўқнашувларда кўриниб турарди, аммо улар ҳеч қандай хулоса чиқаришмаган", дейди Василий Кашин.

"Бир томон жуда яхши тайёрланди, бу ўнлаб йиллар давом этди, бошқа томон эса кучсизроқ эди ва номигагина тайёрланди", дея хулоса қилади эксперт.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek