Ўзбекистон чигиртка офатига ҳам тайёр туриши керакми?

Дарахт баргидаги чигиртка

Сурат манбаси, EPA

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Иккинчи йилдирки, олимлар ва халқаро ташкилотлар ёз ойларида чигиртка офати минглаб гектар майдонлардаги экинларга қирон келтириши ва миллионлаб инсонлар очарчилик хавфи билан юзма-юз келишидан огоҳлантирмоқдалар.

Келаётган июн ойигача чигиртка уруғи қуритилмаса, таҳдид жиддий эканини айтмоқда Бирлашган Миллатлар ташкилоти.

Чигиртка бутун дунёда ҳақиқатан ҳам балога айланган йиллар кам бўлган, бу 1990 йиллар, 2000 йилларнинг бошида кузатилган.

2020 йилги вазият охирги 20 йилдаги энг жиддий вазиятлардан бири бўлишини башорат қилмоқда БМТнинг Озиқ-овқат ва деҳқончилик ташкилоти.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Шарқий Африка мамлакатлари сўнгги икки йилда чигирткаларнинг хуружидан зарар кўрмоқда.

Ўтган йили эфиопиялик фермерларнинг айримлари 100 фоиз ҳосилидан жудо бўлдилар.

Шу йил январида чигиртка галаси Эфиопия йўловчи самолёти парвозини тўхтатишга ҳам мажбур қилган эди.

Кения охирги 70 йилда бунчалик йирик чигиртка офатини кўрмаганини айтмоқда.

Африкада чигиртка балоси

Сурат манбаси, Reuters

Сомалида фавқулодда ҳолат эълон қилишга тўғри келди.

БМТ чигиртка балосига қарши курашда Шарқий Африка мамлакатлари учун ёрдам сўраб халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилди.

Дунёдаги аксар мамлакатлар коронавирус пандемияси, пандемия ортидан иқтисодий қийинчиликларга дуч келган.

Африка мамлакатлари эса аллақачон очлик ва коронавирус балоларига рўпара келган.

Буларга чигиртка офати ҳам қўшилиши Африка мамлакатларида миллионлаб инсонларни очарчиликка дучор қилиши мумкинлигидан огоҳлантиради БМТ.

Эфиопия, Эритрея, Кения ва Сомалига ёпирилган саҳро чигирткаси Покистондан борган ва бу йил олди олинмаса, чигирткалар буғдой, нўхат ва картошка ҳосилининг 15 фоизини еб битирса ҳам Покистон зироати 1,2 миллиард долларлик зарар кўриши мумкин, деган башоратни берди БМТ Озиқ-овқат ва деҳқончилик ташкилоти.

Чигирткалар оқимининг ҳаракатланиши
Сурат тагсўзи, Чигирткалар оқимининг ҳаракатланиши

Покистон чигирткаси Эронга ўтиши мумкинлиги айтилган, Эронга қўшни Туркманистонда эса шу йил апрел ойидан чигирткалар кўпаяётгани кузатилган.

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти расмийлари Туркманистоннинг Лебаб вилоятида чигиртка кўпайгани ҳақида Туркманистон расмийларидан огоҳлантириш хати олганини тасдиқлаганлар.

Бухоро ва Хоразм вилоятининг Туркманистонга қўшни далаларида меҳнат қиладиган деҳқонлар 27 апрелдаги довулдан кейин чигиртка кўпайганини айтишган.

Видео муаллифи Қашқадарё вилоятининг Самарқандга чегарадош тоғли ҳудудларида чигиртка кўпайганидан хавотир билдирган.

Видеода ҳали кичкина чигирткалар адирликни қоплаганини кўриш мумкин.

Видеочи агар бу чигиртка галалари йўқ қилинмаса, фақат чорвадорлик билан кун кўрадиган маҳаллий аҳоли чорвасини йўқотиш таҳдиди мавжудлигини айтган.

"Ўзагрокимёҳимоя" ташкилоти раҳбари Ражаббой Очиловнинг Kun.uz онлайн нашрига айтишича, Ўзбекистон билан Туркманистон чегарасининг икки томонида ҳам чигиртка билан боғлиқ вазиятни кузатиб туришипти.

"Ҳозир икки томондаям чигирткалар йўқ, кузатиб турибмиз. Шунинг учун бундай хавф йўқ ҳозирча. Лекин бўлиши мумкин", деб айтган "Ўзагрокимёҳимоя" АЖ раҳбари.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek