You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Марказий Осиё - Хитой: Катта қўшнидан қарз ёки нега Қирғизистонда “Хитой экспансияси”дан қўрқишади
- Author, Наргиза Рисқулова
- Role, Би-би-си, Бишкек - Султон-Сари
Хитой обрўсини дунё миқёсида кучайиши ҳаммадан кўра кўпроқ унинг қўшнилари орасида сезилмоқда. Сўнгги бир йил ичида Марказий Осиё давлатларида Пекин амбицияларини рўёбга чиқаришда муҳим роль ўйнайдиган «хитой экспансияси»га қарши норозиликлар тўлқини кўтарилди. Би-би-си Қирғизистонда давлатнинг Хитой олдидаги қарзи ўсиб бораётганидан ишончсизлик ортаётган вазият ҳақида ҳикоя қилади.
45 ёшли Турдубек туғилиб ўсган қишлоғидаги кулфат ҳақидаги хабарни кўриб, Султон-Саридаги уйидан 370 км олисга етиб келган. Унда фермерлар қорамолларнинг оммавий қирилиб кетаётганидан шикоят қилишганди. Ижтимоий тармоқларда ўлган жониворларнинг суратлари тарқалди, тагхатида улар сувни кимёвий моддалардан заҳарлангани оқибатида қурбон бўлишгани ёзилганди.
«Суратлар ваҳимали эди - расмга олиш учун ҳайвонларнинг танаси уюм қилинган. Бошқа тасвирларда эса ер кавлаган Хитой экскаваторлари ва юк машиналари. Яйлов ўзига ўхшамас бўлиб қолганди», - гапириб беради Турдубек.
Хабар рост бўлиб чиқди: 30 ёшли Мирлан Шаршеков 36 та қўйи ва бир бузоғидан, унинг қўшниси 20 бош қорамолидан айрилган.
«Бизга ҳайвонларни эмламаганимиз учун ўлди, дейишаяпти. Аммо хитойликлар келгунича бундай ҳолат юз бермаган. Мен ишонаманки, бу сувдан заҳарланиш оқибатида содир бўлган. Ахир бу дарё Қирғизистондаги энг катта дарё - Норинга қуйилади, ундан эса бутун ҳудуд сув ичади», - дейди Мирлан.
Маҳаллий аҳоли дарҳол айбни ҳудуд яқинидаги йирик олтин конини қазиб олиш билан шуғулланадиган Хитойнинг Zhong Ji Mining компаниясига ағдарди. Буни аниқлаш учун Давлат техника инспекциясидан комиссия келди: мутахассислар таҳлиллар олиб, сабаби инфекция деган хулосага келди ва ҳайвонларнинг жасадларини кўмиб юборишни тавсия қилишди. Zhong Ji Mining маҳаллий аҳоли билан шусиз ҳам таранглашган муносабатни янада ёмонлаштирмаслик учунми, барибир товон пули тўлашга рози бўлди.
Аммо бу хитойликларни қутқармади: орадан бир неча хафта ўтиб, август ойининг бошида бир неча юзлаб маҳаллий кишилар ташкилот дарвозасига келиб компания ходимларидан ишни тўхтатишни талаб қилишди; жанжалдан кейин томонлар бир бирини тошбўрон қила бошлашди.
Бир неча ўнлаб кишилар, асосан, хитойликлар жабрланди.
Қарийб 200 ишчи жойини тарк этишга мажбур бўлди, уларнинг техникалари ишдан чиққанди. Zhong Ji Mining кон ишини номаълум муддатга тўхтатди.
Би-би-сининг Султон-Саридаги вазият ҳақида изоҳ бериш илтимосига компаниядагилар жавоб бермади.
Можаро нимадан бошланган, охиригача аниқ эмас: қирғизлар биринчи бўлиб хитойлар тош отди, дейди. Хитой элчихонаси маҳаллийларни компания ҳудудига ноқонуний бостириб кириш ва ходимларига ташланишда айблади. Ҳукумат эса бу ва бошқа низоларнихорижлик ишчилар ва маҳаллий аҳоли орасидаги таранг вазиятни юмшатиш учун ҳолатни «диққат билан суриштириш»ни ваъда қилди.
Хитой ишчилари ва қирғизистонлик аҳоли орасидаги бундай ҳодиса биринчи марта эмас: ўтган йилнинг сентябрида мамлакат жанубидаги Майдан қишлоғининг ғазабнок аҳолиси Хитой олтин қазиб чиқарувчи компанияси вакилларини юк машинасининг металл контейнерига қамаб қўйишган. Ўшанда хитойлик ишчиларни олтин конларини ноқонуний қазиб олишда айблашганди. Ўтган йилнинг апрель ойида Жалолобод вилоятидаги Казарман қишлоғи аҳолиси ўз ҳудудидаги экологик вазиятдан ҳавотирланиб, қирғиз-хитой қўшма корхонасига хужум қилган ва техникаларни ёқишган.
"Олтинларни ташиб кетишмоқда"
Норин туманидаги Султон-Сари кони атрофидаги қишлоқларда яшовчиларнинг хитойликларга қарши эътирозлари ўхшаш эди. Уларнинг бари экологиядан шикоят қилишмоқда: кон устида ишлаш натижасида кўтарилаётган тутун, кимёвий моддалар натижасида уларнинг болалари касалланишидан қўрқишмоқда.
Султон-Сари атрофида фақат чўпонлар яшайди, энг яқин қишлоқ 50 километр нарида жойлашган. Кенг ёзги кўчманчи жойни кўпинча самовий деб аташади, у денгиз сатҳидан 3500 метр баландликда, чўққилари қорли тоғларнинг бағрида жойлашган. Ҳар йили ёзда бир неча қишлоқлардан бу ерга отлар, қўйлар ва молларни ҳайдаб келтиришади.
Хитой компанияси келишидан ўн йиллар олдин улкан даштдаги қирғиз давлат компанияси томонидан ишлаб чиқилган кичик кон - ягона саноат объекти эди. Иш суст борарди ва 1990 йиллар охири 2000 йилларда бир неча йилга тўхтатилди.
Маҳаллий аҳолининг ишонишича, Zhong Ji Mining анча самарали ишлаган.Улар Султон-Сарига юқори вольтли электрузатгич линияларини қуришмоқчи эди, коннинг ўзига йўллар қуришди, Хитойдан юзлаб ишчилар олиб келишди.
Хитойликлар фаол фаолият билан конлар атрофидаги одатий турмуш тарзини нафақат билан бузишди, балки Zhong Ji Miningнинг кирими уларнинг баъзи даромадларидан маҳрум қилди. Гап шундаки, Султон-Сарининг олтин заҳиралари ер қатлами юзасига жуда яқин жойлашган, қўшни Эмгекчил қишлоғи халқи уларни ўзлари қўлбола усулда қазиб олишар ва қайта ишлашарди.
«Мен бутун умр олтин қазиб ишладим, - ҳикоя қилади 77-ёшли Асанқул Мамбетов. - Биз ҳаммасини қўлда бажарардик: қазирдик ҳам, ҳовучлаб қайта ишлардик ҳам. Агар расмийлар биз билан учрашиб, фаолиятимизни қонунийлаштиришганида ва қабул қилиш пунктларини очганларида, барча пуллар ва олтинлар Қирғизистонда қолар эди. Ҳозир эса хитойликлар давлатга фақат солиқ тўлашаяпти, шахтада хитойликлар ишлаяпти, барча техникалар Хитойники, олтинларни ташиб кетишаяпти, бунақа инвесторлардан мамлакатга ҳеч қандай фойда йўқ»
Мамбетовнинг сўзларига кўра, олтинни ноқонуний йўл билан қазиб олишдан ойига 150 доллар пул ишлаш мумкин бўлган. Бошқа иш йўқ бўлган ерда бу даромадли бизнес ҳисобланган. Хитойлик олтинқазувчилар келиши билан уларни ушлайдиган ва жарима соладиган бўлишган.
Қирғиз назоратчилари чиндан ҳам Zhong Ji Mining кони ишида бузилишларни аниқладилар. Уларни тузатишга ваъда беришди, аммо маҳаллий аҳоли бунга ишонмайди.
«Олтинлар ўз йўлига, майли, биз ҳеч бўлмаса фарзандларимиз учун еримизни қолдиришимиз керак-ку. Масалан менинг 10 нафар фарзандим бор, улар ҳам аллақачон болали бўлишган, - ғазабланади Мамбетов. - Бундай портлашлар билан хитойликлар конни ишга туширганидан кейин, бу ерда фақат катта кратер бўлади, ер ҳолати ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Улар бутун бошли тоғни қандай қилиб йиғиб тиклашади?»
"Худо хоҳласа, қарзни тўлаймиз"
Zhong Ji томонидан тўланган солиқлар туман инфратузилмасини ривожлантишга сарфланди. Маҳаллий ҳокимиятнинг таъкидлашича, компаниянинг 10 йиллик фаолияти давомидаги ажратмаларига суғориш канали қурилган, қишлоқларнинг бирида йўллар асфальтланган, қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олинган, мактаб ва болалар боқчалари таъмирланган.
Zhong Ji - Қирғизистонда расман ишлаётган деярли 400 та хитой корхоналарининг бири. Таққослаш учун: Россия корхоналари 300 тага яқин.
Хитой - мамлакатнинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири, таъкидлайди қирғиз ҳукумати. Хитойга қарши норозилик намойишлари Бишкек учун ниҳоятда ноқулай, чунки беқарор сиёсий вазиятда Хитой сармоясига эҳтиёжи бор.
«Географик жиҳатдан, Хитой Қирғизистондан экспорт ва товарайирбошлаш учун улкан истиқболларга эга, стратегик жиҳатдан - у кучли иқтисодий шерикдир» - дейди Би-би-сига Иқтисодиёт вазирлигининг ташқи алоқалар ва донорлик ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Бакит Сидиков.
Қирғизистонга киритилган тўғридан тўғри сармояларнинг қарийб 40% и Хитой ҳиссасига тўғри келади. Икки мамлакат орасидаги савдо айланмаси беш йил ичида икки баробарга ўсди. Сўнгги тўрт йил давомида томонлар Бишкекка 2,2 млрд юан (300 млн доллардан зиёд) беғараз ёрдам олиш тўғрисидаги келишувни имзоладилар.
Ушбу донорлик ёрдами йирик шаҳарларда йўллар қуриш ва Бишкекнинг чекка туманларини ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилади, ваъда қилмоқда расмийлар.
Хўш, унда нега на Пекин, на Бишкек бундай фойдали шерикликни қирғизистонликларга «сота» олишни уддасидан чиқмаяптилар?
Сабаблардан бири - қирғиз ҳукумати олиб бораётган сиёсатда шаффофликнинг йўқлиги. «Хусусан, Норин вилоятидаги Султон-Сари воқеалари сабаби аҳоли Хитой билан ҳамкорлик тўғрисида ишончли маълумотга эга бўлмаганидан алоқа узилишининг катта муаммосини очиб берди, - деди сиёсатшунос Наргиза Мурталиева. - Ҳукумат [қўшма] лойиҳалар ва Хитой билан ҳамкорлик режалари тўғрисида хабардорликни оширишда нисбатан самарасиз ишлаяпти»
Бошқа сабаб - иқтисодий ҳамкорлик кенгайишининг тескари томони: давлат қарзининг ўсиши. Қирғизистон ташқи қарзининг 45 фоизини Хитой ташкил этади, ўтган йили мамлакат Пекиннинг «молиявий тобе» давлатлари рўйхатига киритилган. «Аслида, қоидалар шундан иборатки, йирик қарз берувчи шарт қўяди», -Wall Street Journal газетасида изоҳ берди маъруза муаллифларидан бири Скотт Моррис. Хитойга қарши фаоллар айнан шундан қўрқишмоқда.
Турли йилларда турли қирғиз ҳукумати инфратузилмани ривожлантириш учун Хитойдан қарз олган - асосан йўллар қурилиши ва иссиқлик электр марказлари таъмири учун. Экспертларнинг таъкидлашича, қарзлар имтиёли шартлар асосида берилган.
«Хитой кредитлари бир хил схемада расмийлаштирилади, кўпинча банкнинг пудратчиси - Хитой компанияси, у лойиҳани ускуналар ва ишчи кучи билан таъминлайди. Шу тариқа кредит пуллари, моҳиятан Хитойда қолади», - таъкидлайди тадқиқотчи ваМарказий Осиёда Хитой лойиҳаларининг таъсири ҳақидаги китобнинг ҳаммуаллифи Кемель Токтомушев.
Қирғизистон ҳукуматининг Хитой олдидаги қарзини тўлаш бўйича аник бир режаси йўқ. Бу борада саволларга жавоб бераркан, амалдорлар умумий гаплар билан чекланиб қолишмоқда.
Аксарият қирғизлар Хитой қарзи учун давлат чегара ерлар бадалига тўлашга мажбур бўлишидан қўрқишади. Шунга ўхшаш воқеа қўшни Тожикистонда бўлганди . Уларнинг қўрқуви тарихга асосланган: 1999 йилда Пекин билан кўп ҳам очиқланмаган келишув натижасида Қирғизистон чегара ҳудудларининг бир қисмини Хитойга топширган.
Аммо ҳукумат қарзни ер билан тўламасликларини айтиб ишонтиришга уринмоқда. "Қарзни бўлса, Худо хоҳласа, тўлаймиз", - октябрь охирида муаммони шундай изоҳлаган вице-премьер Кубатбек Боронов.
Бир йўлнинг қисми
Қирғизстон - Пекиннинг «Бир камар - бир йўл» номи билан бирлаштирилган улкан лойиҳаларининг муҳим элементидир. Хусусан, у орқали Хитойни Европа билан боғлайдиган кенг транспорт тармоғи бўлган «Янги ипак йўли» ўтиши керак.
Ва бу ташаббус денгизга чиқишга имкониятсиз, бой бўлмаган Қирғизистон учун аниқ афзалликларга эга бўлса-да, кўплаб экспертлар Хитой билан қўшма лойиҳани "оқ филлар" яъни, фойдадан кўра, кўпроқ муаммолар олиб келувчи деб аташмоқда.
«Қирғизистон даромад келтирмайдиган ва тўлаш қийин бўлган лойиҳаларга пул олди. Асосан, булар - йўллар. Йўллар эса фақат солиқлар ҳисобига ва узоқ вақт давомида тўланиши мумкин», - деди Марказий Осиё университети Давлат бошқаруви ва сиёсати институти директор ўринбосари, иқтисодчи Роман Могилевский.
Ривожланиш стратегияларининг йўқлиги, ношаффофлик ва коррупциянинг юқори белгилари қирғиз-хитой қўшма лойиҳаларининг умумий ҳусусиятига айланди.ю дейди таҳлилчилар. Айниқса, иссиқлик электр станцияларини кредит маблағларида модернизация қилиниши билан боғлиқ жиноий иш қўзғатилганидан кейин қирғиз халқининг ишончи сўнди. Айбланувчилар, шу жумладан собиқ президент, икки собиқ бош вазир ва бошқа бир қатор юқори лавозимли амалдорлар давлатга 111 млн доллар зарар етказганликда айбланмоқда.
«Ҳукуматда ушбу лойиҳаларни на стратегик кўринишга эга, на аниқ ҳисоб-китобларга асосланган режаси йўқ. Аксарият ҳолларда улар қисқа муддатли сиёсий манфаатларга асосланади, - дейди сиёсатшунос ва ҳудудлараро ҳавфсизлик масалалари бўйича эксперт Чынара Эсенгул. - Шунга кўра, ушбу лойиҳаларнинг мақсади ва самараси ҳақида ҳатто жамоатчиликка тушунтириб ҳам бўлмайди. Буларнинг барчаси, албатт, маҳаллий аҳоли орасида ҳам, хитойлик сармоядорлар орасида ҳам ишонч уйғотмайди».
Хитой Россия қилгани сингари қарздан кечиши мумкинлигига кўпчилик шубҳа қилади. Шунга кўра, расмий маълумотларда келтирилишича, ҳар беш фуқаросидан бири қашшоқлиқ ёқасида яшайдиган Қирғизистон камарларини маҳкам боғлашига тўғри келади.
«Тажрибага кўра, Хитой қарзни фақат расмийлар жиддий сиёсий имтиёзларга йўл берган мамлакатларга бекор қилди. Юқоридагиларга кўра, қирғиз ҳукумати бундай режаларга эга эмас. Бундай ҳолда ташқи қарзни қоплаш учун бюджет моддаси икки баробар кўпаяди. Демак, қайсидир бир бошқа ҳаражатларни қисқартиришга тўғри келади», - ҳисоблайди Могилевский.
Иқтисодий тадқиқотлар миллий бюросида эълон қилинган «Хитойнинг чет давлатларга кредит бериши» "номли маърузада таъкидланишича, Хитой бу кредитларни молиявий даромад учун тақдим қилмайди - у хомашё ва геосиёсий таъсирга киришдан манфаатдор.
«Хитойдан капитални экспорт қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар шаффоф эмас, - дейилади маърузада. - Хитой томонидан тақдим этилган кредитлар ҳажми ва ташқи қарзлар оқими тўғрисида тўлиқ стандартлаштирилган маълумотлар йўқ. Хитойнинг чет элга кредит бериш тўғрисидаги маълумотлар шунчаки кўзга ташланмайди. Натижада, қарздор давлатларнинг ўзлари Хитойдан қанча қарз ва қандай шартлар билан олганликлари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмаслар»
"Энди Хитойдан қочиб қутила олмаймиз"
Қирғизистон пойтахтида бир неча бор Хитойга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бишкек кўчаларига чиққан бир неча юзлаб кишилар хитой кредитлари нимага мўлжалланганини текшириш, чет элликларга қирғиз фуқаролигини бериш масаласига мораторий жорий қилиш, шунингдек ноқонуний хитойликларни кузатиб бориш ва мамлакатдан чиқариб юборишни талаб қилдилар.
Намойишчилар уларни ўсиб бораётган «хитой экспансияси» ва мусулмонларнинг қисувга олиниши ҳавотирга солаётганини айтишди. Улар орасида Қирғизистон билан чегарадош Хитойдаги Шинжон-Уйғур автоном вилоятида этник қирғизлар борлиги таъкидланди.
Январдаги норозилик намойишида 20 дан ортиқ киши қўлга олинди ва жамоатчилик тартибини бузганлиги учун жаримага тортилди.
Тадқиқотчилар маданиятдаги синофобиянинг сабабларини ҳам қайд этдилар. «Ҳаттоки ўз даврида қирғизларнинг асосий фалсафаси бўлган Манас достонида ҳам қаҳрамон хитойларга қарши курашмоқда. Замонавий ёшлар достонни ўқимаган бўлсалар ҳам, бу уларнинг онг тубида ётибди», - дейди Чынара Эсенгул.
Бироқ замонавий Қирғизистон ҳаёти ва иқтисодиётида Хитой таъсирини сезмаслик мушкул. Масалан, Бишкекдаги янги бизнес-марказ деворларида хитой тили курсларининг рекламаси осилган. Баннерларда исталган иштиёқмандга тўрт ой ичида тил ўргатишлари, бунинг уддасидан чиқолмаган ҳолда, ўқувчини бир йилга Хитойга юборишларини ваъда қилишган. Мамлакат бўйича бу каби марказлар 20 дан ошиқ, баъзилари олти йилдан бери ўқувчиларни қабул қилади.
Ҳозирда Хитойда тахминан 4000 дан ортиқ талабалар шқимоқда. Бор-йўғи 12 йил олдин хитой тилини ўрганиш экзотика саналарди, хотирлайди хитой корхонасида таржимон бўлиб ишловчи Каниет Осмонкулов. У Бишкек университети қирғиз-хитой факультетининг илк талабаларидан бири бўлган.
У ерда ўқишига оилавий можаро туртки бўлган: Каниетнинг опаси ота-онасининг қаршилигига қарамай, хитойликка турмушга чиққан. Бу оила учун зарба эди - бўша пайтлар Бишкекда хитойликлар жуда оз, бори ҳам майда савдогарлар эди.
«Менинг яқинларим Хитой ва хитойликлар ҳақида ҳеч нима билишмасди, - ҳикоя қилади Каниет. - Хитой уларга қашшоқ ва қўрқинчли қўшни бўлиб туюларди. Мен куёвни қизиқтирган ягона одам эдим»
Ҳозир хитойликлар Қирғизистондаги хорижлик ишчилар орасида сони жиҳатидан етакчи ўринни эгаллаган. Шу билан бирга, маҳаллий аҳолининг қўрқувига қарамай, кўпчилик бу ерга мослашмайди ва эртами-кечми уйига қайтади.
Қолишга қарор қилганлардан бири- Е Че Цынь - ошпаз ва ресторатор. У Бишкекда қарийб 20 йилдан буён оиласи билан яшайди. Унинг сўзларига кўра, Е Че Цынь хитойликларга қарши кайфиятни умуман ҳис қилмайди.
«Мен Қирғизистонга келганимда хитойликлар кам эди. Бозорларда менга милиция таҳдид қиларди, савдогарлар эҳтиёткор муносабатда бўлишарди. Ҳозир эса улар (хитойлар) кўп, табиийки, мижозларимиз ҳам ортди, бизнес кетаяпти», - дейди Е Че Цынь.
Оқибатда Каниетнинг хитойлик қариндоши кўплаб қирғизлар билан дўстлашди, ҳозирда у Бишкекда ўз уйи ва бизнесига эга. Рус ва қирғиз тилларини, тўғриси, ҳалигача ўргангани йўқ.
Каниетга бўлса, хитой тилини билиши асқотди - у учинчи курсда Хитойгауч йилга ишлагани кетди, официантликдан меҳмонхона иш юритувчисигача бўлган йўлни босиб ўтди. Қирғизистонга қайтгач, Бишкекда хитойликлар қанчалик кўпайиб кетганидан ҳайратга тушди.
«2010 йилдан кейин хитойликлар бизнеси ҳамма жойда пайдо бўлди: кафе, дўконлар ва хатто фермалар. Мен таржимон бўлиб пул ишлардим, менга нафақат ўртамиёна сармоядорлар, балки майда бизнес эгалари - масалан ер сотиб олиб, иссиқхонада сабзавот етиштирган, паррандачилик фермасини очган оилалар ҳам мурожаат қиларди, - дейди Каниет. - Менинг назаримда, биз энди Хитойдан ўзимизни ёпиб ола олмаймиз»
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek