You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Кетма-кет туғилган бешинчи қизингизни ўғил болага алмаштирармидингиз?
Афғонистонлик оилада бешинчи қиз бўлиб дунёга келган Наргис Таракининг ота-онасига уни қишлоқдаги бошқа ўғил чақалоққа алмаштириб келиш ҳақида айтишган.
Ҳозирда 21 ёшни қаршилаган Наргис ота-онаси ўз қизини алмаштирмай, тўғри қарор олганини исботлашни ҳаётий мақсадига айлантирган.
Наргис бугунги кунда ўз мамлакатида аёллар таълими ва қадрини ошириш йўлида ҳаракат қилмоқда. Шу йили Би-би-си 100 Women дастури доирасида уни дунёга катта таъсир кўрсатган юз аёлнинг бири сифатида эътироф этди.
Қуйида Наргиснинг ҳикоясига қулоқ тутишингиз мумкин.
1997 йилда ота-онамнинг бешинчи фарзанди - бешинчи қизи сифатида илк бор ёруғ дунёни кўрдим.
Аммам ва бошқа қариндошлар шу заҳоти отамнинг иккинчи хотин олишига рози бўлиши учун онамга зуғум қила бошладилар.
Афғонистонда иккинчи ёки, ҳатто, учинчи хотин олиш ноодатий ҳол эмас. Одамлар, кўпинча, янги хотин ўғил фарзанд туғиб беришига ишонадилар.
Онам бу талабларни рад этгандан сўнг қариндошлар отамни мени ўғил чақалоққа алмаштириб келишга ундай бошлайдилар. Улар, ҳатто, қишлоқда бундай таклифга розилик билдирган оилани ҳам излаб топадилар.
Гўдакларни алмаштириш бизнинг миллий ўзлигимизга хос эмас. Шу пайтга қадар бундай воқеани эшитмаганман. Ўғил фарзанд, одатга кўра, оиланинг бўлажак боқувчисига айланиши сабабли афғон жамиятида жуда қадрланади.
Атрофдаги одамлар онамга ўғил фарзандли бўлмаса, ҳаёти қандай аянчли кечишини «башорат» қилиб, атайин унинг руҳини синдиришга уринар эдилар.
Онам мендан воз кечишни умуман истамайди, катта ёшли яқинлар эса отамни бунга қўл уришга кўндиришдан чарчамайди.
Аммо отамнинг дунёқараши жамиятдаги одамларникидан умуман ўзгача эди. У мени яхши кўришини таъкидлаб, ҳали қизим ўғил бола қилиши мумкин барча нарсага эриша олади, дея жавоб қайтаради.
Ўша вақтлар отам учун роса қийин давр эди. У собиқ ҳарбий бўлиб, советлар дастаклаган афғон режимида хизмат қилган ва биз яшайдиган ҳудуд мутаассиб диндорлар бошқарувига ўта бошлаган эди.
Шу туфайли маҳаллий одамлар отамдан нафратланар, уни ўзларига яқинлаштирмасликка интилар эди.
Отам эса менинг келажагимга ишонарди ва мен ҳақимда айтган сўзларида доим собит туриб келди. Ўғил бўлмаганим учун одамлар мендан воз кечиш лозимлигини таъкидлаган бўлса, бундай босимларга чидаш берган эркак - отам менинг феъл-атворимга катта ижобий таъсир ўтказди.
Уйдан қочиш
Толибон бизнинг туманни эгаллаб олгандан сўнг ҳаммаси чаппасига кетди. 1998 йилда отам Покистонга қочиб ўтди, бироздан сўнг ортидан биз ҳам етиб бордик.
Покистонда кун кечириш оиламиз учун осон кечмади, аммо отам поябзал фабрикасига менежер сифатида ишга жойлашишга муваффақ бўлди.
Эҳтимол, Покистонда оиламизга энг катта қувонч олиб келган воқеа - бу ота-онам синглимнинг ортидан, ниҳоят, ўғил фарзанд кўргани бўлса керак.
Толибон режими ағдарилгандан сўнг биз 2001 йилда Кобулга қайтдик. Шахсий уйимиз йўқ эди, амакиларим билан бирга яшардик.
Жамиятда мутаассиблик даражаси юқорилигига қарамай, синглим билан мактабга қатнай бошладик.
Мактабни битириб, мен Кобул Университетида давлат сиёсати ва бошқаруви сирларини ўргана бошладим ва икки йил муқаддам олийгоҳни ўша йилдаги энг аъло баҳолар билан тамомладим. Ўтган бу йиллар ичида отам мени қўллаб-қувватлашдан тўхтамади.
Бундан икки йил олдин мен синглим билан Кобулдаги крикет ўйинини томоша қилишга бордим. Стадионда деярли аёл йўқ эди ва иккаламизнинг у ерда олинган суратларимиз ва видеоларимиз ижтимоий тармоқларда тарқаб кетди.
Одамлар қолдирилган изоҳларда бизни номуссизликда айблаб, бир стадион эркак ичида ўтиришга «уялмаганимиз»ни танқидга тутар эдилар.
Бошқалар, ҳатто, бизнинг зинони тарғиб қилишга уринганимиз ва америкаликлар томонидан сотиб олинганимизни ҳам тахмин қилишни унутмадилар.
Отам Facebook'да айланиб юрган баъзи изоҳларни ўқиб кўргандан сўнг менга тикилди ва шундай деди: "Она қизим, тўғри иш қилгансан. Баъзи аҳмоқларнинг асабига текканингдан хурсандман. Ҳаёт қисқа. Ундан имкон қадар баҳра олиб қол."
Отам шу йилнинг бошида саратондан вафот этди. Дастаги мени бугунги даражага олиб келган энг азиз инсонимни йўқотдим ва у доим мен билан бўлишига ишонаман.
Уч йил аввал Ғазнидаги она қишлоғимда қизлар мактабини очишга уриниб кўрган эдим. Бу ҳақида отамга маслаҳат солганимда, у маҳаллий дунёқараш туфайли бу ишни амалга оширишнинг деярли имкони йўқлиги, хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлигидан ўқиш ўғил болаларга ҳам қийинлигини менга эслатганди. Отам балки очмоқчи бўлган мактабингга бирор диний мадраса номи берилса, шундагина одамларнинг қаршилиги бўлмас, деган фикрни ўртага ташлаган эди.
Пировардида, қишлоғимдаги вазият хавфлилигидан мен у ерга бора олмадим. Синглим ва мен бир кун келиб, бу мақсадни амалга оширишга қатъий аҳд қилганмиз.
Бир неча йиллардан буён мен Афғонистонда фаолият юритаётган нодавлат ташкилотлар билан кўнгилли сифатида ишлаб келаман. Асосий эътиборим аёллар таълими, соғлиги ва қадрини оширишга қаратилган.
Шунингдек, бир қанча музокараларда қизларнинг таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқини кўтариб чиққанман.
Мен доим Оксфорд Университетида таҳсил олишни орзу қилганман. Ҳар сафар халқаро университетлар рейтингини текширганимда, Оксфорд фақат биринчи ёки иккинчи ўринда турган бўлади. Ушбу олийгоҳни ўзим ўқиган Кобул Университетига солиштириб кўраман ва кўнглим бироз хиралашади - бироқ бу мен у ерда ўқиганимдан ношукрлик қилаётганимни англатмайди.
Бўш вақтларимда китоб ўқишни севаман - ҳафтасига икки-учта китобни тугатаман. Паоло Коэло менинг севимли ёзувчим.
'Ҳеч қандай муроса қилмайманʼ
Турмушга чиқиш масаласига келсак, мен кимга тегишни ўзим ҳал қилишим ва оилам бунга қаршилик билдирмаслигини истайман.
Агар бўлажак турмуш ўртоғим отам каби бўлса, унга ўхшаб мени қўллаб-қувватласа ва танлов имкониятимга қарши чиқмаса, соз бўлар эди. Бутун умримни отам каби инсон билан ўтказишни жуда хоҳлайман.
Оила ҳам муҳим, албатта - баъзида улар сен учун энг яхши номзодни топиши мумкин, лекин бир умр ўзинг танламаган одам ва унинг оиласига кўниколмай, қийналиб ўтасан.
Оилам ҳаётда танлаган йўлимни дастаклаши керак. Агар улар бунга норозилик билдиргудек бўлса, у ҳолда мен яқинларим фикрини ўзгартиришга интиламан. Ҳаётда эришмоқчи бўлганларимга чин дилдан ишонаман ва бу йўлда ҳеч ким билан муроса қилмайман.