Россия молиялаштирган сохта янгиликлар тармоғи Европадаги сайловларга қандай таъсир ўтказмоқчи – Би-би-си суриштируви. Видео

Узун жигарранг сочли аёл (Алина Жук) атрофини ўраб олган гуруҳга жилмайиб қарайди — улар катта стол атрофида ўтиришган, фонда иккита байроқ кўриниб турибди, улардан бири қизил, сариқ ва кўк рангли Молдова байроғи.
Сурат тагсўзи, Бизнинг махфий тасвирга олишимиз орқали фош этилган тармоқ мувофиқлаштирувчиси Алина Жук (чапда) дезинформация кампанияси бўйича кўрсатмаларни тингламоқда
    • Author, Oana Marocico
    • Author, Seamus Mirodan
    • Role, BBC Eye Investigations ( Журналистик суриштирув бўлими)
    • Author, Rowan Ings
    • Role, BBC Global Disinformation Unit (Глобал Дезинформацияга қарши кураш бўлими)
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Би-би-си Молдовада бўлиб ўтадиган демократик сайловларга халал беришга уринаётган Россия молиялаштирадиган махфий тармоқни аниқлади.

Мазкур тармоқ иштирокчиларга Молдованинг 28 сентябрдаги парламент сайловларида Европа Иттифоқи тарафдори бўлган ҳукмрон партияга қарши россияпараст тарғибот ва сохта хабарларни тарқатиши эвазига ҳақ тўлашга ваъда берганини яширин мухбир ёрдамида аниқладик.

Иштирокчиларга Молдованинг россияпараст мухолифати тарафдорларини топиш, овозларини яширинча ёзиб олиш ва сохта сўровнома ўтказиш учун пул тўланган. Бу мавжуд бўлмаган ташкилот номидан қилингани сабабли ноқонуний ҳисобланади. Тармоқ ташкилотчиси таъкидлашича, ушбу танланма респондентлар жавоблари сайлов натижаларини шубҳа остига олиш учун асос бўлиши мумкин.

Ҳукмрон партия мағлубиятини башорат қилган сохта сўровнома натижалари аллақачон интернетда эълон қилинган.

Аслида, расмий сўровларга кўра, президент Майя Санду асос солган ҳукмрон Ҳаракат ва бирдамлик партияси ҳозирда россияпараст Ватанпарвар сайлов блокидан олдинда турибди.

Биз махфий тармоқ ва Москвада қочқин бўлган молдовалик олигарх Илан Шор ўртасидаги алоқаларни аниқладик. Шор "Кремлнинг зарарли таъсир операциялари" сабабли АҚШ санкциясига тушган. Кейин Буюк Британия ҳам уни коррупция сабабли санкциялаган.

Шунингдек, биз тармоқ ва "Евразия" деб номланган нотижорий ташкилот (ННТ) ўртасидаги алоқаларни топдик.

"Евразия" ҳам Шор билан боғлиқ бўлиб, ўтган йили Молдова фуқароларига Европа Иттифоқига аъзо бўлишга қарши овоз бериши учун пора берганликда айбланган ва Буюк Британия, АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи санкцияларига учраган. Иттифоққа қўшилиш референдуми ўтган, аммо жуда оз фарқ билан.

"2024 йилда Илан Шорнинг кампанияси диққат марказида пул турган эди. Бу йил асосий эътибор дезинформацияга қаратилган," деди Молдова полицияси бошлиғи Виорел Чернаутяну Би-би-си Жаҳон хизматига.

Биз Илан Шор ва "Евразия"дан суриштирув натижаларига жавоб беришни сўрадик, аммо улар жавоб беришмади.

Алоқадор мавзулар:

Молдова кичик давлат бўлса-да, Украина ва Европа Иттифоқига аъзо Руминия ўртасида жойлашгани учун ҳам Европа, ҳам Кремл учун стратегик аҳамиятга эга, дейди экспертлар.

Жаҳон хизмати Telegram мессенжерида мувофиқлаштириладиган мазкур тармоққа бизга маълумот сиздирган одам берган линк орқали кирди.

Бу бизга антидемократик тарғибот тармоғи қандай ишлаши ҳақида муҳим маълумот беради.

Бизнинг яширин мухбиримиз Ана ва яна 34 нафар ёлланма шахсдан "оператив ходимларни тайёрлайдиган" махфий онлайн семинарларда қатнашиш сўралган. "Ошхонангиздан чиқиб миллий етакчига қандай айланиш мумкин?" каби сарлавҳалар билан ўтказилган бу семинарлар ёлланмаларни текшириш вазифасини бажараётгандек кўринарди. Ана ва бошқалар ўрганганлари бўйича мунтазам синовлардан ўтиши керак эди.

Шундан сўнг мухбиримиз билан Алина Жук исмли тармоқ мувофиқлаштирувчиси боғланди. Жук хонимнинг ижтимоий тармоқдаги профилида унинг Днестрбўйидан, яъни Молдованинг Москвага содиқ бўлган айирмачи ҳудудидан экани айтилган. Унинг Instagram саҳифасида сўнгги бир неча йил ичида Россияга бир неча марта борганини кўриш мумкин.

Жук хоним Анага сайлов арафасида TikTok ва Facebook'да постлар тайёрлаши учун ойига 3 минг молдаван лейи (170 доллар) тўланишини, пулни Россия мудофаа вазирлигининг расмий банки вазифасини бажарувчи, санкцияга учраган Россия давлат банки – "Промсвязбанк"дан (ПСБ) олишини айтди. Ушбу банк Илан Шорнинг компанияларидан бирида ҳиссадор ҳам ҳисобланади.

Ана ва бошқа ёлланма ходимлар ChatGPT ёрдамида ижтимоий тармоқларда постлар тайёрлашга ўргатилди. Уларга "расмда реалликка нисбатан сатира унсурлари бўлса, контент одамларни ўзига жалб" қилиши, аммо постлар "табиий" кўриниши учун сунъий интеллектдан ҳаддан ташқари фойдаланиб юбормаслик кераклиги таъкидланди.

Би-би-си ва Ана Telegram гуруҳида иштирокчиларга берилган аввалги кўрсатмаларни кўра оларди. Дастлаб, улардан Молдова тарихидаги шахслар ҳақида ватанпарварлик руҳидаги постлар сўралган, аммо аста-секин талаблар очиқ сиёсий тус олган.

Анадан асоссиз даъволарни, жумладан, Молдованинг амалдаги ҳукумати сайлов натижаларини сохталаштиришни режалаштираётгани, Молдованинг Европа Иттифоқига эҳтимолий аъзо бўлиши унинг фуқаролари ЛГБТҚ+ бўлишига боғлиқлиги, президент Санду болалар савдосига кўмаклашаётгани ҳақидаги маълумотларни жойлаштиришни сўрашди.

Тармоқ томонидан тарқатилган дезинформация яратиш бўйича кўрсатмаларга мисол: унда иштирокчиларга асосланмаган ибораларни тарқатиш буюрилади, масалан: "[Президент] Санду режими болаларни тирик валюта сифатида ишлатади" ёки "СандуПАС [ҳукмрон партияга ишора] одам савдосига алоқадор.
Сурат тагсўзи, Тармоқ томонидан тарқатилган дезинформация яратиш бўйича кўрсатмаларга мисол: унда иштирокчиларга асосланмаган ибораларни тарқатиш буюрилади, масалан: "[Президент] Санду режими болаларни тирик валюта сифатида ишлатади" ёки "СандуПАС [ҳукмрон партияга ишора] одам савдосига алоқадор.

Ижтимоий тармоқлардаги кампаниялар ҳозирда миллий сайловларда марказий ўринга чиқиб қолган. Биз ижтимоий тармоқларда Молдованинг ҳукмрон партияси – Ҳаракат ва бирдамлик партиясини қўллаб-қувватловчи постларни кузатиб бордик, аммо аниқ дезинформация кампаниясини аниқламадик.

Тармоқ билан яширин ишлаш давомида биз фақат ҳақиқатга тўғри келадиган постларнигина улашдик, уларнинг ҳам сонини чеклаган ҳолатда.

Тармоқда яна кимлар борлигини аниқлашни хоҳладик. Бу тармоқ биз қўшилиб қолган гуруҳга ўхшаш бир нечта гуруҳлардан ташкил топгани ҳақида далилларимиз бор эди. Telegram орқали кузатишимиз мумкин бўлган бошқа ҳисоблардаги шу каби гуруҳларни изладик.

Хулосамизга кўра, тармоқ камида 90 та TikTok ҳисобидан иборат. Баъзилари ўзини янгиликлар нашридек кўрсатиб ниқоблайди. Улар январь ойидан бери 23 миллиондан ортиқ марта кўрилган ва 860 000 та "лайк" олган минглаб видеоларни жойлаштирган. Молдова аҳолиси эса атиги 2,4 миллион кишини ташкил этади.

Биз ўз топилмаларимизни АҚШдаги Рақамли Суд-Экспертиза Тадқиқот Лабораториясига (DFRLab) бердик ва улар ўз таҳлилига асосланиб, тармоқ янада каттароқ бўлиши мумкинлигини айтишди. DFRLab аниқлашича, бутун тармоқ январь ойидан бери TikTok'да 55 миллиондан ортиқ кўрилган ва 2,2 миллиондан ортиқ "лайк" олган.

Молдова президенти Мая Санду (марказда) 2024 йил 3 ноябрь куни Кишинёвдаги сайлов участкасида президентлик сайлови учун овоз берганидан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилмоқда. Мая Сандунинг сочлари жигарранг ва калта (боб услубида), у замонавий кулранг ўрама пальто кийган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Президент Майя Сандунинг айтишича, унга қилинган ҳужум Европа Иттифоқига қилинган ҳужумдир

Тармоқ фақат дезинформацияни тарқатиш билан чекланмаган. Жук хоним Анага Молдова пойтахтидаги одамлардан сайловда ўзлари афзал кўрган номзодлар ҳақида сўраб, норасмий сўровнома ўтказиши учун соатига 200 молдаван лейи (12 доллар) пул таклиф қилди.

Бу вазифани бажаришдан олдин иштирокчиларга сўровда қатнашганларни қандай қилиб йўналтириш бўйича тренинглар ўтказилди.

Шунингдек, улардан россияпараст мухолифатни қўллаб-қувватлашини айтган суҳбатдошлар овозини яширинча ёзиб олишни сўрашди.

Жук хонимнинг таъкидлашича, бу "сайлов сохталаштирилиши олдини олиш" учун бўлиб, сўров натижалари ва махфий ёзувлар, агар ҳукмрон партия ғалаба қозонса, унинг адолатсиз ғалаба қозонгани далили сифатида ишлатилиши мумкин эди.

Биз тўплаган далиллар яна шуни кўрсатадики, мухбиримиз қўшилган тармоқ Россиядан молиялаштирилган. Ана Алина Жукни телефонда Москвадан пул сўраётганини эшитиб қолди ва видеога олди.

"Москвадан пул олиб кела оласанми... Одамларимга ойлик беришим керак," деган гапларини тасвирга олдик.

Унга пулни ким юбориши аниқ эмас эди, аммо биз тармоқ ва Илан Шор ўртасидаги алоқаларни "Евразия" нодавлат ташкилоти орқали аниқладик.

Молдованинг парламентга номзоди Илан Шор — тадбиркор, ўз номидаги партия етакчиси ва Орхей шаҳрининг ҳокими — 2019 йил 15 февраль куни Комрат шаҳрида ўтказилган сайловолди тадбирида тарафдорлари билан учрашмоқда. У қора костюм ва қизил галстук кийган, сайлов кампанияси давомида ким биландир қўл бериб кўришмоқда. Орқа фонда рўмол ўраган бир нечта кекса аёллар кўриниб турибди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тармоқ молдовалик олигарх Илан Шор билан боғланган, у 2019 йилда бу ерда сайловолди ташвиқотини олиб борган ва ҳозирда Москвада қочоқ.

Илан Шор ва Евразия бизнинг суриштирув натижаларимизга жавоб бермади.

Би-би-си «Евразия» веб-сайтида Алина Жукнинг суратларини ва Ана қўшилган Telegram гуруҳларидан бири "Евразия етакчилари" номини топди.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлашича, «Евразия» "Молдовада коррупцион қочоқ олигарх Илан Шор номидан... Молдова демократиясини беқарорлаштириш учун" ишлайди.

Биз Алина Жукдан топилмаларимиз ҳақида изоҳ сўрадик – у жавоб бермади.

TikTok сайловлар олдидан қўшимча хавфсизлик чораларини кўрганини ва "алдамчи хатти-ҳаракатларга қарши кескин курашишда" давом этаётганини маълум қилди. Facebook эгаси Meta эса хулосаларимизга жавоб бермади.

Россиянинг Буюк Британиядаги элчихонаси сохта хабарлар ва сайловларга аралашишга алоқадорлигини рад этиб, Молдовадаги сайловларга айнан Европа Иттифоқи аралашганини даъво қилди.