You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон учун рус тили ўзбек тилидан муҳимми?
21 ноябр куни Қозоғистон парламенти юқори палатаси рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш ғоясини маъқуллагани ҳақидаги хабарни ўқиган ўзбекистонликлар Ўзбекистон парламенти аллақачон бундай қонунни маъқуллаб бўлиб ҳатто президент имзолашга улгурганидан хабардор бўлдилар.
Кузатувчиларга кўра, Украина уруши бугунги Россия раҳбариятининг империалистик кайфиятда эканини, нафақат Украина билан чекланиб қолиш, балки Чор Россияси, СССР ҳудудидаги империяларини қайта тикламоқчилигини аниқ-тиниқ кўрсатди.
Буни нафақат Ғарб, балки бугун Россиянинг ўзидан бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган эркин фикрли россияликларнинг ўзлари ҳам эътироф этмоқдалар.
"Шундай бир шароитда босқинчи Россия халқаро нуфузини кўтариш мақсадига хизмат қиладиган халқаро ташкилот Ўзбекистоннинг манфаатларига қанчалар тўғри келади", деган савол Ўзбекистон парламентида кўтарилдими?
Бу саволга на Сенат, на Қонунчилик Палатаси, на депутатлардан жавоб бўлгани йўқ.
Маҳаллий нашрлар ими-жимида "юқоридан тезда босиш" буйруғи берилган қисқа хабарни тарқатдилар.
Ундан англашилишича, аллақачон Қонунчилик Палатаси кўриб чиққан, Сенат маъқуллаган қонунни Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябр куни имзолаган.
Бу қонун "Рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартномани (Бишкек, 2023 йил 13 октябрь) ратификация қилиш ҳақида" деб номланади.
МДҲда мақоми ҳукуматлараро бирлашма бўлган Рус тили бўйича халқаро ташкилот тузишга келишилган.
Ташкилотнинг мақсад ва вазифалари қаторига рус тилида сифатли таълимни қўллаб-қувватлаш, "Рус тили ва адабиёти", "Рус тили чет тили сифатида" деб номланган йўналишлар бўйича педагог ва илмий кадрлар тайёрлашга кўмаклашиш, шунингдек, ушбу соҳадаги мутахассислар захирасини шакллантириш кириши хабар қилинган.
Бундан ташқари, ташкилот давлатлараро мулоқот тили сифатида рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш масалаларида МДҲ мамлакатларининг ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлигини мустаҳкамлаш билан шуғулланади.
Ушбу янгилик бундан бир ой олдин - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани ҳақидаги қонун қабул қилинганига 35 йил тўлгани кунида Ўзбек тилининг Ўзбекистондаги мавқеси борасида хавотирлар билдирилган вақтда тарқади.
Бу йил ҳам ўзбекистонлик фаоллар мамлакатда маҳаллий кичик бизнеслардан тортиб ҳукумат даражасига қадар Ўзбек тили ҳурмат қилинмаётгани, давлат тили мақомига эга бўлмаган рус тилининг мавқеъи шиддат билан кучайиб бораётгани ҳақида ёздилар.
"Диққат Би-би-си" таҳлилий дастуримизда биз ушбу мавзуни муҳокама қилдик.
Телеграм каналимиз: