Ўзбекистон: Қамоқхонада яна бир маҳкум вафот этди. У Қорақалпоғистонда таниқли блогер бўлган

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Бош прокуратура Тошкент вилоятидаги қамоқхонада маҳкум Мустафа Турсинбаев девор босиб қолиши оқибатида вафот этганини маълум қилган. 2024 йил мартида қамалгани айтилган Турсинбаев Қорақалпоғистондаги энг таниқли видеоблогерлардан бири бўлган.

Расмий маълумотга кўра, YouTubeʼда 153 мингдан зиёд обуначига эга "Нукус Online" канали муаллифи бўлган Турсинбаевнинг ўлимига олиб келган воқеа 11 февраль куни юз берган.

"2025 йил 11 февраль куни 7-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаган маҳкум Мустафа Турсинбаев бир қаватли бинонинг деворларини бузаётган вақтида девор қисми қулаб, босиб қолган", дейилади Бош прокуратура тарқатган хабарда.

Расмийлар Товоқсой қамоқхонасида жазони ўтаган Турсинбаев зудликда шифохонага жойлаштирилгани, аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, 16 февраль куни оламдан ўтганини билдирган.

Шунингдек, мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани ва, ҳозирда, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Бунга қадар ўзбек расмийлари қорақалпоғистонлик машҳур блогернинг қамалгани ҳақида расман хабар бермаган эди.

Турсинбаев ким бўлган ўзи?

2023 йил ноябрига қадар YouTubeʼдаги "Нукус Online" каналини юритиб келган блогер Мустафа Турсинбаев номи ўзбекзабон аудиторияга деярли маълум эмаслиги англашилади.

Аммо Турсинбаев Қорақалпоғистонда номи чиққан видеоблогерлардан бири бўлган.

У ўз каналида, асосан, йўлларнинг сифати, сув ва электр таъминоти муаммолари каби ижтимоий-маиший мавзулар ҳамда қорақалпоғистонликларнинг кундалик ҳаётини ёритиш билан шуғулланган.

Маълум бўлишича, 42 ёшда бўлган Турсинбаев жойларда аҳоли мурожаатларини ҳам ўрганган, баъзида соғлигига путур етган инсонлар ва муҳтожлар учун хайриялар ҳам уюштириб турган.

Унинг 150 мингдан зиёд обуначиси бор YouTube каналидаги айрим видеолар ярим миллиондан зиёд марта кўрилган.

Турсинбаевнинг энг машҳур видеоси – Қўнғирот туманида жойлашган автовокзалда Қўнғирот-Нукус йўналишида қатновчи ҳайдовчилар ўртасида чиққан низо тўғрисидаги суриштирув қарийб 1,5 миллион марта кўрилган.

Блогер нега қамалган эди?

Ўзбек расмийлар ўлимига қадар Турсинбаевнинг қамалгани ҳақида расман хабар бергани ёки бу ҳақда чиққан норасмий хабарларни изоҳлагани кўзга ташланмаган.

Турсинбаевнинг қамоққа ташлангани ҳақида "Евроосиёга озодлик" (Freedom for Eurasia) ташкилоти 2024 йил май ойида биринчилардан бўлиб хабар қилган.

Аммо Австрияда жойлашган ва Собиқ Шўро мамлакатларидаги коррупция, инсон ҳуқуқларининг топталиши ҳолатларини ҳужжатлаштириб борувчи ташкилотнинг бу хабарида блогернинг қамалиши сабаблари келтирилмаган.

Кейинроқ – ўтган йилнинг июлида АзиаТерра нашри ўз манбаларига таянган ҳолда Турсинбаев қорақалпоғистонлик бошқа бир блогер, "Халик ТВ" канали муаллифи Саламат Сейтмуратов билан биргаликда товламачиликда айбланиб, 2024 йил март ойида 5 йилга қамалгани ҳақида ёзган.

Ушбу мақолада икки блогерга нисбатан асоссиз айбловлар илгари сурилгани иддао қилинади.

Қозоғистонда яшовчи қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай эса ўтган йил май ойида Хъда қолдирган твитида Турсинбаевнинг қамалгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирар экан, маълум вақт унинг 2022 йил июлидаги Нукус воқеаларининг асосий фигуранти кўрилган фаол Даулетмурат Тажимуратов билан ҳамкорлик қилганини тилга олган.

"Аҳолининг оғриқли муаммоларини ёритиш давомида улар биргаликда кўплаб қишлоқларга газ ва сув ўтказилиши, йўллар қурилиши ҳамда маҳаллий амалдорлар томонидан ҳуқуқлари топталган фермерлар, тадбиркорларга кўмак беришга эришган эди", ёзган фаол.

Муратбайнинг иддао қилишича, Қорақалпоғистонда оммавий намойишлар бошланиши арафасида "Мустафа Турсинбаев махсус хизматлар босими остида қолиб, Даулетмурат Тажимуратов билан алоқаларни узишга мажбурланган".

Эслатиб ўтамиз, BBC'да Турсинбаевнинг қамоққа ташланишига оид чиққан мазкур норасмий маълумотларни мустақил тасдиқлатиш ё инкор этиш имкони мавжуд эмас.