Бир киши омон қолган "Дримлайнер" ҳалокатига нима сабаб бўлган?

uchoq

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ҳиндистоннинг Аҳмадободидан Лондонга қараб учган Боингнинг "Дримлайнер" самолёти ҳалокатида 242 кишидан фақат бир инсон омон қолди. Кўтарилишидан 30 сония ўтиб қулаган учоқ ҳалокатига нима сабаб бўлган бўлиши мумкин?

241 кишининг ҳалокатига сабаб бўлган Air India учоғи қулашидан фақат бир британиялик эркак омон қолиб, чиқиб кетди. Унинг тирик қолиши фавқулодда воқеа сифатида қайд этилди.

Ҳиндистоннинг ғарбидаги Аҳмадобод шаҳридан учганидан кўп ўтмай қулаган самолётда Вишвашкумар Рамеш Boeing 787 учоғининг 11A ўриндиғида ўтириб Лондонга йўл олганди.

Унинг акаси Наян Кумар Рамеш BBC News'га Вишвашкумар "қандай омон қолганини ўзи ҳам билмаслигини" айтди ва самолётдан юриб чиққан ягона тирик қолган инсон бўлганини тасдиқлади.

Алоқадор мавзулар:
Видео тагсўзи, Авиаҳалокатдан омон қолган ягона йўловчи акс этган видео

Air India авиакомпанияси маълум қилишича, бошқа барча йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган.

"Уни [Вишвашкумарни] яхши ҳолда кўраётганим жуда таскин беради, лекин мен ҳали ҳам рейсда бўлган иккинчи укам Ажай борасида жуда хавотирдаман", деди Наян BBC га.

"Бу фожеа ҳақида эшитганимизда ҳаммамиз шокка тушдик. Ҳеч қандай сўз тополмадик. Унинг ўзи ҳам қандай тирик қолганини, самолётдан қандай чиқиб кетганини билмайди Бизга қўнғироқ қилганда ҳам, у асосан укам Ажай ҳақида хавотирда эди: 'Ажайни топинг, Ажайни топинг', деб такрорларди. Ўша вақти фақат шуни ўйлади", дейди у.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Вишвашкумар Рамеш орқасида кўриниб турган қалин қора тутун манзарасида тез тиббий ёрдам машинаси томон юраётгани кўринади.

Ҳиндистон ОАВлари хабар беришича, у ўзининг чиптасини намойиш қилган, унда исми ва ўрни — 11A кўрсатилган.

Вишвашкумар Рамеш Ҳиндистонда туғилган, лекин 2003 йилдан бери Британияда яшайди. Унинг рафиқаси ва тўрт ёшли ўғли бор.

Фожеага нима сабаб бўлган бўлиши мумкин?

uchoq

Сурат манбаси, Reuters

Аҳмадободдан Лондондаги "Гатвик" аэропортига йўл олган Air India авиакомпаниясига қарашли самолёт билан аниқ нима рўй бергани фақат чуқур суриштирувдан кейин маълум бўлади. Бироқ авиацияда учишдан кейинги илк дақиқалар энг мураккаб босқич ҳисобланади.

Яқин кунларда ҳодисани ўрганаётган ҳиндистонлик терговчиларга АҚШ ва Британия мутахассислари қўшилади. Улар Boeing 787-8 Dreamliner учоғи "Сардор Валлабҳай Пател" номидаги халқаро аэропортдан кўтарилганидан кўп ўтмай, 1,5 км масофада қулашига олиб келган сабабларни аниқлашга ҳаракат қилишади.

Бу "Дримлайнер" самолётининг 2011 йилда тижорат парвозлари учун фойдаланишга киритилганидан бери одамлар ҳалокатига сабаб бўлган биринчи ҳалокатидир. Ҳодиса натижасида бортдаги 241 киши, шунингдек, ердаги одамлар ҳалок бўлган.

BBC бу турдаги самолётларда мунтазам парвоз қилувчи, Ҳиндистонда фаолият юритаётган айрим (баъзилари анонимлик шартида) учувчилар ва авиация экспертлари билан суҳбатлашди. Улар учоқ Аҳмадободдаги турар жой бинолари устига парвоздан сўнг нега қулаган бўлиши мумкинлиги ҳақида мулоҳаза юритди.

Кўтарилишдаги муаммолар

Видео тагсўзи, Самолёт кўтарилиш арафасида қийналганини кўриш мумкин

Самолётни капитан Сумит Сабхарвал ва иккинчи учувчи Клайв Кундар бошқарган. Иккаласи ҳам тажрибали бўлиб, умумий парвоз тажрибаси 9 минг соатдан ошади. Сабхарвал фуқаролик авиациясида 22 йилдан ортиқ фаолият юритган.

Air India'нинг маълум қилишича, бортида 242 киши бўлган самолёт Аҳмадобод аэропортидан маҳаллий вақт билан 13:39 да парвоз қилган. Ҳиндистон ички ишлар вазири Амит Шоҳнинг сўзларига кўра, учишдан олдин самолёт тўлиқ ёнилғи билан тўлдирилган — бакларда 100 тонна ёнилғи бўлган.

Ҳиндистон расмийларига кўра, самолёт кўтарилганидан сўнг дарҳол ёрдам сигнали узатган. Бу сигналдан кейин борт билан алоқа узилган. Сигналга нима сабаб бўлгани номаълум, аммо фақатгина тирик қолган йўловчи ҳинд ОАВларига айтганига кўра, самолёт баландликни олмоқчи бўлганида катта шовқин эшитган.

BBCда мавжуд тасқирлар ҳақиқий эканлиги тасдиқланган — унда самолёт турар жой ҳудуди устида паст баландликда парвоз қилаётгани кўринади. Охирги маълумотларга кўра, учоқ 625 фут (109 метр) баландликка чиққан, кейин туша бошлаб, дарахт ва бинолар ортида йўқолган, сўнг портлаш рўй берган.

Видеокузатув камераларига кўра, самолёт ҳавода 30 сония бўлган.

Двигателларнинг "жуда кам учрайдиган" икки карра ишдан чиқиши ҳақида тахминлар

Фақат видеоёзувларга қараб ҳалокат сабабини аниқлаш мумкин эмас.

Яқин кунларда кенг кўламли суриштирув бошланади — унда самолётнинг "қора қутисини" (борт ёзувчилари) ва парчаларини ўрганиш режалаштирилган. Мавжуд видеоларга қараганда, самолёт ердан қийинчилик билан кўтарилган.

Айрим мутахассисларнинг айтишича, ҳалокат сабаби сифатида двигателларнинг бир вақтнинг ўзида ишдан чиқиши — жуда кам учрайдиган ҳолат — эҳтимолини назардан қочирилмаслиги керак.

Шунингдек, RAT (Ram Air Turbine) — яъни авариявий ҳаво турбинаси ишга туширилганми-йўқми, деган саволлар ҳам туғилмоқда. У асосий тизимлар ишламаса, энергия таъминлаш учун ишлатилади.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Двигателлар ишдан чиққан энг машҳур ҳолат — 2009 йилда **Airbus A320** самолёти Ню-Йоркдаги "Ла-Гувардия" аэропортидан парвоз қилганидан кейин қушлар тўдаси билан тўқнашиб, иккала двигател ишдан чиққани ва самолёт Гудзон дарёсининг устига муваффақиятли қўндирилган воқеа (ҳаво фожеасидан омон қолиш — "Гудзондаги мўъжиза").

Бир тажрибали учувчининг BBCга айтишича, икки двигателнинг ишдан чиқиши ёнилғи ифлосланиши ёки тиқилиши натижасида ҳам содир бўлиши мумкин. Самолёт двигателлари аниқ миқдордаги ёнилғини етказиб беришга боғлиқ — агар тизим тиқилса, двигател тўхтаб қолиши мумкин.

Собиқ учувчи Марко Чаннинг таъкидлашича, мавжуд видеоларда икки двигател ишдан чиққанини тасдиқловчи далиллар йўқ.

Авиация бўйича мутахассис Моҳан Ранганатан эса шундай дейди: "Икки двигател ишдан чиқиши — жуда-жуда кам учрайдиган ҳолат".

GE Aerospace двигател ишлаб чиқарувчиси ҳодисани тергов қилишда ёрдам бериш учун Ҳиндистонга мутахассислар жўнатмоқда. Boeing корпорацияси эса Air India'га тўлиқ ёрдам кўрсатаётганини маълум қилди.