Венесуэла: АҚШ истаса бошқа давлат раҳбарининг нима еб-ичганию қаерда ётгани ва ҳатто ит, мушугигача кузата оладими?
- Author, Гарет Эванс
- Reporting from, Вашингтон
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
АҚШ жосуслари ойлар давомида Венесуэла президенти Николас Мадуронинг ҳар бир қадам босишини кузатиб келган.
Кичик гуруҳ, шу жумладан, Венесуэла ҳукуматидаги бир шахс 63 ёшли раҳбарнинг қаерда ухлаши, нима ейиши, нима кийиши, юқори ҳарбий амалдорларнинг сўзларига кўра, ҳатто "мушук ва итигача" кузатган.
Сўнг декабрь ойи бошида "Мутлақ қатъият операцияси" миссияси якунланди. Бу бир неча ойлик пухта режалаш ва машқлар натижаси бўлди. Ҳатто АҚШнинг сара қўшинлари Мадуронинг Каракасдаги хавфсиз уйининг тўлиқ ўлчамли нусхасини ясаб, машғулот ўтказган.
АҚШнинг бу фавқулодда ҳарбий режаси қаттиқ сир сақланди. Конгресс олдиндан хабардор қилинмаган ёки маслаҳатлашилмаган. Аниқ тафсилотлар белгилангач, юқори мартабали ҳарбий амалдорлар шунчаки операцияни бошлаш учун энг қулай шароитларни кутиши керак эди.
Шанба куни расмийлар билдиришича, улар операциянинг кутилмаганлик даражасини максимал оширишни хоҳлашган. Тўрт кун олдин Президент Трамп розилик берганида, шароит қулай бўлмаганди, шу боис улар об-ҳаво яхшиланиб, булутлар тарқашини кутишни маъқул кўришган.
"Исо Мавлуди ва Янги йилгача бўлган кунлар давомида Қўшма Штатлар қуролли кучлари аъзолари маъқул фурсат етилишини ва президент буйруғини сабр билан кутди," деди мамлакатнинг энг юқори мартабали ҳарбий офицери генерал Ден Кейн шанба куни тонгда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
U eshikkacha yetib bordi, ammo uni yopa olmadi. Uning ketidan shunaqangi tez bostirib bordikki, [xonaga] kira olmadi.
"Омад ва Худо ёр бўлсин"
Президентнинг миссияни бошлаш тўғрисидаги буйруғи ниҳоят жума куни соат 22:46 да (Шарқий вақт бўйича) келди. "Биз буни тўрт кун олдин, уч кун олдин, икки кун олдин қилмоқчи эдик, кейин тўсатдан имконият пайдо бўлди", деди Трампнинг ўзи шанба куни, тунги рейддан кейинги соатларда Fox & Friends телеканалига.
"У бизга шундай деди, омад ва Худо ёр бўлсин, биз буни қадрлаймиз", деди генерал Кейн. Трампнинг буйруғи Каракасга ярим тунга яқин келди, бу эса қоронғида ҳаракатланиш учун ҳарбийларга етарлича вақт берарди.
Шундан сўнг ҳаво, қуруқлик ва денгиз орқали амалга оширилган икки соат-у йигирма дақиқалик миссия Вашингтон ва бутун дунё бўйлаб кўпчиликни лол қолдирди. Миқёси ва аниқлиги жиҳатидан у деярли мисли кўрилмаган эди. Бу амалиётни бир қатор минтақавий кучлар дарҳол қоралади, Бразилия президенти Лула да Силва Венесуэла раҳбарининг зўравонлик билан қўлга олиниши "бутун халқаро ҳамжамият учун яна бир ўта хавфли прецедент" бўлганини таъкидлади.
Трамп миссияни Оқ уйнинг фавқулодда вазият хонасидан туриб кузатмади. У Флоридада, Палм-Бичдаги Mar-a-Lago клубида маслаҳатчилари даврасида ўтирганди, у ерда Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф ва Давлат котиби Марко Рубио билан бирга операциянинг жонли эфирини томоша қилди.
"Бу кўз кўриб қулоқ эшитмаган нарса эди, – деди Трамп шанба куни. – Нима бўлганини кўрганингизда эди, мен буни худди телешоу кўраётгандек томоша қилдим. Тезликни, шиддатни кўрганингизда эди... бу одамлар бажарган иш шунчаки ажойиб, ғаройиб эди."
Сўнгги ойларда минтақага минглаб АҚШ аскарлари жойлаштирилди. Улар авиаташувчи ва ўнлаб ҳарбий кемалар билан биргаликда ўнлаб йиллар ичидаги энг йирик ҳарбий жамланишни ташкил этди. Бу президент Трамп Мадурони гиёҳванд моддалар савдоси ва наркотерроризмда айблаган ва минтақа орқали гиёҳванд моддалар ташишда гумонланган ўнлаб кичик қайиқларни йўқ қилган пайтга тўғри келди.
Бироқ "Мутлақ қатъият операцияси"нинг дастлабки белгилари осмонда кўринди. АҚШ расмийларига кўра, 150 дан ортиқ самолёт, жумладан, бомбардимончи, қирувчи ва разведка самолётлари тун давомида ишга солинди.

Сурат манбаси, Donald Trump / TruthSocial

Сурат манбаси, Donald Trump / TruthSocial

Сурат манбаси, Donald Trump / TruthSocial
"Бу жуда мураккаб, ниҳоятда мураккаб, бутун парвозлар, қўнишлар, учоқлар сони, – деди Трамп Fox News телеканалига. – Бизда ҳар қандай вазият учун қирувчи учоқ бор эди."
Маҳаллий вақт билан соат 02:00 атрофида Каракасда кучли портлашлар эшитилди, шаҳар узра тутун кўтарилди. "Мен баланд товушни, қаттиқ гумбурлашни эшитдим, – деди BBC мухбири Ана Ванесса Херреро. – Деразалар силкинди. Шу заҳотиёқ бутун манзарани деярли тўсиб қўйган улкан тутун булутини кўрдим."
"Шаҳар устида учоқлар ва вертолётлар парвоз этарди," деб қўшимча қилди у.
Тез орада ижтимоий тармоқларда осмондаги кўплаб ҳаво кемаларини ва портлашлар оқибатларини кўрсатувчи видеолар кенг тарқала бошлади. Улардан бирида Каракас устидан пастлаб учиб ўтаётган вертолётлар карвони кўрсатилган эди.
"Биз тахминан соат 01:55 да Каракас устидан учиб ўтаётган учоқларнинг гумбурлаши ва портлашлар шовқинидан уйғондик, – деди гувоҳлардан бири Даниэла Би-би-сига. – Ҳаммаёқ зимистон, фақат яқиндаги портлашларнинг шуъласи ёритиб турарди."
"Қўшнилар уй-жой мажмуасининг гуруҳ чатида хабар ёзишди, уларнинг барчаси нима бўлаётганини тушунмай, портлашлардан ваҳимага тушиб қолишганди," деб қўшимча қилди у.
BBC Verify бўлими Каракас атрофидаги жойларда содир бўлган портлашлар, ёнғин ва тутун акс этган бир қатор видеоларни ўрганиб чиқиб, айнан қайси объектлар нишонга олинганини аниқлади.
Ҳозиргача бешта жой тасдиқланди, жумладан, Генераллисимус Франциско де Миранда ҳаво базаси, Ла Карлота номи билан танилган аэродром ва Каракаснинг Кариб денгизига асосий канали бўлган Порт Ла Гуайра.

АҚШнинг баъзи зарбалари ҳаво мудофааси тизимлари ва бошқа ҳарбий нишонларга қаратилганини расмийлар маълум қилди. Трамп, шунингдек, операция бошланишидан олдин АҚШ Каракасда электр таъминотини узиб қўйганини таъкидлади, бироқ бу қандай амалга оширилганини аниқлаштирмади.
"Тажриба ва билимимиз Каракас чироқларини ўчиришга имкон берди, – деди у. – Қоронғу ва даҳшатли эди."
"Улар келишимизни билишарди"
Каракас атрофида зарбалар янграганда, АҚШ кучлари шаҳарга кириб борди. Улар орасида АҚШ армиясининг энг сара махсус бўлинмаси ҳисобланган Дельта гуруҳи аъзолари ҳам бор эди, деб хабар берди Би-би-сининг АҚШдаги ҳамкори CBS манбалари. Улар оғир қуролланган эди, Мадуронинг хавфсиз уйининг темир эшикларини кесиб ўтиш учун, қўлларида ҳатто газ пайвандлагич ҳам бор эди.
Мадуро жойлашган ҳудудга маҳаллий вақт билан соат 02:01 да зарбалар бошланганидан кўп ўтмай ҳарбийлар етиб келди, деб хабар берди генерал Кейн. Трамп хавфсиз уйни Каракас марказидаги мустаҳкам ҳарбий "қалъа" деб таърифлади. "Улар бизни кутиш учун тайёр ҳолатда эди. Келишимиздан хабардор эдилар," деди у.
Қўшинлар етиб келганида қарши ўт очишди, Америка вертолётларидан бирига зарба тегди, аммо у ҳали ҳам уча оларди. "Қўлга олиш гуруҳи Мадуронинг қароргоҳига тушиб, тезлик, аниқлик ва интизом билан ҳаракат қилди", деди генерал Кейн.
"Улар аслида кириб бўлмайдиган жойларга шунчаки бузиб киришди, биласизми, айнан шу мақсадда ўрнатилган пўлат эшикларни ҳам бузиб киришди," деди Трамп.
Мадуронинг рафиқаси Цилия Флорес ҳам қўлга олинган ушбу операция бошланиши биланоқ, Давлат котиби Рубио қонун чиқарувчиларни бу ҳақда хабардор қилди. Бу қарор кейинчалик Конгрессдаги баъзиларнинг ғазабини қўзғади.
"Аниқ қилиб айтаман: Николас Мадуро ноқонуний диктатордир. Аммо Конгресс рухсатисиз ва бундан кейинги режалар бўйича ишончли режа тузмай туриб ҳарбий ҳаракатларни бошлаш масъулиятсизликдир", деди партиянинг Сенатдаги етакчиси, таниқли демократ Чак Шумер.
Шанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Рубио журналистларга, операциядан олдин Конгрессни хабардор қилиш миссияни хавф остига қўйиши мумкинлигини айтди. "Конгрессдан маълумот сизиб чиқиши мумкин, – дея қўшимча қилди Трамп. – Бу яхши бўлмасди."

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШнинг сара қўшинлари бостириб келар экан, Трампнинг айтишича, сўнгги ойларда кубалик тансоқчиларга ишонган Венесуэла президенти хавфсиз хонага қочишга уринган. "У хавфсиз жойга боришга ҳаракат қилди, лекин у ер хавфсиз эмас эди, чунки биз эшикни тахминан 47 сонияда портлатиб юборишимиз мумкин эди", деди у.
"У эшиккача етиб борди, аммо уни ёпа олмади, – деб айтди Трамп. – Унинг кетидан шунақанги тез бостириб бордикки, [хонага] кира олмади."
2013 йилда президентлик лавозимини эгаллаган авторитар етакчи Мадуро агар ҳибсга олинишига қаршилик кўрсатганида, ўлдирилиши мумкинмиди, деган саволга Трамп шундай жавоб берди: "Мумкин эди." АҚШ томонидан "бир-икки йигитга зарба тегди," деди у, бироқ АҚШ ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлмади. Венесуэла ҳукумати эса қурбонлар борлигини ҳали тасдиқлаганича йўқ.
Аввалроқ АҚШ Мадуронинг ҳибсга олинишига ёрдам берадиган маълумот учун 50 миллион доллар мукофот ваъда қилганди. Аммо шанба куни маҳаллий вақт билан соат 04:20 да вертолётлар Мадуро ва унинг рафиқаси билан бирга Венесуэла ҳудудини тарк этди. Улар АҚШ Адлия вазирлиги назоратида эди ва Нью-Йоркка олиб келинди, у ерда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши кутилмоқда.
Орадан роппа-роса бир соат ўтиб, Трамп Мадуронинг қўлга олингани ҳақидаги хабарни бутун дунёга эълон қилди. "Мадуро ва унинг хотини тез орада Америка одил судининг бутун қудрати билан юзма-юз бўлади", деди у.
Мақолани Кристобал Васкес ҳам бирга ёзишган.














