Европаликлар Озодлик Радиосини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Ташкилот Трамп фармони ортидан молиялаштиришдан маҳрум бўлганди
Чехия Европа Иттифоқидан Озод Европа Радиоси/Озодлик Радиоси (RFE/RL) фаолиятини давом эттиришни қўллаб-қувватлашни сўрамоқда. Ўтган ҳафта Доналд Трамп маъмурияти халқаро радиоэшиттириш хизматини молиялашни тўхтатиб қўйганди.

Сурат манбаси, EPA
Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавски шанба куни ўзининг X'даги саҳифасида Европа Иттифоқидаги ҳамкасбларини Озодлик Радиосини "ҳеч бўлмаганда қисман дастаклаш"га ундаш ниятида эканини ёзган.
Озодлик Радиосининг серб хизмати ўз манбаларига таяниб, Липавски мазкур масалани 17 март куни Брюсселда ўтган ЕИ ташқи ишлар вазирлари йиғилишида чиндан кўтаргани ҳамда уни Полша, Латвия, Эстония ва Литва вакиллари қўллаб-қувватлаганини хабар қилган.
"Яна бир манбанинг маълум қилишича, учрашувда Озод Европа Радиосини ёпиш "Европанинг душманларига ҳадя бўлиши" ва мазкур ОАВ "муваққат лойиҳа эмас, балки бутун дунёда демократик интилишлар учун зарур бўлган муҳим бир муассаса" экани, уни ёпиш бутун дунё бўйлаб демократия орзусига тузатиб бўлмас даражадаги зиён етказиши ҳақида сўз борган", дейилади Озодлик Радиосининг серб хизмати хабарида.
Ҳозирча Брюсселда ўтган бу йиғинда радио тақдирига оид бирор муҳим қарор қабул қилингани ё йўқлиги расман маълум эмас.
Совуқ Уруш даври – Шарқий Европада маҳаллий матбуот қаттиқ назорат остида бўлган пайтлардан бери АҚШ ҳукуматидан маблағ оладиган ушбу телерадио лойиҳа миллионлаб тингловчиларни қамраб олиб, демократик қадриятларни тарғиб қилиб келмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп 14 март куни еттита федерал агентликни қисқартириш тўғрисидаги фармонни имзолаган – рўйхатда Озодлик Радиоси ва Америка Овози медиа компанияларини назорат қилувчи Америка Қўшма Штатларининг Глобал Медиа Агентлиги (USAGM) ҳам бор.

Сурат манбаси, Getty Images
Аввалроқ Доналд Трамп шафелигида федерал харажатларни камайтириш билан шуғулланаётган дунёдаги энг бой шахслардан бўлмиш Илон Маск Озодлик Радиосини "йилига 1 миллиард долларни ёқиб юборадиган ва ўз-ўзига шунчаки гапириб ўтирадиган ақлдан озган радикал сўл шахслар тўдаси" дея даъво қилганди.
Бироқ кўплаб ташкилотлар, таниқли шахслар Озодлик Радиоси ва Нацистлар Германияси пропагандасига қарши туриш мақсадида ташкил этилган Америка Овози атрофида бўлаётган бу воқеалардан жиддий ташвиш билдириб чиққан.
RFE/RL раҳбари Стивен Капуснинг ўзи радиога ажратилган грантнинг тўхтатиб қўйилиши "Америка душманлари учун улкан ҳадя бўлиши"ни таъкидлаган.
"Эрон Оятуллоҳларининг, Хитой компартияси етакчиларининг ва Москвадаги ҳамда Минскдаги автократларнинг 75 йиллик фаолият ортидан RFE/RL'нинг ёпилишидан қувониши шубҳасиз," дея қўшимча қилган у.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) ҳам ўхшаш хавотирни илгари суриб, АҚШ ҳукуматининг бу қарори минглаб журналистлар ҳаётига таъсир қилишини таъкидлаган.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
"Беларусьдан тортиб Эронгача, Россиядан тортиб Афғонистонгача, @RFERL ва @VOANews зулм остида яшаётганлар учун саноқли эркин ахборот манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. Улар овозини бўғиш нафақат уларнинг ўзи, балки демократияга ишонадиган барчамиз учун ҳам катта йўқотиш бўлади", ёзган Чехия ташқи ишлар вазири Липавски 15 март куни X'да қолдирган твитида.
RFE/RL ҳар ҳафтада Россия, Украина, Афғонистон ҳамда Марказий Осиё ва Кавказдаги собиқ иттифоқ республикаларини ўз ичига олган жами 23 мамлакатдаги 50 миллионга яқин инсонга ахборот етказиб келишини айтади.












