You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Муҳаммад исми Англия ва Уэльсда яна машҳурлашди
Муҳаммадми ёки Нуҳ?
Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, Муҳаммад Англия ва Уэльсдаги ота-оналар учун энг мақбул танлов бўлган. Ўтган йили беш мингга яқин болага Муҳаммад исми қўйилган.
Муҳаммад 2016 йилдан бери ўғил болалар учун энг яхши исмлар ўнлигидан жой эгаллаб келади.
Аммо, Миллий Статистика бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозирда Муҳаммад исми кўпчилик учун севимли Нуҳ (Ноя)ни ҳам ортда қолдириб кетган.
Англиянинг фақат уч минтақасидагина Муҳаммад ота-оналар энг маъқул кўрувчи исмлар юқори ўнлигига кира олмаган.
Алоқадор мавзулар:
Муҳаммад, Моҳаммед ва Моҳаммад
Моҳаммед ва Моҳаммад ҳам Англия ва Уэльсда ўғил болаларга энг кўп қўйилаётган юзта исм рўйхатидан жой олган.
Миллий Статистика бошқармаси эса, ёзилишидаги фарққа қараб, уларни алоҳида исм сифатида кўради.
Аммо, шунда ҳам, Муҳаммад исмининг бошқа шаклдагидалари ўтган йили ота-оналар ўртасида анча оммабоп бўлган.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Муҳаммад дунёдаги энг машҳур исмлардан бири ҳам саналади.
Агар, айрим ҳисоб-китобларга таянилса, исми Муҳаммад бўлганларнинг сони дунё бўйлаб 150 миллион кишидан ортади.
Аксарият мусулмон оилалар ўғил фарзандларини Ислом дини пайғамбарига ҳурмат маъносида унинг исми билан аташни хоҳлашади.
Постсовет ҳудудидаги энг йирик мусулмон давлати бўлган Ўзбекистонда ҳам Муҳаммад исми кенг тарқалган.
Ислом динида Аллоҳга сифат берилган номлар билан аталган ва аталаётган чақалоқлар ҳам кўп.
Ўзбекистонликлар орасида ҳам болага берилаётган исм унинг келажакда қандай инсон бўлиб етишишига таъсир қилишига оид қараш кенг тарқалган.
Ислом Буюк Британияда иккинчи йирик дин ҳисобланади.
Британия Германия ва Франциядан кейин Европанинг энг катта сондаги мусулмон жамоаси истиқомат қилувчи учинчи давлати бўлади.
Расмий ҳисоб-китобларда ҳозир Британиядаги мусулмонларнинг сони уч миллионга яқин экани айтилади.
Бу мусулмонларнинг энг катта фоизи Англия ҳисобига тўғри келади.
Уларнинг орасида Британияда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд юзлаб ўзбекистонликлар ҳам бор.
Агар расмий диний манбаларда келтирилган маълумотларга таянилса, Муҳаммад – тўхтовсиз, тинимсиз, ҳамиша мақталадиган, мақтовга муносиб сифатлари, мақтовли хислатлари, мақтовга лойиқ амаллари ва тақдирланарли ишлари жуда ҳам кўп, бутун фазиятлар эгаси, деган маънони англатади.
Оливия, Чоршанба, Якшанба ва Куз...
Қизлар орасида эса, энг машҳур исмлар Оливия, Амелия ва Исла бўлиб чиққан.
Юқори учликка кирган бу исмлар 2022 йилдан буён ўзгаришсиз қолаётгани билан мутахассислар эътиборини ўзига жалб қилган.
Англия ва уэльслик ота-оналарнинг танловлари орасида, бундан ташқари, ўша йили чиқарган мусиқий альбомлари, қилган гастроллари ва берган шов-шувли концертлари боисми, Рианна бўладими ёки Элтон, айрим юлдуз қўшиқчиларнинг исмлари, ҳафтанинг баъзи кунлари ва йилнинг хос мавсумлари номлари ҳам борлиги кўрилган.
Кечаётган йилнинг энг машҳур исмларига оид маълумотларнинг аниқ қачон эълон қилиниши ҳозирча маълум эмас.
End of Бизга аъзо бўлинг: