Сурияда ягона аёл вазир бўлиш нимани англатади?

- Author, Лиз Дусет
- Role, BBC'нинг халқаро масалалар бўйича бош мухбири
- Author, Лина Шайхуни
- Role, BBC Жаҳон хизмати
- Reporting from, Сурия
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
"Биринчи куниёқ мен: нега бу ерда бошқа аёллар йўқ, деб сўрадим", дейди Ҳинд Кабават.
У Сурияда Меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича вазир. Айни пайтда Ҳинд Кабават ўтиш даври ҳукуматдаги ягона аёл вазир ҳамдир.
Ҳукумат қудратга келган дастлабки ойлардаёқ мазҳаблараро зўравонликлар билан юзма-юз келди. Бу воқеалар минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлди. Суриядаги кўплаб озчилик жамоалар бунинг учун ҳукумат кучларини айблашди.
Аввал муҳожиратдаги мухолифат етакчиси бўлган Кабават ҳукумат камчиликларга йўл қўйганини тан олади. У бу билан президент Аҳмад аш-Шараа қўзғолончи кучлари 2024 йил 8 декабр куни пойтахтга кириб, Асад оиласининг ўн йиллаб давом этган шафқатсиз ҳукмронлигига барҳам берганидан бери йўл қўйилган хатоларни тилга олади.
Лекин унинг таъкидлашича, "ўтиш даврида хатолар бўлиши табиий".
Кабават, шунингдек, президентнинг энг катта хатоларидан бири ҳукумат таркибига бошқа аёлларни тайинламагани, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, президент унга келажакда аёллар сони кўпайишига ваъда берган.

Сурат манбаси, Syrian Presidency
Кабават учун президентнинг яқин сафдошлари ва айрим собиқ жангчилар кўпчиликни ташкил қилган ҳукумат таркибида ишлаш осон эмас. У бир вақтнинг ўзида турли босимлар ўртасида мувозанат сақлашига тўғри келяпти.
BBC'нинг Global Women махсус лойиҳаси доирасида биз Кабаватни яқиндан кузатдик. Унинг олдида Суриядаги энг ҳимоясиз ҳисобланган одамлари тақдирига боғлиқ ҳужжатлар турибди. Улар - етимлар, бевалар, шунингдек Асад режими даврида бедарак кетган ўн минглаб инсонларнинг азадор оилалари.
Яна бир долзарб вазифа бор. Қарийб 14 йил давом этган фуқаролик уруши сабаб кўчиб кетган миллионлаб одамлар учун иш ўринлари яратиш ва уй-жой топиш лозим. Шу билан бирга, жамоалар ўртасидаги сўнгги тўқнашувлардан қочаётганларнинг азоб-уқубатларини енгиллатиш ҳам зарур.
Ушбу хароб бўлган мамлакатда ҳамма нарса долзарб. Давлатнинг ўзи ҳам вайрон вазиятда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, сурияликларнинг 90 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди.

Январ ойининг бошида Ҳинд Кабават мамлакат шимолидаги Ҳалаб шаҳрига шошилди. Бу ерда ҳукумат кучлари билан курдлар етакчилигидаги Сурия Демократик Кучлари ўртасида тўқнашувлар авж олган эди. Жанглар ортидан минглаб одамлар вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилди.
Ўтган ёз у асосан друзлар яшайдиган жанубий шаҳарга ёрдам етказишга ҳаракат қилди. У ерда друзлар, бадавийлар ва ҳукумат кучлари ўртасида қонли тўқнашувлар бўлганди.
Кабават, шунингдек, Асад оиласи мансуб бўлган алавий жамоасидан зўрлангани даъво қилинган аёлнинг оиласига билан ҳам алоқа қурди. Аёл ҳарбий кийимдаги қуролли шахсларни жинсий тажовузда айблаган эди.
Айримлар Кабават Суриядаги турли жамоалар ўртасидаги чуқур бўлинишларни юмшатиш учун янада кўпроқ иш қилиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Biz butkul vayron mamlakatni meros qilib oldik. Yangi davlat uchun qonunlarni yangilash va moslashtirish ustida ishlayapmiz. Bu vaqt talab qiladi.
Ҳукумат мазҳаблараро зўравонликларга жавоб беришда хато қилдими, деган саволга у шундай жавоб беради:
"Ўтиш даврида, урушдан кейин хатолар бўлади. Бундан ҳеч ким хурсанд эмас, жумладан президент ҳам".
Унинг таъкидлашича, бу воқеалар юзасидан тергов очилган. Ҳозир эса, "жиноят содир этганларнинг кўпчилиги қамоққа олинган".
Ишонч ва тинчликни қандай таъминлаш масаласи Кабаватнинг бутун меҳнат фаолиятини белгилаб келган. У Сурия, Ливан, Канада ва АҚШ университетларида таҳсил олган. Ҳуқуқшунос ва музокарачи сифатида у фуқаролик уруши даврида муҳожиратдаги сурия мухолифатида етакчи рол ўйнаган.
Кабаватнинг айтишича, энг кучли восита бу - ўзаро мулоқот.
"50 йиллик диктатурадан кейин одамлар 'биз сизга ишонамиз' деб айтиши вақт талаб қилади", дейди у. Унинг таъкидлашича, ишонч фақат ҳукумат билан халқ ўртасида эмас, одамлар ўртасида ҳам шаклланиши керак.

Биз у билан Идлиб шаҳрига йўл олдик. Бу ҳудуд бир пайтлар президент Аҳмад аш-Шараага қарашли Ҳаят Таҳрир аш-Шом кучларининг асосий таянч нуқтаси бўлган.
Ички уруш даврида Кабават шу ерда ишлаган. У аёллар бошчилигидаги Тастакел ташкилотига айнан шу ерда асос солган. Бу ном арабчада "мустақил бўлиш" деган маънони англатади. Айни пайтда у Кабаватнинг янги Сурияни барпо этиш ҳақидаги қарашларини ҳам ифода этади.
Ëруғ, одамларга тўла залда Суриянинг турли ҳудудларидан келган ёшу қари аёллар ва баъзи эркаклар тўпланишган. Улар эски тузум тугаганини нишонлашмоқда. Шу билан бирга, қарор қабул қилиш жараёнида аёллар ролини қандай кучайтириш мумкинлиги муҳокама қилинмоқда.
Кабават учун бу, аввало, масъулиятни ўз зиммасига олиш демак.
Яқинда ўтган ўтиш даври парламенти, яъни Халқ Мажлисига билвосита сайловларда Идлибдан бирорта ҳам аёл сайланмади. Умуман олганда, аёл номзодлар жами ўринларнинг 4 фоизинигина қўлга киритишди.
"Сиз бирлашиб, сиёсий жиҳатдан етарлича пухта ўйлашингиз керак эди. Шунда камида бир ёки икки аёлни сайлаш мумкин бўларди", дея у аёлларни танқид қилади.

Бу ҳар доим Сурия аёллари қиёфаси бўлиб келган. Сурия турли анъана ва қарашлардан ташкил топган жамият.
Президент Аҳмад аш-Шараа ва унинг тарафдорлари сунний исломни қатъий талқин қилади. Шу боис аввал бошда қаттиқроқ исломий қоидалар жорий этилиши мумкин, деган хавотирлар бўлган. Ҳозиргача бундай бўлмади. Шунга қарамай, айрим одамлар орасида хавотир ҳануз сақланиб қолмоқда.
Аввалига "Ал-Қоида" сафида бўлган қўмондон, кейинчалик исломий исёнкорлар етакчисига айланган Аш-Шараанинг ўзи ҳам ҳарбий кийим ўрнига ғарбча костюм кияди. У ўзини муросасоз раҳбар сифатида кўрсатмоқда.
Кабаватнинг айтишича, ўтган йил март ойида президент ҳукуматни эълон қилган биринчи куниёқ унга яна аёллар тайинланишини айтган. "У: бу ҳали олдинда, биз ҳозир ўтиш давридамиз, деди", деб қўшимча қилади у.
Уни ҳукуматда шунчаки рамзий аёл сифатида кўрсатишга қаратилган ҳар қандай даъво Кабават томонидан қатъий рад этилади.
"Мен бу ерда кўзбўямачилик учун эмасман", дейди у.
"Ишимни қилаётганимда ўзимни на насроний, на аёл деб ҳис қиламан. Ўзимни Сурия ватандоши деб биламан. Агар ўзимни озчилик вакили ёки аёл сифатида ҳис қила бошласам, қонунийлигимни йўқотаман."
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Сурат манбаси, Nabieha Altaha/Anadolu/Getty Image
Идлибдаги анжуманда жамият ўзгариб бораётганини намойиш этадиган кутилмаган ҳолат кузатилди. Кабаватни ҳаяжонга тўла ёш аёллар ўраб олишди. Улар бирин кетин қувонч билан гапиришарди.
Улар Кабават асос солган Тастакел дарсларида ўқиган собиқ талабалар эди.
"У бизга ўргатган ғояларни амалга тадбир қиляпмиз. Тайёр бўлиш учун янада кўпроқ тажриба орттиришга ҳаракат қиляпмиз", дейди улардан бири Сивар.
Қизлардан яна бири Ғуфрон фикрини таъкидлаш учун бармоғини тепага қаратиб шундай дейди:
"Ё биз қарор қабул қилиш ваколати бор жойни эгаллаймиз, ёки умуман у жойда бўлишни истамаймиз."
Кабават буни маъқуллайди.
Жуда консерватив ҳисобланган Идлибда ҳам уруш йилларида аввалги авлод аёллари фуқаролик жамиятида етакчи рол ўйнаган.
Мулойим, аммо ўзига ишонган Аҳлам ар-Рашид ҳозир вилоят ҳукуматида ижтимоий масалалар бўйича раҳбар ҳисобланади.
Қарийб ўн йил олдин, 2017 йилда, у аёллар ҳуқуқларини илгари сурган фаолияти учун BBC'нинг 100 аёл рўйхатига киритилган эди.
Фуқаролик уруши даврида, унинг айтишича, аёллар сиёсат, гуманитар ёрдам, таълим ва соғлиқни сақлаш каби кўплаб соҳаларда етакчилик қилишди. Кўпчилиги ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам, оила боқувчиси бўлиб қолишмоқда.

Биз шаҳар четидаги очиқ ҳудудда қурилган чодирлардан иборат жамлоққа бордик.
Бу ерда Рашид айтаётган, ҳозир суриялик аёллар олдида турган энг катта муаммо нималигини яққол кўриш мумкин.
Ушбу жамлоқ ва мамлакат бўйлаб шунга ўхшаш яна кўплаб жойларда уйлари ҳануз бутунлай вайрон бўлиб турган миллионлаб сурияликлар яшашади.
Кабават ўзини кутиб турган эркаклар билан саломлашиб ўтди.
Сўнг у тезгина қиқирлаб кулаётган болалар ва умид билан боқиб турган аёллар томон юрди. Аёлларнинг кўпчилиги қора кенг либос кийишган. Кабават эса, бошидаги жун қалпоғи билан ҳам қишнинг совуғини ва ҳам маҳаллий анъаналарни ҳисобга олган кўринарди.
Чодир масжид ичида у ерга ўтириб, аёлларнинг дардларини тинглайди. Уларнинг кўпчилиги бевалар. Улар ёрдамсиз, қашшоқликда оғриқлаб билан яшайдилар.
Кабават яна сўзни уларнинг ўзига қайтаради. У қўл меҳнати буюмларини тайёрлашни ўрганиб, уларни халқаро бозорда сотишни истаганлар бор-йўқлигини сўрайди. Бир зумда сон саноқсиз қўллар кўтарилади.
Сўнг у йўлини давом эттиради. Ортидан қувноқ болалар қатор бўлиб эргашишади. У ҳазил, ҳурсандчилик ва озгина умид улашади. Аммо бу болалар ва аёллар жуда муҳтож бўлган ҳақиқий ёрдам ҳали етиб келмаган.

Кейин мен ундан чодирда яшаётганини айтган одамга нималар дегани ҳақида сўрадим. У мухолифат сафида қаттиқ ишлагани, ҳануз чодирда қолганидан шикоят қилганди.
Кабават шундай жавоб берди: "Албатта, улар ҳақ. Мен уларнинг дардини ҳис қиламан."
У халқаро ҳамжамият томонидан "уюшган саъй-ҳаракатларга" зарурат борлигини таъкидлайди.
Мен эса, донорлар ҳукуматдан зудлик билан янги ҳуқуқий тизимни жорий этиш ва ошкораликни таъминлашни кутаётганини эслатдим.
"Йўқ, бу ерда улар ҳақ эмаслар", дейди у қатъият билан.
"Биз буткул вайрон бўлган мамлакатни мерос қилиб олдик. Янги давлат учун қонунларни янгилаш ва мослаштириш устида ишлаяпмиз. Бу вақт талаб қилади."
Президент Аш-Шараанинг яқин доираси вазирларнинг ўз ўринбосарларини тайинлаш ваколатини чеклаётгани ҳақида хабарлар ҳақида сўраганимда у янада қатъийлашди.
"Агар ўз ўринбосаримни тайинлай олмасам ёки ўз стратегиямни белгилашда эркин бўлмасам, шу заҳоти бу ерда қолмайман", деди у. "Мени ҳеч ким назорат қилмайди."
Унинг қўшимча қилишича, аш-Шараа "фаќат бир томонга суяна олмайди".
"Агар у ҳукуматда турли одамларни бирлаштирмаса, кенг қамровли бўла олмаса, биз яшаб қололмаймиз", деди у.

Асаддан кейинги Сурия кўплаб давлатлардан юзлаб миллион долларлик ёрдамлар олди.
АҚШ томонидан олиб борилган ҳаракатлар, президент Доналд Трампнинг шахсий қўллаб-қувватлаши билан, оғир санкциялар бекор қилинди.
Лекин Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Сурияга фақат вайрон бўлган инфратузилмани тиклашнинг ўзи учун камида 200 миллиард доллар керак бўлади. Айрим донорлар эса, мамлакат ичидаги беқарорлик ва минтақадаги кескинлик сабаб ҳозирча эҳтиёткорлик қилишмоқда. Бу ҳолат Исроилнинг ўз қўшнисига қаратилган такрорий ҳужумлари ортидан янада кучайган.
Исроил эса, бу ҳаракатларни Суриядаги қуролли гуруҳлардан келаётган таҳдидларга жавоб сифатида изоҳлайди.
Биз Кабаватнинг уйида, деворларида оилавий суратлар ва Суриянинг янги байроғи жойлашган меҳмонхонасида ўтирган пайтимиз, унинг барқарор хотиржамлиги бир лаҳзага бузилди.
"Мен одамлар азоб тортаётганларига гувоҳ бўляпман, ўзимни уларнинг оғриқлари учун ўзимни масъул ҳис қиламан", дейди у, кўз ёшини артар экан. Унинг айтишича, одамларга ёрдам бериш учун имкониятлар етмаслигини ҳис қилган пайтдагина ўзига: "Нега бу ишни бошладим?" деган саволни беради.
Шу пайт эшик ортида шовқин эшитилади. Яна бир делегация уни кутиб турган эди.
"Етар, кўз ёшлар етиб ортди", дейди у ўзини қўлга олиб. "Яна бир кун. Ва яна ишга қайтамиз."
















