Бепуштлик давоси топилди: энди терингиздан ДНК олинса етадими?

Сурат манбаси, OHSU/Christine Torres Hicks
- Author, Жеймс Галлаҳер
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
АҚШ олимлари биринчи марта одамнинг тери ҳужайраларидан олинган ДНКни ўзгартириб, уни сперма билан уруғлантириб, дастлабки босқичдаги одам эмбрионларини яратишга эришди.
Бу усул ёрдамида қарилик ёки касаллик туфайли келиб чиққан бепуштликни енгиш, тананинг исталган жойидан олинган ҳужайрани ҳаётнинг бошланғич нуқтаси сифатида ишлатиш мумкин.
Бу ҳатто бир жинсли жуфтликларга ўзига генетик жиҳатдан боғлиқ фарзанд кўриш имконини бериши мумкин.
Мазкур усулни такомиллаштиришга ўн йилча вақт керак бўлиши мумкин, шундан кейин фертиллик клиникалари уни қўллашни ўйлаб кўришлари мумкин.
Мутахассислар буни муҳим ютуқ деб баҳоласа ҳам, аммо фан нимага имкон бераётгани ҳақида жамоатчилик билан очиқ муҳокама қилиш зарурлигини ҳам таъкидлашмоқда.
Илгари кўпайиш эркак сперматозоидининг аёл тухум ҳужайраси билан учрашувидан иборат оддий жараён эди. Улар қўшилиб, эмбрион ҳосил қилади ва тўққиз ойдан сўнг чақалоқ туғилади.
Энди олимлар бу тартибни ўзгартирмоқда. Бу галги тажриба инсон терисидан бошланади.
Орегон Соғлиқни сақлаш ва фан университети тадқиқот гуруҳи ишлаб чиққан усул ёрдамида тана тузилиши учун зарур бўлган барча генетик кодлар нусхаси бўлган ядро тери ҳужайрасидан ажратиб олинади.
Сўнг у генетик кўрсатмалардан тозаланган донор тухум ҳужайрасига жойлаштирилади.
Ҳозирча бу усул 1996 йилда дунёга келган биринчи клонланган сут эмизувчи – Долли қўйини яратишда қўлланган усулга ўхшайди.

Сурат манбаси, OHSU
Бироқ, бу тухум ҳужайра сперматозоидлар билан уруғланишга тайёр эмас, чунки унда аллақачон хромосомаларнинг тўла тўплами мавжуд.
Сиз ота-онангизнинг ҳар биридан 23 тадан, жами 46 та ДНК тўпламини мерос қилиб оласиз, бу тухум ҳужайрада аллақачон мавжуд.
Шундай қилиб, кейинги босқич тухум ҳужайра хромосомаларининг ярмини йўқотишга эришишдир. Тадқиқотчилар бу жараённи "митомейоз" деб аташган (бу сўз «митоз» ва «мейоз», яъни ҳужайралар бўлинишининг икки усули қўшилишидан ҳосил бўлган).

Nature Communications журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, 82 та фаол тухум ҳужайра яратилган. Улар сперма билан уруғлантирилган ва баъзилари эмбрион ривожланишининг дастлабки босқичларига етган. Ҳеч бири олти кунлик босқичдан кейин ривожлантирилмаган.
"Биз илгари имконсиз деб ҳисобланган натижага эришдик," дейди Орегон Соғлиқни сақлаш ва фан университетининг эмбрион ҳужайралари ва ген терапияси маркази директори, профессор Шуҳрат Миталипов.
Бу усул ҳали мукаммал эмас, чунки тухум ҳужайра қайси хромосомаларни йўқотишни ихтиёрий танлайди. Касаллик олдини олиш учун у 23 турнинг ҳар биридан биттадан сақлаб қолиши керак, аммо баъзиларидан иккита сақланиб, бошқалари йўқолади.
Муваффақият даражаси ҳам паст (9% атрофида) ва хромосомалар «кроссинговер» деб аталадиган муҳим жараённи ўтказиб юборади.
Бу соҳада дунёга машҳур олим проф. Миталипов менга шундай деди: "Биз уни такомиллаштиришимиз керак.
Охир-оқибат, ўйлашимча, келажак айнан шу йўналишда ривожланади, чунки фарзанд кўра олмайдиган беморлар сони тобора ортиб бормоқда."

Сурат манбаси, OHSU/Christine Torres Hicks
Ушбу технология сперматозоидлар ва тухум ҳужайраларини танадан ташқарида ишлаб чиқаришга қаратилган, in vitro gametogenesis деб аталадиган ривожланаётган соҳанинг бир қисмидир.
Бу ёндашув ҳозирча клиник амалиётда эмас, балки илмий кашфиёт босқичида, аммо мақсад ЭКУ (сунъий уруғлантириш) дан фойдалана олмайдиган жуфтликларга ёрдам беришдир, чунки уларда бунинг учун сперма ёки тухум ҳужайралари бўлмайди.
Бу усул тухум ҳужайралари йўқ бўлган кекса аёлларга, етарли миқдорда сперма ишлаб чиқармайдиган эркакларга ёки саратонга қарши даволаниш натижасида бепушт бўлиб қолган одамларга ёрдам бериши мумкин.
Бу соҳа ота-оналик тушунчасини ҳам қайта шакллантирмоқда. Бугун тавсифланган усул ёрдамида аёлнинг тери ҳужайраларидан фойдаланиши шарт эмас – у эркакнинг ҳужайраларидан ҳам фойдаланиши мумкин.
Бу бир жинсли жуфтликларга улар билан генетик жиҳатдан боғлиқ бўлган фарзанд кўриш имконини беради. Масалан, бир жинсли эркаклар жуфтлигида битта эркакнинг териси тухум ҳужайра яратиш учун, иккинчисининг спермаси эса уни уруғлантириш учун ишлатилиши мумкин.
"Бу усул нафақат тухум ёки сперматозоид етишмаслиги туфайли бепушт бўлган миллионлаб одамларга умид беради, балки бир жинсли жуфтликларга ҳам улар билан генетик жиҳатдан боғлиқ фарзанд кўриш имкониятини яратади," дейди Орегон Соғлиқни сақлаш ва фан университети профессори Паула Амато.
Жамоатчилик ишончини қозониш
Ҳалл университетининг репродуктив тиббиёт профессори Рожер Стурми бу илмий ютуқни "муҳим" ва "таъсирчан" деб баҳолади.
У яна қўшимча қилди: "Бундай тадқиқотлар репродуктив соҳадаги янги ютуқлар ҳақида жамоатчилик билан очиқ мулоқот қилиш нақадар муҳимлигини кўрсатади.
Бундай кашфиётлар кучли назорат тизимини яратиш, ҳисобдорликни таъминлаш ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлайди."
Эдинбург университетининг Репродуктив саломатлик бўйича МRC маркази директор ўринбосари, профессор Ричард Андерсон янги тухум ҳужайраларни яратиш имконияти "катта ютуқ бўлишини" айтди.
"Албатта, жиддий хавфсизлик масалалари бўлади, аммо бу тадқиқот кўплаб аёлларга ўзларининг генетик фарзандларини дунёга келтиришда ёрдам бериш йўлидаги муҳим қадамдир", дейди у.












