Икки юз марта илон чаққан одам қонидан энг кучли зидди заҳар олинди

Қора мамба, шубҳасиз, дунёдаги энг хавфли илон ҳисобланади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қора мамба, шубҳасиз, дунёдаги энг хавфли илон ҳисобланади.
    • Author, Жеймс Галлаҳер
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

АҚШлик бир эркак 20 йилга яқин вақт давомида ўзига атай илон заҳрини юбориши натижасида унинг қони "мисли кўрилмаган" антидотни пайдо қилди, деб таъкидламоқда олимлар.

Ҳайвонлар устида ўтказилган тажрибаларда Тим Фриднинг қонида топилган антитаналар илон турларининг ўлимга олиб келадиган заҳар дозаларидан ҳимоя қилиши аниқланди.

Ҳозирги даволаш усуллари илон чаққан одамнинг айнан қайси турдаги илон чаққанига мос келиши керак.

Бироқ, жаноб Фриднинг 18 йиллик саъй-ҳаракатлари барча илон чақишларига қарши универсал антидот топишда муҳим қадам бўлиши мумкин. Илон чақиши йилига 140 000 гача одамни ўлдиради ва ундан уч баравар кўп одамни ампутацияга ёки доимий ногиронликка олиб келади.

Умуман олганда, жаноб Фрид дунёдаги энг заҳарли илонларга, жумладан, мамба, кобра, тайпан ва крайтларнинг кўплаб турларига 200 дан ортиқ марта ўзини чақтирган ва 700 дан ортиқ заҳар инъекцияларини олган.

У дастлаб илонлар билан ишлашда ўзини ҳимоя қилиш учун иммунитет ҳосил қилмоқчи бўлган ва ўз тажрибаларини YouTube'да ҳужжатлаштирган.

Аммо собиқ юк машинаси механиги бўлмиш Фрид иккита кобра кетма-кет чаққач комага тушиб қолганида, "бутунлай расво бўлганини" айтади.

Алоқадор мавзулар:

"Мен ўлишни истамасдим. Бармоғимни йўқотишни ҳам, ишдан қолишни ҳам хоҳламасдим," дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Жаноб Фриднинг мақсади дунё аҳолиси учун яхшироқ даволаш усулларини ишлаб чиқиш эди. У шундай тушунтирди: "Бу шунчаки ҳаёт тарзига айланди ва мен ўзимдан 10 000 км узоқликда илон чақишидан вафот этаётган одамлар учун имкон қадар кўпроқ ҳаракат қилишда давом этдим".

"Қонингиздан бир оз олсам майлими?"

Ҳозирги вақтда антитоксин ҳайвонларга, масалан, отларга илон заҳарини кичик дозаларда юбориш орқали тайёрланади. Уларнинг иммун тизими антитаналар ишлаб чиқариш орқали заҳарга қарши курашади ва бу антитаналар кейинчалик дори сифатида ажратиб олинади.

Бироқ заҳар ва унга қарши восита бир-бирига жуда мос келиши керак, чунки токсинлар бир илон туридан бошқасига фарқ қилади.

Ҳатто бир турнинг ўзида ҳам катта фарқлар мавжуд. Масалан, Ҳиндистондаги илонлардан тайёрланган антитоксин Шри-Ланкадаги худди шу турдаги илонларга нисбатан камроқ самарали.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Тадқиқотчилар жамоаси кенг нейтраллаштирувчи антитаналар деб аталадиган иммунитет ҳимоясини излай бошлади. Бу антитаналар токсиннинг ўзига хос қисмини эмас, балки уларнинг бутун синфлари учун умумий бўлган қисмларини нишонга олади.

Айнан шу пайтда Centivax биотехнология компаниясининг бош ижрочи директори доктор Жейкоб Гланвилл Тим Фрид ҳақида эшитиб қолди.

"Дарҳол хаёлимга келди: Агар дунёда кимдир бу кенг миқёсда нейтраллаштирувчи антитаналарни ишлаб чиққан бўлса, бу айнан у бўлади. Шу заҳоти унга мурожаат қилдим," дейди Гланвилл.

"Биринчи қўнғироқда мен "бу ғалати туюлиши мумкин, лекин сизнинг қонингиздан бироз олишни истардим" дедим."

Жаноб Фрид рози бўлди ва тадқиқот ахлоқий жиҳатдан маъқулланди, чунки ундан фақат қон олинади, унга қўшимча заҳар берилмайди.

Тим Фрид (ўртада) илон чаққанлар учун самаралироқ даво усулларини ишлаб чиқишга ёрдам беришни истаган.

Сурат манбаси, Jacob Glanville

Сурат тагсўзи, Тим Фрид (ўртада) илон чаққанлар учун самаралироқ даво усулларини ишлаб чиқишга ёрдам беришни истаган.

Тадқиқот маржон илонлар, мамбалар, кобралар, тайпанлар ва крайтлар каби заҳарли илонларнинг иккита оиласидан бири бўлган элапидларга қаратилган.

Элапидлар ўз заҳарларида асосан нейротоксинлардан фойдаланади, бу эса қурбонни фалажлайди ва нафас мушакларини тўхтатганда ўлимга олиб келади.

Тадқиқотчилар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан сайёрамиздаги энг хавфли илонлар қаторига киритилган 19 та элапидни танлаб олишди. Шундан сўнг улар жаноб Фриднинг қонидан ҳимоя воситаларини излай бошлашди.

Jacob Glanville
Timning antitanalari haqiqatan ham g‘ayriodatiy – u o‘zining immunitet tizimini juda keng doirada zaharlarni tanib olishga o‘rgatgan.
Professor Piter Kvong
Kolumbiya universiteti (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Уларнинг Cell журналида батафсил ёритилган тадқиқотлари икки синф нейротоксинларига таъсир қилиши мумкин бўлган иккита кенг миқёсда нейтраллаштирувчи антитаналарни аниқлади. Улар ўзларининг антидот коктейлини тайёрлаш учун учинчи бир токсин турини нишонга оладиган дори қўшдилар.

Сичқонлар устида ўтказилган тажрибаларда бу коктейль 19 турдаги заҳарли илоннинг 13 тасидан ўлимга олиб келадиган дозалардан ҳайвонларни ҳимоя қилди. Қолган олтитасига қисман ҳимоя таъминланди.

Доктор Гланвиллнинг айтишича, бу ҳимоянинг "мисли кўрилмаган" қамрови бўлиб, у "эҳтимол, ҳозирги вақтда заҳрига қарши антидот мавжуд бўлмаган кўплаб элапид турларини қамраб олади".

тадқиқотчилар

Сурат манбаси, Jacob Glanville

Жамоа антитаналарни янада такомиллаштириш ва тўртинчи компонентни қўшиш элапид илон заҳаридан тўлиқ ҳимояланишга олиб келиши мумкинлигини текширишга ҳаракат қилмоқда.

Илонларнинг бошқа синфи – қораилонсимонлар нейротоксинларга эмас, балки қонга ҳужум қиладиган гемотоксинларга кўпроқ таянади. Илон заҳарида жами ўнлаб кенг тоифадаги токсинлар мавжуд бўлиб, улар ҳужайраларни тўғридан-тўғри ўлдирадиган цитотоксинларни ҳам ўз ичига олади.

"Ўйлайманки, кейинги 10 ёки 15 йил ичида бизда ушбу токсин синфларининг ҳар бирига қарши самарали восита бўлади," дейди Колумбия университети тадқиқотчиларидан бири профессор Питер Квонг.

Жаноб Фриднинг қон намуналари устида изланишлар давом этмоқда.

"Тимнинг антитаналари ҳақиқатан ҳам ғайриодатий – у ўзининг иммунитет тизимини жуда кенг доирада заҳарларни таниб олишга ўргатган," дейди профессор Квонг.

Пировард мақсад – барча ҳолларда ишлатиладиган заҳарга қарши ягона воситага эга бўлиш ёки элапидлар учун битта ва қораилонсимонлар учун бошқа бир инъекция яратишдир.

Ливерпул тропик тиббиёт мактабининг илон чақиши бўйича тадқиқотлар маркази раҳбари, профессор Ник Кейсвелл хабар қилинган ҳимоя кенглигини "шубҳасиз янгилик" деб таърифлади ва бу ёндашувнинг амалга ошириш мумкинлигига "кучли далил" сифатида баҳолади.

"Бу иш, шубҳасиз, соҳани олдинга силжитмоқда."

Бироқ, у ҳали "кўп иш қилиш кераклиги" ва заҳарга қарши воситани одамларда қўллашдан олдин кенг кўламли синовлардан ўтказиш зарурлигини таъкидлади.

Жаноб Фрид учун эса бу босқичга эришиш "мени мамнун этади".

"Мен инсоният учун фойдали иш қилаётганимдан хурсандман ва бу мен учун жуда муҳим эди. Мен бу билан фахрланаман", дейди Фрид.