Юриб ел чиқариш мустаҳкам соғлик гаровими?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Сара Белл
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ел чиқарганимизни кўпчилигимиз тан олгимиз келмайди.
Бироқ, овқатдан кейин ортиқча газни чиқариш учун юриш машқи бўлган "ел чиқариш сайри" ижтимоий тармоқларда соғломлаштириш трендига айланди. Бу ҳаммамизга керакли машғулотми?
Унинг ташаббускорлари орасида профессионал хонадон иқтисодчиси ва актриса Мейрлин Смит бўлиб, унинг эри билан сайр қилган видеолари Instagram ва TikTok'да миллионлаб марта кўрилган.
"Кўп йиллар олдин биз кечки овқатдан кейин итимизни сайр қилдирардик ва буни "ел чиқариш сайри" деб атай бошладик – чунки биз ташқарига чиқиб ел чиқарардик ва буни итга тўнкардик," дея тушунтиради у ҳазил билан.
Нима учун "ел чиқариш сайрлари" фойдали?
Ғоя ва унинг номи кулгили бўлиши мумкин, аммо "ел чиқариш сайрлари"нинг соғлиқ учун фойдаси бор – биринчи навбатда, овқатдан кейин тўпланиб қолган газни чиқариб юборишга ёрдам беради.
Бунинг сабаби, овқат, сув ёки сўлакни ютганингизда, ҳавони ҳам ютасиз ва у ҳазм қилиш тизимида тўпланади. Ҳазм қилиш жараёнида ва ҳазми оғир озиқ-овқатларни истеъмол қилишда ҳам газлар тўпланиши, баъзи дори-дармонлар ва озиқ-овқатни кўтара олмаслик қоринни дам қилиши мумкин.
"Юрганингизда, аслида, ошқозон-ичак йўлларини массаж қиласиз. Бу барча газларни чиқариб ташлашга ёрдам беради, – дейди Канаданинг Торонто шаҳридан саккизта бестселлерга айланган пазандалик китоблари муаллифи Мейрлин.
Жисмоний машқлар, шунингдек, йўғон ичакдаги микроблар – ичакларимизда яшайдиган майда организмлар, айниқса, қисқа занжирли ёғ кислоталарини ишлаб чиқарадиганлари миқдори ижобий ўзгаришига олиб келади. Булар ичак саломатлиги учун фойдали моддалардир.
"Микроблар ичакда табиий учрайдиган ўт кислоталари деб аталадиган бошқа моддаларни ҳам ўзгартиради. Шу икки ўзгариш ичакнинг ҳаракатчанлигини оширади ва айнан шу нарса қабзиятни енгиллаштиради ҳамда одамларга газ чиқаришга ёрдам беради," дея тушунтиради овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари бўйича Guts UK хайрия ташкилотининг ахборот менежери Жули Томпсон.

Сурат манбаси, Mairlyn Smith
Маълумки, пиёда юриш юрак-қон томир саломатлигига ёрдам беради, иммунитетни оширади, қондаги қанд миқдорини барқарорлаштириш ва унинг кескин кўтарилиши олдини олиш орқали 2-тур қандли диабет ривожланиш хавфини камайтиришга ёрдам беради.
"Овқатланиб бўлгандан сўнг ўтирмай ҳаракат қилсангиз, мушакларингиз овқатдан кейин қондаги глюкоза учун губка каби ишлайди," деб тушунтиради Мейрлин.
"Бу хавфни камайтиришнинг ягона йўли эмас, аммо кичик одатлардан бири бўлиб, вақт ўтиши билан фойдаси ортиб боради."
"Ел чиқариш сайрлари" ва толали таомлар
"Ел чиқариш сайрлари" одамларга кўпроқ тола истеъмол қилишига ёрдам беради, дейди Буюк Британияда рўйхатдан ўтган диетолог Эмма Бардвелл, у тола ҳақида китоб ёзган.
"Дунё бўйича тахминан 90 фоиз аҳолида тола истеъмоли кунлик тавсия этилган 30 граммга етмайди. Менимча, одамларни қорин дам бўлиши ва газ каби кўплаб ножўя таъсирлар чўчитади. Шунинг учун бу "ел чиқариш сайрлари" энг яхши чорадир", дейди у.
Бу муҳим, чунки тола истеъмол қилиш соғлиқ учун фойда келтиради.

Сурат манбаси, Emma Bardwell
"У холестеринни пасайтиришга, қондаги глюкоза миқдорини назорат қилишга, қабзият олдини олишга ёрдам беради. Ҳатто юрак касалликлари, 2-тур қандли диабет ва баъзи турдаги саратонлар, айниқса, йўғон ичак саратони олдини олишга ёрдам беради," дейди Эмма.
Тола, шунингдек, ичак микробиомасини ташкил этувчи ичак микробларини озиқлантиради.
"Улар бу толани истеъмол қилади, уни ферментлайди, метаболитларни яратади, кейин булар тана бўйлаб тарқалади ва кўплаб фойда келтиради, B12 каби витаминларни синтез қилишдан тортиб серотонин каби нейротрансмиттерларни яратишгача – бу ҳатто кайфиятни яхшилашга ҳам ёрдам бериши мумкин," деб тушунтиради у.
Руҳий саломатлик учун фойдаси
Bu g‘oya ommalashganidan juda xursandman, chunki mening yagona maqsadim odamlarni o‘rnidan turishga undash edi.
Очиқ ҳавога чиқиш ва сайр қилиш руҳий саломатликни яхшилайди, чунки жисмоний машқлар эндорфинлар ва серотонин каби фойдали кимёвий моддаларни ишлаб чиқаради. Шунингдек, у сизни ташвишлардан чалғитишга ва яхшироқ ухлашга ёрдам беради.
Пиёда юриш муносабатларингизни ҳам мустаҳкамлайди. Мейрлиннинг айтишича, улар кўп вақт карьера ва оила билан банд бўлганларида, бу эр-хотин вақт ўтказиши учун яхши усул.
"Мабодо эрим уйда бўлмаса, дўстим ёки қўшним билан айланаман ва бу алоқа ўрнатишнинг ажойиб усули," дейди у.
Мейрлин Ковид пандемияси пайтида одамларни хурсанд қилиш учун Instagram'да ўз сайрларини жойлаштира бошлади. Кейин, 2023 йилда у музда сирпаниб йиқилди ва бош мия жароҳати олди – видеолар ёзиш унинг соғайиш жараёнининг бир қисмига айланди.
"Мен шунчаки телефонимни олиб, бу ҳақда гапира бошладим ва ўйладим: «Агар мен шу билан эсда қолсам, жуда қизиқ бўларди," дейди у.
"Ел чиқариш" сайри қандай бўлади?
Идеал ҳолда, ҳар овқатдан сўнг ҳаракат қилиш керак, лекин энг яхши вақт асосий таомдан кейин, кўпчилик учун бу кечки овқатдир.
Қатъий қоидалар йўқ, аммо Эмма овқат ҳазм бўлиши учун тахминан 30 дақиқадан бир соатгача кутишни тавсия этади. Сайр узоқ ва оғир бўлиши шарт эмас.
"Ўн дақиқа кифоя. Мураккаблаштирмаслик керак," дейди у.
Бунинг учун ўзингизга қулай пойабзал ва об-ҳавога мос кийим керак, холос.
Эмма айтишича, ижтимоий тармоқларда соғлом бўлиш баъзан қиммат ускуналар билан ҳаддан ташқари мураккаблаштирилади.
"Овқатдан кейин сайр қилиш ҳақида гапириш жуда ёқимли, чунки бу кўпчилик учун тушунарли, мутлақо бепул," дейди у.
Мейрлин қўшимча қилишича, "ел чиқариш сайри"ни кундалик одатга айлантириш соғлом турмуш тарзини таъминловчи "ажойиб кичик одат"дир.
"Ана шундай кичик одатлар сизга йўлдан адашмай, ўзингизни яхши ҳис қилишингизга ёрдам беради," дейди у.
"Бу ғоя оммалашганидан жуда хурсандман, чунки менинг ягона мақсадим одамларни ўрнидан туришга ундаш эди".












