Ўзбекистон денгизга чиқмоқчи: яқин йилларда бунинг имкони борми? Видео

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ҳар томонлама қуруқлик билан чегараланган Ўзбекистон йиллардирки денгиз савдо йўлларига чиқишга интилиб келади. Айни мақсад охирги пайтларга келиб мамлакатнинг ташқи сиёсатида муҳим кун тартибига айланган.

Кузатувчилар Ўзбекистон учун шарқ, жануб ва ғарбга чиқиш инкор этиб бўлмас зарурат эканлигини таъкидлайди. "Ўзбекистон транспорт тизимини 2035-йилгача ривожлантириш стратегияси" ҳам асосий эътиборни ғарб ва жанубга қаратиб, уларни муҳим йўналиш сифатида кўради.

Бироқ, айни лойиҳаларнинг амалга ошиши қанчалик ҳақиқатга яқин? Афғонистон ҳануз сиёсий барқарор бўлмаган давлат сифатида қаралади. Ғарбга элтувчи йўналишда эса қатор трансчегаравий ва техник қийинчиликлар бор.

Мавжуд зарурият ҳамда имкониятлар манзарасида, шарқ, ғарб ва жанубга интилиш мамлакатнинг стратегик аҳамиятини ошириши мумкин. Аммо бунга эришишда ҳали кўп қадамлар босиб ўтилиши керак, дейди кузатувчилар.

Денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар анжумани

4-5 август кунлари Туркманистон БМТнинг денгизга чиқишга имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар кенференциясига мезбонлик қилди. Маълумотларга кўра, денгиз йўллари жаҳон савдо айланмасининг 80 фоизини ташкил қилади.

Бироқ, дунёнинг 32 мамлакатида уларга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти мавжуд эмас. Бу эса айни ҳудудлардаги савдо муносабатлари ва транспорт алоқаларини сезиларли даражада секинлаштиради. Тадбир давомида нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам масаланинг айни жиҳатига алоҳида тўхталган.

"Бугун бизни бирлаштирган кун тартиби фундаментал масала — адолат масаласига дахлдордир. Бу — денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган давлатларга жаҳон иқтисодиётида тенг шароитларда иштирок этиш имкониятини таъминлашдир," — деган у.

Шу билан бирга, президент Мирзиёев Ўзбекистон денгизга чиқиш учун қилаётган лойиҳаларни алоҳида урғулаган. Улар орасида мамлакатни шарқ билан боғловчи Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли, жанубга чиқувчи Транс-Афғон темирйўли ҳамда минтақани ғарб билан боғловчи Транс-Каспий йўлаги мавжуд.

Ўзбекистон йиллардирки айни лойиҳаларни муҳим приоритет сифатида кўриб келади. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши аллақачон бошланган. Бироқ, Афғонистонда ҳануз мавжуд беқарорлик ҳамда ғарбий йўналишдаги трансчегаравий муаммолар мамлакатнинг сўнгги икки лойиҳасини савол остида қолдиради.

Ўзбекистон учун ҳақиқатан денгиз савдо йўлакларига қўшилишнинг имкони борми?

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон

"Бир макон, бир йўл" Ўзбекистонни шарққа, Хитойга яна-да яқинроқ қилувчи лойиҳадир. Унинг доирасида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон магистрал темир йўлининг қурилиши мамлакат учун истиқболли эшикларни очиши кутилмоқда. Бироқ, салкам 30 йил деганда ҳақиқатга кўчган ташаббусда эҳтимолий хавф ҳам бўлиши мумкин.

Илк ташаббус 1996 йилда илгари сурилганига қарамай, йиллардирки турли сиёсий, иқтисодий, техник ва геосиёсий сабаблар билан ортга суриб келинган эди. Бирламчи сабаб ўлароқ талқин этиладиган Қирғизистондаги сиёсий беқарорлик лойиҳа ишини 12 йилга кечиктиргани айтилади. 2012 йилда Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг Пекинга ташрифи билан, магистрал масаласи яна кун тартибига чиқди.

Бироқ, Россия темир йўл лойиҳасига хайрихоҳ эмасди. Негаки, шу вақтга қадар Хитойни Ғарбга боғлаб келган асосий транспорт йўлаги, Транс-Сибир темир йўли унинг ҳудудидан ўтади. Жумладан, Марказий Осиёнинг икки давлати билан Хитой алоқаларининг кенгаюви ва савдо кўламида Россиядан узоқлашуви Москва учун геосиёсий сигнал эди.

"Россияни лойиҳадан четлаштириш Марказий Осиёни ўз таъсир доирасида кўрувчи Москванинг танқидига учради. Бироқ, 2022 йилда Россия Украинага бостириб кирди ва Ғарб санкциялари қуршовида қолди. Бунга қарши туришда Хитойнинг кўмагига муҳтож бўлганидан ҳам, у магистралнинг кейинги тақдирига аралаша олмади," деб ёзган "The Jamestown Foundation" тадиқиқотчиси Сед Фазле Ҳайдер "The Central Asia-Caucasus"да чоп этилган мақоласида.

Темир йўл ишга тушиши билан Ўзбекистон ва Қирғизистон Хитой экспорти учун муҳим транзит мамлакатларга айланади. Ҳар икки давлат минтақавий ва глобал савдодаги иқтисодий ролини ошириб, транзит тўловларидан сезиларли фойда олиши мумкин.

Охирги босқичда лойиҳа Европа, Туркманистон, Эрон ва Туркиядаги темир йўл тизимлари билан интеграциялашишни мақсад қилган. Бу шимол таъсиридан чиқиш ва янги йўлларни кашф этишга муттасил интилётган Ўзбекистон манфаатларига ҳам мос ёндашувдир.

Транс-Каспий йўлаги

Ўзбекистон учун муҳим транспорт йўлакларидан бири бу Транс-Каспий коридоридир. Қозоғистондан Туркия ва Европагача чўзилувчи коридор йўналиши Ўзбекистонни четлаб ўтади. Бироқ, йилладирки Ўзбекистон қўшнилари Қозоғистон ва Туркманистон орқали ушбу йўлакка чиқишга ҳаракат қилиб келади.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши билан жараён тезлашиши мумкин. Мамлакатда Хитой ва Европа инфратизилмасини боғловчи марказ бўлиш имконияти туғилади.

Йўлакка қўшилиш Ўзбекистон учун аҳамиятли лойиҳадир. У орқали Туркия ва Европага осонроқ чиқиш мумкин. Аммо бир вақтнинг ўзида амалга оширилётган бошқа қатор транспорт лойиҳалари ҳисобга олинса, "Ўрта коридор"да стратегик аҳамият касб этиш мамлакат учун ўн йилликларга чўзилиши мумкин.

Аллақачон коридорда муҳим йўналишга эга бўлган Қозоғистон билан рақобатлашиш учун замонавий инфратузилма ҳамда йирик ҳамкорлар зарур. Бироқ, мустақил таҳлилчи фикрича, Транс-Каспий йўлаги Ўзбекистон учун жуда катта ютуқларни ваъда қила олмайди.

"Шахсан мен Транс-Каспий йўналиши туб ўзгариш олиб келади, деган фикрга тўлиқ ишонмайман. Кўплаб логистика компаниялари менга имкон туғилиши билан Россия йўналишига қайтишга тайёр эканликларини айтишди. Уларни бундан тўсиб турган ягона нарса вақтинчалик санкциялар, холос", - дейди у.

Шу билан бирга, Жо Барнес кўп мамлакатлардан ўтувчи мультимодал транспорт йўлагида логистик муаммолар кўп бўлиши ҳамда ҳамда Каспий денгизининг аста-секин қисқариб бораётгани Транскаспий йўлагининг тақдирини савол остида қолдиришини таъкидлайди.

Транс-Афғон темирйўли

Қуруқликда савдо алоқаларини йўлга қўйиш билан бирга Ўзбекистон учун денгизга чиқиш ҳар доимгидан-да муҳимроқ. Бунинг учун жанубга юзланиш керак: Эроннинг Чабаҳар ва Бандар Аббас портлари орқали Форс кўрфазига чиқиш; Покистоннинг Карачи порти орқали Ҳинд океанига чиқиш.

Ҳар икки йўл самарали кўринади. Аммо уларнинг қанчалик истиқболли экани савол остида. Афғонистондаги сиёсий беқарорлик ҳамда Эроннинг санкциялар қуршовидалиги вазиятни чигаллаштириши мумкин.

Йиллардирки Ўзбекистон Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар трансафғон темирйўли лойиҳасини амалга ошириш учун ҳаракат қилиб келади. Лойиҳа орқали Марказий Осиё мамлакатлари учун Покистоннинг йирик денгиз портларига чиқиш йўли очилади.

Темир йўл ишга тушса, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш 35 эмас, 3-5 кун давом этади. Бундан ташқари, битта стандарт контейнерни ташиш нархи қарийб уч баробарга арзонлашиши мумкин.

Бироқ, Афғонистон ва Покистон ўртасида ҳануз мавжуд келишмовчиликлар қурилиш бошланмасданоқ унинг истиқболига соя солиши мумкин. Шунга қарамай, Ўзбекистон Транспорт вазири Маҳкамов 2025-йилда лойиҳага тамал тоши қўйилишига умид боғлаган.

Мустақил таҳлилчи Жо Барнесга кўра, жануб билан иқтисодий алоқалар доим ҳам силлиқ кечмайди. Ҳудуддаги ҳам ички, ҳам трансчегаравий муаммолар исталган пайт беқарорлашиши мумкин.

"Албатта, бу хавфли йўл, лекин Ўзбекистон ҳукумати бу хавфни ўзини оқлайдиган имконият сифатида кўраётган бўлиши мумкин. Энг яхши ҳолатда, бу йўлак мамлакатга Покистон орқали денгизга чиқиш имконини беради, узоқ муддатда эса, агар Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар яхшиланса, Ҳиндистон билан савдо йўлаги очилиши мумкин.

Шунингдек, Афғонистонга сармоя киритмасликнинг салбий таъсирларини ҳам ҳисобга олиш лозим. Бу мамлакат камбағалликда қолаверади. Бу эса Ўзбекистон жанубий чегарасида беқарорлик ва экстремизм хавфини янада кучайтиради," – дейди у.

Трансафғон темир йўли Ўзбекистонни нафақат Покистон ва Ҳиндистонга, балки минтақадаги яна бир муҳим томон, Эронга боғлайди. Сўнгги йиллардаги ўзаро давлат ташрифлари ва визасиз режимнинг жорий этилиши ҳисобга олинса, темир йўл қурилиши манзарасида Ўзбекистон-Эрон муносабатлари ҳақиқатан илиқлашган кўринади.

Эрон Ўзбекистон учун муҳим географик устунликлар беради. Аммо унинг Ғарб санкциялари остида эканлиги вазиятни қийинлаштириши мумкин.

Авазадаги конференция эса Ўзбекистон денгиз йўлларига жиддий муносабатда эканлигини яна бир бора кўрсатди. Мамлакатнинг савдо салоҳияти ҳақида гапирар экан, президент Мирзиёев денгиз савдо йўлларига чиқа олиш бу ҳар бир давлат учун таъминланиши керак бўлган фундаментал адолат масаласи эканлигини урғулади.

Таҳлилчи Жо Барнесга кўра, Ўзбекистон айни геосиёсий тарангликларнинг оқибати қандай бўлишидан қатъий назар, иқтисодий ўсишни денгиз йўлларида кўрмоқда:

"Менингча, Тошкентнинг минтақавий транспорт марказига айланиш режалари ўз-ўзидан фойдалидир. Геосиёсий ўзгаришлардан қатъиназар, бу Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг юраги бўлишига ва минтақавий интеграция жараёнини тезлаштиришга хизмат қилиши мумкин. Бу эса минтақанинг ташқи кучларга боғлиқлигини камайтиради. Албатта, молиялаштириш маълум давлатларга таъсир кучи бериши мумкин, муҳим жиҳат — кредитлар турли манбалардан олиниши ва ҳар бир лойиҳа бўйича иқтисодий фойда баҳоланиши керак, шундан сўнггина амалий иш бошланиши лозим."