Биринчи ўпишиш 21 миллион йил аввал пайдо бўлган, дейди олимлар

    • Author, Виктория Гилл
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Одамлар, маймунлар ва ҳатто оқ айиқлар ҳам бу ишни амалга оширишади. Эндиликда олимлар ўпишишнинг эволюцион илдизларини қайта тиклашди.

Тадқиқотга кўра, оғиздан-оғизга ўпишиш 21 миллион йилдан олдин пайдо бўлган бўлиб, бу одамлар ва маймунларнинг умумий аждодларига хос бўлган.

Тадқиқот шунингдек неандерталларнинг ҳам ўпишган бўлиши мумкинлигини, ҳатто одамлар ва неандерталлар бир-бирини ўпган бўлиши эҳтимолини кўрсатди.

Ўпишиш эволюцион жумбоқ ҳисобланади. Унинг мавжудотнинг тирик қолиши ёки кўпайиши учун фойдаси бўлмаса-да, у нафақат кўплаб инсонлар орасида, балки ҳайвонлар оламининг кўп қисмида ҳам кузатилади. Шу сабабдан олимлар бу ҳодисани ўрганиш учун мазкур тадқиқотни амалга оширган.

Бошқа ҳайвонлар ўзаро ўпишгани ҳақида далилларни топиб, олимлар "эволюцион насл дарахти" ни тузишга муваффақ бўлишди.

Турли хил ҳайвон турлари ўртасида бир хил хатти-ҳаракатларни таққослаш учун тадқиқотчилар "ўпишиш"га жуда аниқ, балки романтик бўлмаган таъриф беришлари керак эди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Эволюция ва инсон хулқ-атвори номли журналда чоп этилган тадқиқотда, улар ўпишишни агрессив бўлмаган "овқат ўтказилмасдан, лаб ва бошқа оғиз қисмларининг ҳаракатланиши" дея, тўғридан-тўғри оғиз-оғиз контакти сифатида таърифлашди.

Оксфорд университетининг эволюция биологияси бўйича олима Матилда Бриндел: "Инсонлар, шимпанзелар ва боноболар бир-бирларини ўпишади", деб тушунтирди. У шундай хулосага келди: "Уларнинг энг яқин аждодлари ўзаро ўпишган бўлиши мумкин. Назаримизда, ўпишиш 21,5 миллион йил олдин йирик маймунларда пайдо бўлган".

Бу тадқиқотда улар ўз илмий таърифларига мос келадиган ўпишиш хатти-ҳаракатини бўрилар, чўл итлари, оқ айиқлар (чиндан ҳам нозик ва жуда кўп тил ҳаракати билан) ва ҳатто альбатрослардан ҳам топишди.

Олимлар одамдаги ўпишувнинг келиб чиқиш эволюцион манзарасини яратиш учун асосан приматларга, айниқса одамга яқин маймунларга эътибор қаратишди.

Тадқиқот тахминан 40 минг йил аввал йўқ бўлиб кетган инсониятнинг энг яқин қадимги қариндоши неандерталлар ҳам ўпишганини кўрсатди.

Неандертал ДНКси бўйича қилинган тадқиқот замонавий одамлар ва неандерталлар оғиз бўшлиғида яшовчи сўлакда учрайдиган бактериялар ва микробларнинг бир турини ўзаро алмашишганини кўрсатган эди.

"Бу топилма икки тур ажралиб кетганидан кейин ҳам юз минглаб йиллар давомида улар сўлак алмашинишганини англатади" дея тушунтирди доктор Бриндел.

Мазкур тадқиқот ўпишиш қачон пайдо бўлганини аниқлаган бўлса-да, "нима учун" деган саволга жавоб топа олмади.

Бунга доир бир нечта назариялар мавжуд бўлиб, айтилишича, ўпишиш бизнинг маймун аждодларимиздаги тозалаш ёки парвариш қилиш хатти-ҳаракатидан келиб чиққани ёда жуфтнинг соғлиғи ёки мослигини баҳолашнинг яқин, интим усули бўлиши мумкин.

Доктор Бриндел бу тадқиқот мазкур саволга жавоб топишда янги йўл очади, дея умид қилади.

"Бу хулқ-атвор бизнинг инсон бўлмаган қариндошларимиз билан бўлишадиган жиҳатларимиздан бири эканини тушунишимиз муҳим," деди у.

"Биз бу ҳолатни ўрганишимиз керак, инсонларда романтик маънога эга бўлгани учун уни шунчаки эътиборсиз қолдирмаслигимиз лозим."