Доллар қадрсизланишда давом этяпти, аммо Трамп бундан қандай ютади?

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images
Доллар қиймати тушишда давом этяпти.
Доналд Трамп январда Оқ Уйга қайтиши билан бошлаган савдо уруши манзарасида АҚШ валютаси қадрсизланмоқда.
Бу ҳафта у евро, япон йенаси ва британ фунтига нисбатан охирги уч йилдаги энг паст нархлардан бирига қулади. Май ойида АҚШдаги саноат фаолияти учинчи ойдирки пасайишда давом этди.
Ўзбекистонда ҳам 27 май ҳолатига кўра, кундузги савдолар якунлари бўйича доллар курси 53 сўмга, 28 майда эса яна 55,77 сўмга тушиб, 12 831,13 сўмни ташкил қилди. Бу ўтган йил декабрь ойи бошидан бери энг паст кўрсаткичдир. Май ойида доллар сўмга нисбатан 0,8% қадрсизланди (2024 йил май ойида — 0,2%).
Бунинг таъсири фақат америкаликлар ҳаёти, ҳамда ўз иқтисодларини АҚШ доллари билан боғлаган давлатлардагина эмас, кенгроқ халқаро иқтисодда ҳам сезилади.
Трампнинг савдо уруши давом этар ва дунёдаги энг йирик иқтисод секинлар экан, Morgan Stanley, JP Morgan ва Goldman Sachs каби баъзи сармоя банклари долларнинг яна тушишини башорат қиляптилар.
"Доллар қиймати Трампнинг протекционист ва тутуриқсиз сиёсати туфайли қулади ва бу АҚШнинг обрўини туширяпти», - дейди Мексикада жойлашган BASE молиявий гуруҳининг иқтисодий таҳлил бўйича директори Габриэла Силлер.

Сурат манбаси, Getty Images
Силлерга кўра, президентнинг қарорлари АҚШнинг ўсиш истиқболларига таъсир қилади ва доллардан хавфсиз ечим сифатида фойдаланаётган давлатларда шубҳа уйғотади.
Доллар қиймати тушишининг бевосита оқибатларидан бири шуки, АҚШ маҳсулотлари халқаро бозорларда рақобатбардош бўлади, чунки улар хорижий харидорлар учун арзонлайди.
Бошқа томондан эса, АҚШга кираётган импорт товарлари нархи ошади.
Ишончнинг йўқолиши
Dollar qiymati Trampning protektsionist va tuturiqsiz siyosati tufayli quladi. Bu AQShning obro‘ini tushiryapti.
Кенгроқ манзарага қаралса, кўп иқтисодчилар фикрида долларнинг охирги тушишлари янада хавотирлироқ жиҳатни акс эттиради: АҚШга бўлган ишончнинг йўқолишини.
«Долларга бўлган глобал ишонч ва қарамлик ярим асрдан ошиқки шаклланиб келди. Лекин, бу бир лаҳзада йўқолиши мумкин», - деди Калифорния университети иқтисодчиси Барри Эйхенгрин апрель охирида.
Трамп нега доллар қадрсизланиши истаётган бўлиши мумкин?
End of Ижтимоий саҳифаларимизни кузатинг
Ўнлаб йилларки, АҚШ президентлари долларни кучайтиришга интилдилар.
Бу АҚШнинг қарз олиш харажатларини паст ушлаб туришга, ҳамда, глобал нуқтаи назардан қаралса, уни хорижда қудратли қилиб кўрсатишга хизмат қилади.
Бу, шунингдек, Эрон, Россия ва Венесуэла каби иттифоқчи бўлмаган давлатларнинг доллар истеъмолини чеклаб, уларга босим ўтказишга ёрдам беради.
Долларга бўлган талаб ҳатто АҚШдаги иқтисодий инқирозлар даврида ҳам кучли бўлиб қолган.
Аммо, баъзи таҳлилчиларга кўра, Трамп маъмурияти бунга бошқача қарайди.
Уларнинг айтишича, Трамп АҚШда ўзи бошламоқчи бўлаётган янги ишлаб чиқариш инқилобига долларнинг қудратини тўсиқ деб кўради.

Сурат манбаси, Getty Images
Трампнинг нуқтаи назарида, кучсиз доллар ишлаб чиқариш секторининг қайта тирилишига ёрдам беради ва АҚШни «олтин давр»га элтади.
«Трампга кучли доллар керак эмас, чунки бу импорт кўпайишига сабаб бўлади», - дейди Силлер.
Бу назарияга кўра, АҚШ ички ишлаб чиқаришни жонлантириш, завод ва фабрикалардаги иш жойларини кўпайтириш, экспортни ошириш ва халқаро бозордаги ўз савдо дефицитини қисқартиришни истаса, долларни қадрсизлантириши керак.
АҚШ матбуоти ва баъзи иқтисодчиларнинг ишонишича, бу бўйича «Мар-а-Лаго келишуви» номли режа ишлаб чиқилган ва унга Трампнинг иқтисодий маслаҳат кенгаши раиси Стивен Миран бошчилик қилган.
Даъво қилинишича, «Мар-а-Лаго келишуви» долларнинг дунёдаги асосий заҳира валюта мақомини обрў эмас, аксинча, АҚШда саноатни сусайтирган оғир юк деб кўради.
Яъни, дунё бўйлаб долларга бўлган талаб унинг қийматини оширади ва оқибатда АҚШда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар қимматроқ бўлади.
Бу ўз ўрнида АҚШ экспортдан кўра импортни кўпроқ қилишига, яъни савдо дефицитига етаклайди, АҚШдаги ишлаб чиқарувчилар эса маошлар ва харажатларни камайтириш учун корхоналарни хорижга кўчирадилар.
"Мираннинг режаси, қанча ақлли кўринмасин, нотўғри ташхисга асосланган", - дейди Гарвард университети иқтисод профессор ива Халқаро валюта жамғармасининг собиқ бош иқтисодчиси Кеннет Рогофф.
Унинг айтишича, долларнинг қиймати Американинг савдо дефицитида роль ўйнайди, лекин ундан бошқа кўплаб омиллар бор.
Савдо дефицити сабаблари кўп экан, бунга битта ечим дея тарифларни татбиқ қилиш нотўғри, дейди у.
Айтиш жоизки, ҳеч қайси АҚШ президенти долларнинг бошқа валюталарга нисбатан қийматини назорат қила олмайди, чунки алмашув курси эркин ҳаракат қилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Вашингтондаги қонун чиқарувчилар долларнинг кўтарилиши ё пасайишига бевосита таъсир қила олмайдилар. Долларнинг қиймати йирик глобал валюта бозорида катта сармоядорлар ўз башоратларидан келиб чиқиб қанча долларни сотиб олиши ё сотишига қараб белгиланади.
Аммо, АҚШ ҳукуматининг иқтисодий сиёсати бозорларга сигнал юборади, ва бу доллар қандай курсда бўлишига таъсир қилади.
Баъзи таҳлилчиларга кўра, долларга бўлган халқаро ишончнинг сусайиши шунчаки вақтинчалик ҳолат.
«Хитой юани, биткойн ёки олтиндек ҳеч бир валюта ё товар бозордаги барча талабни қондиришга қодир даражада катта эмас. Демак, ҳозирда долларга муқобил нарса йўқ», - дейди Mizuho Financial иқтисодчиси Стив Риккиуто.
АҚШнинг ўзида эса, истеъмолчилар тарифларнинг ошиши ва доллар қадрсизланиши сабаб энди импорт маҳсулотларини қимматроқ нархда сотиб олишдан хавотирдалар.
Трамп яшаш харажатларини камайтиришни ваъда қилганини улар ёдда тутишади.
Доллар қийматига кўплаб омиллар таъсир қилади: Трамнинг савдо уруши, у таклиф қилган бюджет ва солиқни пасайтириш сиёсати, инфляция ва фоиз кўрсаткичлари.
Ҳозирча, жавоблардан кўра саволлар кўп. Уолл Стрит эса доллар ҳали бери қийматини тиклай бошлашини башорат қилишмаяпти.












