Секс ҳақида ҳажвия ёки Саудия Арабистонида нималар бўлмоқда?

Америкалик юлдуз Дейв Шаппел Риёддаги фестивал иштирокчиларидан бири

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Америкалик юлдуз Дейв Шаппел Ар-Риёддаги фестивал иштирокчиларидан бири
    • Author, Нур Нанжи
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

"Жинсий ҳажвия ва хотин ҳақида ҳажвиялар бўлди. Саудия Арабистони учун жуда ноодатий ҳол".

Чет элда яшовчи бир саудиялик Ар-Риёддаги илк ҳажвия фестивалида кўрган томошаларни шундай изоҳлайди.

"Томошабинлар реакцияси ажойиб эди, мен ҳеч қачон бундай иштиёқни кўрмаганман", дейди у америкалик юлдузлар Дейв Шаппел ва Билл Баррнинг чиқишларидан сўнг.

Биз Сара деб атаган аёлнинг айтишича, ҳажвчилар Саудия Арабистонининг инсон ҳуқуқлари бўйича баҳсли масалалари ҳақида гапиришдан тийилган. Лекин бу унинг учун унчалик ташвишли ҳол эмас.

"Бу ердаги одамларга бу мавзулар қизиқ эмас, – дейди у. – Агар қизиқтирганда, улар бу ерда яшамаган бўларди".

Саудия Арабистонидан ташқарида бошқача фикрлар айтилмоқда.

Жимми Карр, Жэк Уайтҳол, Кевин Ҳарт, Расселл Питерс ва Омид Жалили каби машҳур ҳажвчилар фестивалда иштирок этишга рози бўлгани учун ҳамкасбларининг қаттиқ танқидига учради. Бошқалар ўзларига ҳам таклифлар бўлгани, аммо рад этишганини айтишди.

Алоқадор мавзулар:

Жума куни дастурда иштирок этган кам сонли аёл ҳажвчилардан бири, лесбиян стендапер Жессика Кирсон тадбирда иштирок этгани учун узр сўраб, "The Hollywood Reporter" нашрига ўз гонорарини инсон ҳуқуқлари ташкилотига хайрия қилишини айтди.

Аммо баъзилар бу масалага нозикроқ ёндашиш кераклигини таъкидлашган. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Саудия Арабистони ҳақида кўп хавотир билдирса-да, мамлакат сўнгги йилларда ўз имижини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда.

Фестивал авжига чиққан пайтда биз мухлислар ва ҳажвчилар билан суҳбатлашиб, жойларда аслида нима бўлаётганини ва одамларнинг муносабатини ўргандик.

Нималар айтилмоқда...

Ар-Риёд ҳажв фестивали ўтган ҳафта охирида юлдузлар ва асосан эркаклар иштирокида бошланди.

Эшикдан биринчи бўлиб кирган мухлислардан бири Зайн (бу унинг ҳақиқий исми эмас) эди. У дўстлари билан Омид Жалили ва Билл Баррнинг чиқишлари учун келганди ва келаси ҳафта Жимми Каррни кўришга ёзилди. Унинг айтишича, чиқишларда гей ва транслар ҳақидаги ҳазиллар ва турли "беҳаё контент" бўлган.

"Билл Баррнинг очилиш қисмида секс ҳақида ўн дақиқача гап бўлди".

Ар-Риёдда яшовчи Зайн ижтимоий жиҳатдан ўта консерватив ва гомосексуализм тақиқланган мамлакатда бундай ҳазилларни эшитганидан ҳайратга тушганини айтди. Халқаро лесбиан, гей, бисексуал, транс ва интерсекс ассоциацияси маълумотига кўра, мамлакатда бир жинсли муносабатлар учун ўлим жазоси белгиланган.

"Одамлар бу гапларни Саудия Арабистонида айтаётганига ишонолмайман, – дейди Зайн. – Бу ерда кўпчилик умрида стендапни кўрмаган, бундай очиқ-ойдин нарсалар ҳақида гапириш у ёқда турсин".

Томошабинлар қизиқчи Омид Жалили яхши тайёрланиб келганини айтишган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Томошабинлар қизиқчи Омид Жалили яхши тайёрланиб келганини айтишган

Лекин ҳазиллар яхши қабул қилинди, дейди у. "Менинг олдимда маҳаллий саудиялик аёллар ўтирган эди, уларнинг барчаси мириқиб кулишди."

Саранинг айтишича, Шаппелнинг чиқиши ҳам баҳсли бўлиб, унда транслар ҳақида кўп ҳазиллар бўлган.

Унинг айтишича, Форс кўрфази давлатида бундай ҳазилларни эшитиш "жуда ғалати". "Бу ҳаром саналади," дейди у.

Зайннинг айтишича, Жалили Саудия маданияти унсурларини масхара қилган.

"У ниқоб ва аёлларнинг машина ҳайдаши ҳақида ҳажв қилган. Шунингдек, у Ар-Риёдда одамлар ўзларини Худонинг ерга берилган инъоми деб ўйлаши ҳақида ҳазил қилган".

Аммо Барр анча асабийроқ кўринарди, хотини ва болалари ҳақидаги синовдан ўтган одатийроқ ҳазиллардан нари ўтмади, дейди у

Томошабинлар орасида Саудия Арабистони фуқаролари ва чет элда яшовчи саудияликлар аралаш бўлиб, уларнинг иштироки юқори бўлди, дейди иштирокчилар.

Нималар айтилмади

Айтилмаган гаплар ҳам бор.

Биз суҳбатлашган мухлислар айтишича, томошада Саудия Арабистони ҳукумати ҳақида "умуман гапирилмаган".

Human Rights Watch ташкилоти бу фестивал режимнинг суиистеъмолликларни "оқлаш"га уриниш эканлигини таъкидлаган.

Ташкилот саудиялик диссидентлар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ноҳақ ҳибсга олинаётганини таъкидлаган.

У Ар-Риёдда чиқиш қилаётган ҳар бир кишини инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги каби мавзуларда гапириш имкониятидан фойдаланишга чақирган.

"Ҳозирча ҳажвчилардан бирортаси бу масалаларни нафақат саҳнада, балки ижтимоий тармоқларда ёки бошқа жойда кўтарганини кўрмадим," дейди BBC News билан суҳбатда Human Rights Watch ташкилотининг Саудия Арабистони бўйича тадқиқотчиси Жоэй Шеа. "Бу жуда ачинарли."

Риёдда чиқиш қилиши керак бўлган қизиқчиларга гўёки талаб қилинган тақиқлар рўйхатда Қирол ва раҳбарият ҳақида гапирмаслик ҳам сўралган

Сурат манбаси, X/Atsuko Okatsuka

Сурат тагсўзи, Риёдда чиқиш қилиши керак бўлган қизиқчиларга гўёки талаб қилинган тақиқлар рўйхатда Қирол ва раҳбарият ҳақида гапирмаслик ҳам сўралган

Таклифни рад этганини айтган ҳажвчи Атсуко Окатсука Саудия қироллик оиласи ёки динини "камситиши ёки обрўсизлантириши" мумкин бўлган ҳар қандай материални тақиқлаш назарда тутилган шартномадан парчаларни кўрсатди.

BBC News бундай шартнома мавжудлигини мустақил равишда текшира олмади.

Аммо британиялик ҳажвчи Рози Ҳолтнинг айтишича, ҳажвчиларга бундай контент чекловлари жуда камдан-кам учрайди.

"Мен буни фақат баъзан университетлардаги чиқишларда эшитганман, масалан, гомофоб ёки ирқчиликдан қайтаришади, – дейди у менга. – Лекин бу истисно, норма эмас."

"Бу ахлоқан жирканч"

Getty Images
Bill Barrning ochilish qismida seks haqida o‘n daqiqacha gap bo‘ldi. Odamlar bu gaplarni Saudiya Arabistonida aytayotganiga ishonolmayman.
Zayn
Ar-Riyod (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Фестивал ўтказилган вақт ҳам танқидчилар эътиборидан четда қолмади.

Унинг 26 сентябрдан 9 октябргача бўлган саналар журналист Жамол Қошиқчи қатл этилганининг етти йиллигига тўғри келади. Қошиқчи Саудия Арабистонининг Истанбулдаги (Туркия) консуллигига борганида ўлдирилган ва унинг жасади бўлаклаб ташланган.

АҚШ разведкаси ҳисоботига кўра, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон унинг ўлдирилишини маъқуллаган. Саудия Арабистони ҳукумати бу ҳисоботни рад этди, қиролликнинг амалдаги ҳукмдори бўлган валиаҳд шаҳзода эса қотилликка алоқадорлигини инкор этди.

"Ҳажвчиларга пул тўлаган ўша одам Жамол Қошиқчини ўлдирганларга ҳам пул тўлаган," дейди америкалик ҳажвчи Марк Марон Муҳаммад бин Салмонга қаратилган стендап қисмида.

Ҳолтнинг айтишича, агар ҳажвчилар Ар-Риёдга бориб, давлатни ҳажв қилса, "Қошиқчини тилга олса", у ҳолда "Мен уларга ҳалол ўйин деган бўлардим – лекин улар бундай қилишмайди".

Қатнашчилар рўйхатида Жек Уайтҳолл ҳам бор

Сурат манбаси, Jeremychanphotography/Getty Images

Сурат тагсўзи, Қатнашчилар рўйхатида Жек Уайтҳолл ҳам бор

"Қадимги мақолда айтилганидек, ҳажв ҳокимиятга ҳақиқатни айтади, – дейди у. – Бу ҳажвчиларнинг кўпчилиги сўз эркинлигининг кучли ҳимоячилари бўлган ва сўз эркинлиги жуда чекланган Саудия Арабистонига бориб чиқиш қилишлари ғайриодатий. Бу ахлоқан жирканч."

Лос-Анжелеслик ҳажвчи ва тиктокер Алекс Фалкон АҚШда ҳам сўз эркинлиги зарбага учрашини тан олади. Аммо у мазкур фестивал ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланаётгани кўпроқ безовта қилишини айтди.

"Мамлакатда ва мамлакат учун чиқишнинг фарқи бор. Агар фестивал «Трамп зўр одам» департаменти томонидан молиялаштирилса, мен унда қатнашмас эдим", дейди у.

Фестивални эълон қилган Саудия Арабистони Умумий кўнгилочар тадбирлар бошқармаси изоҳ сўровига дарҳол жавоб бермади. Саудия Арабистонининг Лондондаги элчихонасига изоҳ сўраб мурожаат қилинди.

Шаппел, Жалили, Барр, Уайтҳол ва Карр BBC News'га жавоб бермади.

"Улар менга бошқа томонга қарашим учун пул тўлашяпти"

Баъзи ҳажвчилар Саудия Арабистонига нима жалб қилганини очиқ айтишган – пул.

"Улар менга бошқа томонга қарашим учун етарлича пул тўлашяпти," дейди америкалик ҳажвчи Тим Диллон подкастда.

Ўша подкастдан сўнг фестивалдан четлаштирилганини айтган Диллон, шунингдек, унга тўплами учун 375 000 доллар ва баъзи ҳамкасбларига миллионлар таклиф қилинганини таъкидлади.

Бошқалар ҳам катта тўловлар ҳақида гапирган.

Америка юлдузи Кевин Ҳарт

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Томошада Америка юлдузи Кевин Ҳарт ҳам бўлган

АҚШ юлдузи Шейн Гиллис ўз подкастида тадбирда чиқиш қилиш бўйича "каттагина" таклифни рад этганини айтди. "Мен принципиал позицияда турдим," дейди у.

Бошқа ҳажвчилар ўз ҳамкасбларига "сотқинлик" учун салбий муносабатда бўлишган.

"Ҳеч ким ҳажвияга пул учун кирмайди," дейди Ҳолт.

"Таклиф қилинаётганлар аллақачон муваффақият қозонган кишилар," қўшимча қилди Фалкон. "Бу Кевин Ҳарт учун оғир йил бўлмади."

Ҳажвчилар ва мусиқачилар кўпинча хусусий тадбирлар ва корпоратив зиёфатларда чиқиш қилган.

"Фарқ шундаки, – дейди журналист Натали Жеймисон, – бу тадбирлар одатда ошкор қилинмайди ёки бундай реклама қилинмайди. Ҳозирги норозилик сабаби бу воқеа оммавий равишда содир бўлаётганидир."

"Бу ердагилар ҳаяжонда"

Сўнгги йилларда Саудия ҳукуматидан катта миқдорда пул олганлар фақат ҳажвчилар эмас.

Нефтга жуда боғлиқ бўлган давлат сифатида Саудия Арабистони ўзини иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан диверсификация қилишга ҳаракат қилмоқда.

Унинг валиаҳд шаҳзода бошчилигидаги "Нигоҳ 2030" режасида туризм, кўнгилочар ва спорт каби соҳаларга маблағ йўналтириш ҳам кўзда тутилган.

Сўнгги йилларда Саудия Арабистони бир қатор йирик халқаро тадбирлар, жумладан, 2034-йилги эркаклар футболи бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Ўтган ойда Саудия Арабистони Давлат инвестиция фонди бошчилигидаги консорциум ўйин гиганти Electronic Arts (EА) ни сотиб олди. Жамғарма портфелига, шунингдек, "Нюкасл Юнайтед" ва LIV Golf франшизаси киради.

"Ишончим комил, Ғарбда буни маъқулламайдиганлар кўп, аммо бу ердаги одамлар ўзгаришлар дастуридан жуда хурсанд, – дейди Сара. – Саудия Арабистони кўнгилочар марказ бўлишга интилмоқда ва ҳажв фестивали каби тадбирлар ҳақиқатан ҳам бунга ёрдам беради. Бу ерда иштиёқ катта, айниқса, ёш саудияликлар орасида."

Билл Барр

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Билл Барр Ар-Риёддаги чиқишини танқидлардан ҳимоя қилди

Бу ҳафта ўзининг подкастида сўзлаган Билл Барр Ар-Риёддаги чиқишини танқидлардан ҳимоя қилди.

"Мен суҳбатлашган ҳажвчилар: "Дўстим, [томошабинлар] буни хоҳлаётганини сезасан. Улар ҳақиқий стендап комедиясини кўришни исташади», дейишди, – дейди у. – Ўйлашимча, бу жуда кўп ижобий самара беради".

Фестивал ҳақиқатан ҳам турли хил қарашларни ифода этишга имкон берадими ёки йўқ, бу баҳсли масала.

Зайн тан олишича, Ар-Риёддаги ҳажвчилар бошқа жойлардагидек давлат ёки унинг раҳбарлари ҳақида ҳазил қила олмайди.

"Шунинг учун уларни танқид қилишингиз мумкин", дейди у. Лекин бундай тадбирни ўтказиш "аҳолининг кўзини очишга" ёрдам бераётган эди.

"Бундай шоуни кўрган ҳар бир саудиялик ниманидир ўрганади. Улар гейлар, транслар, жинсий муносабатлар ҳақида ҳазиллар қилишди, ҳукуматдан ташқари ҳамма нарса ҳақида очиқ гапиришди".