Қирғизистон: Ҳар учинчи бола қашшоқликда яшамоқда

Аёл ариқда кир ювяпти, ўнг томонида бир ўгли тик туриб қараяпти, иккинчи томонида иккичи ўгли қараб тизза чўкиб ўтирибди
Сурат тагсўзи, Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 950 мингга яқин бола қашшоқлик чегарасидан паст шароитда кун кечирмоқда.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қирғизистон ҳукумати мамлакатдаги ижтимоий аҳвол, хусусан, болалар ўртасидаги қашшоқлик даражаси хавотирли эканини тан олди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 950 мингга яқин бола қашшоқлик чегарасидан паст шароитда кун кечирмоқда.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсаловнинг парламентдаги чиқишига кўра, 2026 йилнинг 1 январига келиб Қирғизистон аҳолиси 7миллион 300 минг кишидан ошган. Аҳолининг 57 фоизи ёки тўрт миллионга яқини қишлоқ ҳудудида яшайди. Қирғизистондаги 18 ёшгача бўлган болалар сони эса 1 миллион 800 минг нафарга яқин.

Эдил Байсаловнинг таъкидлашича, мамлакатда қашшоқлик даражаси ҳозирги пайтда 25 фоиз атрофида.

Ҳукумат мулозими қашшоқликни камайтириш жараёни жуда секин кечаётганидан хавотир билдирди. Пандемия даврида 30 фоизга чиққан қашшоқлик даражаси ҳозирда 25 фоиз атрофида турибди.

Ўшдаги чекка бир маҳаллада қаровсиз уй қиш мавсумида қорга чўккан
Сурат тагсўзи, Депутатлар ижтимоий нафақалар бугунги инфляция шароитида оилаларни боқишга етмаслигини айтмоқдалар

"Ҳисоб-китобларимизга кўра, йиллик даромади 65 417 сомдан (тахминан 730 доллар) кам бўлган фуқаро қашшоқ ҳисобланади. Қашшоқлик жуда тез ўсади, лекин қанчалик ҳаракат қилмайлик, йилига атиги 2 фоизга камаяди", деди Эдил Байсалов.

Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат яқин 5 йиллик режада камбағалликни 20 фоизга, истиқболда эса 15 фоизгача туширишни мақсад қилган.

Айниқса, 16 ёшгача бўлган болалар ўртасидаги қашшоқлик даражасининг 33 фоиз экани ҳукумат учун энг оғриқли нуқта бўлиб қолмоқда. Кўп болали оилалар энг заиф қатлам сифатида қайд этилган.

Ҳозирда Қирғизистонда 300 мингга яқин фуқаро ижтимоий нафақалар олади.

Бироқ депутатлар бу маблағлар бугунги инфляция шароитида оилаларни боқишга етмаслигини айтмоқдалар. Хусусан, депутат Улан Примов нафақа тайинлашда оиланинг озгина мулки борлиги сабаб ёрдамнинг рад этилишини кескин танқид қилди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

"Сизлар "битта сигири, тўртта қўйи бўлса нафақа бермаймиз" деяпсизлар. Биз, аксинча, уларнинг битта сигирини иккита, тўртта қўйини саккизта қилиб олишига шароит яратиб беришимиз керак эмасми?", деди депутат.

Шунингдек, Эдил Байсалов ўз нутқида Қирғизистонда қашшоқликнинг янги қиёфаси пайдо бўлганини маълум қилди.

«Бу - шаҳар қашшоқлиги. Бу уй-жой, тиббиёт ва таълимдан фойдаланиш имкониятларига тегишли. Қишлоқлардаги камбағал оилалар тирикчиликка пул топа олмай, шаҳарга кўчиб келишмоқда ва бу ерда ачинарли аҳволда кун кечиришмоқда. Албатта, бундан биринчи навбатда болалар жабр кўрмоқда. Бу биз учун сўнгги беш йил ичида қайд этилаётган янги ҳодиса. Бугунги кунда қашшоқлик шаҳарда кўпроқ. Қашшоқлик, ўта қашшоқлик, бу сўздан қўрқмайлик, ва йўқсиллик. Бу каби ҳолатлар жуда кўп», деди мулозим.

Шу билан бирга, у мамлакат раҳбарияти нафақалар, хусусан, болалар нафақасини тўлаш бўйича вазиятни яхшилаш учун бор кучини сафарбар қилаётганини таъкидлади.

BBC
Sizlar "bitta sigiri, to‘rtta qo‘yi bo‘lsa nafaqa bermaymiz" deyapsizlar. Biz, aksincha, ularning bitta sigirini ikkita qilib olishiga sharoit yaratib berishimiz kerak emasmi?
Ulan Primov
Qirg‘iziston Jogorku Kenesh deputati (Batafsil: BBC.COM/UZBEK da o‘qing)

Эдил Байсаловнинг қайд этишича, давлат бир вақтнинг ўзида барча болаларга, оиласининг даромадидан қатъи назар, нафақа тўлашни бошлай олмайди. Бироқ яқин ойларда Вазирлар Маҳкамаси нафақалар билан боғлиқ вазиятни ўзгартириш бўйича бир нечта қадамларни амалга оширади деб, билдирди Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари.