You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Собиқ ҳоким ўринбосари: Пора олмасдан ишлашнинг иложи йўқ, босим катта - видео
- Author, Ibrat Safo
- Role, BBC Uzbek
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ) ўтган ҳафта Чирчиқ шаҳри ҳокимининг ўринбосари 1 миллион долларни пора тарзида олаётганда ҳибсга олинганини хабар қилди. Ўринбосар фуқарога 20 гектар ерни олиб бериш эвазига бу порадан ташқари яна 1 миллион доллар олишни режалагани айтилди. Ундан бир неча кун аввал эса Ўзбекистондаги нашрлар Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари уйида ўтказилган рейдда 3 миллион доллар топилганини ёзишди, аммо кўп ўтмай, бу хабарлардаги рақамлар олиб ташланди.
Ҳоким ўринбосарларининг пора билан қўлга олинишлари ва олдиларига ёйиб қўйилган пулларга қўлларини бигиз қилиб суратга тушишлари шу қадар тез-тез юз берганидан, оддий одамлар бунга ажабланмай қўйгандек туюлади. Ижтимоий тармоқларда бу ҳолат мемларга ҳам сабаб бўлган:
“Ўқи, болам, кам бўлма,
Кўзинг жиққа нам бўлма,
Ким бўлсанг, бўлгин, бироқ,
Ҳокимларга зам бўлма.”
Муаллифи номаълум бу тўртлик охирги ҳафталарда кўп улашиляпти, лекин нега ҳоким ўринбосарлари бу қадар порахўрлик айблари билан қўлга тушишлари, улар олаётган пора миқдори афтидан ўсиб бораётгани ва бундан мамлакат қанчалар зарар кўраётгани жиддий таҳлил этилмаяпти. Ҳукумат “нега ҳокимларимиз ўринбосарлари бу қадар порахўр ва буни қандай бартараф этиш мумкин”, дея ўзига ҳеч савол қўйяптими?
Мен бу коррупция сабабларини билиш учун ҳоким ўринбосарларининг ўзларидан эшитишга аҳд қилдим. Бир собиқ ҳоким ўринбосари, аноним тарзда, юзи кўрсатилмаслиги ва овози ўзгартирилиши шартлари билан очиқча суҳбатлашишга рози бўлди.
“Тўғриси, бу хабарларни эшитиб мен ҳайрон қолмадим. Бунақа бўлиши.. бир кунмас бир кун барибир бўлади шу соҳада ишлаётган одамда. Мени ҳайрон қолдирган нарса – сумма. Бу 1 миллион АҚШ доллари, 3 миллион АҚШ доллари нафақат Ўзбекистон учун, балки дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам катта сумма ҳисобланади”, - дейди у.
“[Ҳоким ўринбосарларининг] 99 фоизи олади, деб ўзимга ишонч билан гапира оламан..”
Хўш, бу пора қандай хизматлар учун олинади? Қандай коррупцион схемалар амал қилади?
Бу саволимга суҳбатдошим ўринбосарларга ҳоким томонидан турли байрам тадбирларини ўтказиш босими туфайли “ҳокимиятга содиқ” тадбиркорлардан олинадиган пулни мисол келтиради.
Бу дегани ўринбосар пулни тадбиркордан ола туриб, барибир давлат тадбирига сарфлар экан-да? Бамисоли Робин Гуд?
“Давлат тадбири учун олади, хўп, биринчи мартасига. Иккинчи мартасига ўзининг шахсий манфаати учун олади. Ёки тадбиркор билан яхши чиқишиб, келишганидан кейин унга қандайдир фойда тегадиган схема қилиб олади. Бу нарса барибир йўл очади коррупцияга. Бу тизимли иш. Бу ҳар битта туманда бор. Бусиз иложи йўқ. Шу ҳолатда ишлашга мажбурсиз, атроф-муҳит шундай”, - дейди у.
Ер савдоси
Иккинчи мисол тариқасида суҳбатдошим чамаси ҳоким ўринбосарлари энг кўп айбланиб қўлга тушадиган жиноят – ҳокимлик тасарруфидаги ерни сотиш жиноятини келтиради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилги [4427] қарорига кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ерлар электрон аукцион орқали амалга оширилиши белгиланган. Бундан мақсад ҳокимлардан ерни сотиш ваколатини олиб қўйиш эди. Аммо, суҳбатдошга кўра, бу аукционлар “пичоққа илинадиган” ерлар учун, шунчаки – кўзбўямачилик.
“Энг катта коррупцион схемалар ер билан боғлиқ. Аукционга ер чиқарилиши ҳокимият ўринбосарининг имзоси билан бўлади. Ер аукционга чиқарилганда, унга қўйиладиган инвестиция талаби жуда юқори қилиб қўйилади. Мисол, Қорақалпоғистоннинг Нукус ёки бирон чекка туманидаги 1 гектар ё 50-60 соток ер учун 20 миллион доллар инвестиция киритиш ва 200 иш ўрни яратиш шарти қўйилади. Бу туманда бунга қодир тадбиркор йўқ бўлади, кўпинча. Бу шартларни кўрган тадбиркорлар аукционда барибир қатнашмайди”, - дейди у потенциал харидорларни четлатиш учун сунъий равишда юқори қилиб баҳоланган ер ҳақида.
Унга кўра, қайсидир тадбиркор бу юқори нархларга рози бўлиб, аукционда қатнашган тақдирда ҳам, жараёндан четлатилади.
“Телефон орқали унга алоқага чиқилади. Ҳокимиятнинг “ресурс”и бунга етади. Қатнашма, дейилади. Сен бу жойни ололмайсан, ололсанг ҳам, бу ерга эгалик қилолмайсан, дейилади. Сўнг, “керакли одам” ютиб олади. Чунки ҳеч қайси тадбиркор ҳокимият билан плюс-минусга боришни хоҳламайди.”
“Керакли одам” деганда суҳбатдош ҳокимият билан аввалдан, катта эҳтимол билан пора эвазига ёки қариндошлик асосида тил бириктирган томонни назарда тутмоқда.
Собиқ ҳоким ўринбосарининг айтишича, коррупция билан қўлга тушаётганлар ё “аҳмоқ”, ё “жудаям очкўз”. Чунки, унга кўра, бу каби келишувларда ҳоким ўринбосари фуқаро билан бевосита гаплашмаслиги керак, балки узоқ йиллик ишончли тадбиркорлар, пенсия жамғармаси раиси ё банк раҳбари орқали келишиши керак. Яъни, пора берувчи билан бевосита келишиш қўлга тушишнинг хавфини оширади.
Нега ҳоким қўлга тушмайди?
Халқ орасида тарқалган гумон, ва кўп ҳолларда ҳатто ишончга кўра, ҳоким ўринбосарлари пора олаётганда шунчаки воситачи ролида бўлишади ва бу пора аслида ҳокимга мўлжалланади. Хўш, суҳбатдошимиз фикрида, бу гумон ва ишонч асослими?
“Асос бор. 100 фоиз. Тепа билан келишмасдан иш қилишнинг имконияти йўқ. Ўзидан юқори турган бошлиғига билдирмасдан буни қилишнинг иложи йўқ. Кичкина масалаларда, минг доллар, 1200 доллар олган ҳоким ўринбосарлари мисолларида балки ҳоким билмас, лекин 1 миллион, 3 миллион долларлик ҳолатларда, 100 фоиз билади”, - дейди у.
Лекин, унда ҳоким ўринбосарларини қўлга олишдан не наф? Ҳуқуқ-тартибот органлари нега тергов усулларини ишга солиб, занжирнинг охиригача етиб боришмайди ва якуний манфаатдорни ушлашмайди?
“[Тергов] ҳоким даражасигача, ҳатто туман ҳокими даражасигача чиқиб бормайди, чунки нафақат вилоят даражасида, балки [президент] администрация[си] даражасида унга рухсат бўлиши керак. Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг қўлида факт бўлган тақдирда ҳам, бориб ҳокимни ушлаб, уни қамаб қўйолмайди. Қўпол қилиб айтганда, юқоридан “добро” олиш керак”, - дейди у.
Унда ўринбосарларни қўлга олган билан нимага эришилади? Суҳбатдошга кўра, бу билан халқнинг ховури босилади.
“Масалан, аламзада бир фуқаро бор. У келишади. Суммани бериш вақти келганда, прокуратурага ёки ДХХга боради-да, тезкор тадбир ўтказишни сўраб ариза ёзади. Шунда тезкор тадбир ўтказилади. Ўзи аслида ҳоким ўринбосарини қамаш ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари учун енгил иш эмас - у камида вилоят даражасида келишилади. Аламзада фуқаронинг эҳтиёжини қондиришга мажбур улар. Чунки бу нарса орқали халққа бўлаётган босимни чиқарвориш керак. Ҳоким ўринбосари қанчадир айбни бўйнига олади-да, қамалади. Иш охиригача олиб борилмайди – қанақа, ким орқали, нимага олдинг, кимга борарди бу сумманинг бир қисми - у жараёнлар очиқланмайди, шундай ёпилади. Ҳоким ўринбосарига енгилроқ жазо берилади, қамалади ё қамалмай ўз ишига ё пастроқ лавозимга ҳам тикланиши мумкин”, - дейди у.
Халқаро аксил-коррупцион Transparency International ташкилотининг охирги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон коррупция даражаси бўйича 180 давлат ичидан 121 ўринни олди.
Ташкилотга кўра, Президент Мирзиёев 2016 йилда ҳукумат тепасига келганидан бери коррупцияни қоралаш бўйича бир қанча қадамларни қўйди. Хусусан, 2020 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига асос солинди ва қатор мулозимлар порахўрлик ва ўз ваколатини суиистеъмол қилиш айблари билан тергов қилинди.
Аммо, дейди ташкилот, Ўзбекистонда ҳатто энг юқори даражали ҳукумат идораларида ҳам коррупция, непотизм ва лавозимини суиистеъмол қилиш ҳолатлари юқорилигича қолмоқда.