Газ қуйиш шохобчалари аҳоли уйларидан қанча масофада бўлиши керак?

Сурат манбаси, Social media
"Мен 10 йиллар аввал пропан газ заправкасини қурдирмоқчи бўлганимда, менга рухсат берилмаган. Сабаб – мен танлаган ҳудуд пахта даласига жуда яқин экан. Мен танлаган жойнинг шундоқ орқаси пахта даласи эди. Ғалла ва пахта бўлса, яқин қуриб бўлмас экан. Унинг устига уни катта йўлдан узоқлигини ҳам ҳисоблашган. Бу масофа 47 метр бўлиб чиқди. 50 метр бўлиши керак экан", - дейди газ қуйиш шохобчаси эгаси Толиб ака (исми, илтимосига биноан, ўзгартирилган).
Сешанба, 17 декабрь куни тушликда Фарғона шаҳрида газ қуйиш шохобчасининг портлаши бу каби хавфли объектларнинг аҳоли яшайдиган, ишлайдиган ва йиғиладиган ҳудудларга қанчалар яқин бўлиши мумкинлиги борасидаги саволларни ўртага чиқарди.
Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудида яшовчи Толиб аканинг айтишича, мамлакатнинг кўп қисмларида техник хавфсизлик қоидаларга ҳозирда амал қилинмаяпти. "Йўлдан атиги 3 метр нарироқда заправка қуришяпти ҳозир. Пропанда босим катта бўлади, унинг хавфи ҳам жуда катта. Лекин, шу қурилишларга рухсат бериляпти. Кимнингдир қариндоши, ё пул ва келишувлар эвазига..", - дейди у.
"Совет даврида СНиП, яъни Строительные нормы и правила (Қурилиш нормалари ва қоидалари) деган йўриқнома бўлар эди. Бу ҳозирда ШНК (Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари) дейилади. Ана шу қоидаларни ўрганиб билгандимки, газ қуйиш шохобчалари аҳоли яшаш жойларидан камида 100 метрлик масофада қурилиши керак. Яъни, шохобчанинг ташқи чегараси ё деворидан то аҳоли яшайдиган жойгача бўлган масофа 100 метр бўлиши шарт."
Йўлдан 3 метр нарироқда заправка қуришяпти ҳозир. Пропанда босим катта бўлади, унинг хавфи ҳам катта. Лекин, шу қурилишларга рухсат бериляпти. Кимнингдир қариндоши, ё пул эвазига..
Фарғонадаги ҳодиса ортидан ушбу газ қуйиш объектининг қачон ва қандай рухсат асосида барпо этилгани, ҳамда унинг жамоатчилик иншоотлари ва турар жойларгача бўлган масофаси ҳақида аниқ маълумот берилмади.
2008 йилда Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш бўйича қўмитаси чоп қилган "Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари - Авто ёқилғи қуйиш шохобчалари" (ШНК 2.09.20-08) йўриқномасида, дарҳақиқат, ёқилғи қуйиш шохобчаларининг бошқа объектлардан қанча масофада қурилиши бўйича шартлар берилган.
Хусусан, газ қуйиш шохобчалари, ер остига ўрнитилган суюлтирган газ омборига эга бўлса турар жойлар ва жамоатчилик иншоотларидан 100 метрлик масофада, ва ер усти омборига эга бўлса, у жойлардан 300 метрлик масофада қурилиши белгиланган.

Сурат манбаси, Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш бўйича қўмитаси
Фарғонада портлаган шохобча бу талабларга қанчалар жавоб бергани ҳозирча ноаниқ.
Воқеа жойидан олингани ишонилган видеоларда газ сизиб чиқиб, атрофга ер бўйлаб қуюқ тумандек тарқалаётгани кўринади. Пропан рангсиз газ бўлиб, у ҳаводан оғир. У сизиб чиқса, ҳар қандай учқун ёрдамида портлаши ва ёнғин келиб чиқиши мумкин. Кадрларда ҳам сизиб чиққан газ бироз вақт ўтиб портлашга сабаб бўлганини кўриш мумкин.
Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси чиқарган расмий баёнотга кўра, Фарғона шаҳар Янгийўл маҳалласидаги "Petrolium" пропан газ қуйиш шохобчасида 5 м. куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиқиб, газ моддаси ташқарига сизиб чиқиши оқибатида, портлаш ва ёнғин содир бўлган.

Сурат манбаси, Social media
"Натижада, 1 нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган, шу ҳудудда бўлган бир нечта фуқаролар турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан улардан 3 нафари шифохонада вафот этган", - дейилади расмий хабарда. Фарғоналиклар орасида эса, айни дамда, нобуд бўлганлар сони бўйича турли норасмий хабарлар тарқалмоқда.
Фарғона вилоят ИИБ томонидан бунга боғлиқ жиноят иши доирасида 5 нафар шахс процессуал тартибда қамоққа олингани, 2 нафар шахсларни ушлаш чоралари кўрилаётгани айтилди.












