Грузия: Президент саройига ҳужум, қалампир пуркагичлар ва йирик жарималар

Баъзи намойишчилар шахслари аниқланмаслиги учун қора кийим ва каскаларда келган.
Сурат тагсўзи, Баъзи намойишчилар шахслари аниқланмаслиги учун қора кийим ва каскаларда келган.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Грузия пойтахти Тбилисидаги президент саройига бостириб киришга уринган аксил-ҳукумат намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар ортидан беш киши ҳибсга олинган.

Хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагичларни ишга солишган.

Мамлакат ўтган йилда «Грузин орзуси» партияси ҳукумат тепасига келганидан бери сиёсий инқироз ичида қолмоқда. Европа Иттифоқи (ЕИ)га қўшилишни тарғиб қилувчи мухолифат бу сайлов ўғирланганини даъво қилган.

Сайловдан бери ҳукумат ЕИга қўшилиш музокараларини тўхтатиб қўйди.

Намойишлар маҳаллий кенгашлар сайловлари билан бир вақтда юз берди. Мухолифат ҳукумат босими туфайли бу сайловларни бойкот қилганини айтган.

"Грузия орзуси" 80%дан ошиқ овозлар билан ҳар бир сайлов округида аксар овозни олди.

Ҳибсга олинганлар орасида намойишни уюштирганлардан бири – таниқли опера қўшиқчиси Паата Бурчуладзе ҳам бор.

Аввалроқ қилган чиқишида у Ички ишлар вазирлигини халқ иродасига бўйсунишга ва «Грузин орзуси»нинг олти юқори даражали аъзосини ҳибсга олишга чақирган.

Ҳукуматга кўра, 21 полициячи ва олти намойишчи жароҳатлар билан касалхонага олиб кетилган.

Шанба куни минглаб намойишчилар Тбилиси марказида Грузия ва ЕИ байроқлари билан юриш қилдилар.

Улар сўнгра президент саройига яқинлашиб унга киришга уриндилар ва ғалаён полициясининг қалампир пуркагичларига юз тутдилар.

Ғарбпараст мухолифатнинг аксар лидерлари ҳозирда панжара ортида. Охирги ойларда ҳукумат фаоллар, мустақил матбуот ва сиёсий мухолифатни босим остига олган.

Намойишчи Иа.
Сурат тагсўзи, Намойишчи Иа.

Якшанба куни Бош вазир Иракли Кобахидзе намойишларни ҳукуматни ағдариш ҳаракати деб атаб, «ҳеч ким жазосиз қолмайди», деди.

21 ёшли Иа ва унинг дўстлари намойишга қора кийимларда, каска ва противогазлар билан тайёрланиб келишганди.

"Агар рангли нимадир кийсак, бизни аниқлаб олиш осон бўлади. Аниқлаб олишса, қамашади», - дейди у Руставели кўчасида ўрнатилган сунъий ақл кузатув камераларига ишора қилиб. Шу камералар охирги намойишларнинг нишонига айланган.

Ҳукумат юзлаб намойишчиларни «кўчаларни тўсиш» каби ноқонуний амалда айблаб, йирик 5 000 лари (($1,835)лик жаримага тортган.

«Мен «Грузин орзуси» кетишини истайман. Мамлакатим қайтариб берилишини истайман. Мен тинч яшашни ва ноқонуний қамоққа ташланган дўстларим озод этилишини истайман», - дейди Иа.

Мухолифат "демократияни ҳимоя қилиш" учун кўчаларга чиққанини айтади.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Мухолифат "демократияни ҳимоя қилиш" учун кўчаларга чиққанини айтади.

Иа ҳукуматдаги партияни «Рус орзуси» дея ҳазиломуз тасвирлайди. Унинг фикрига бу ердаги кўплаб намойишчилар ҳам қўшилади.

Вилоятларда «Грузин орзуси»ни тинчликни сақловчи куч сифатида қўллаб-қувватлашади, аммо шаҳарлардаги кўп грузинлар ҳукуматни Россия манфаатларида ишлаётганига ишонадилар.

Баъзи намойишчиларга кўра, президент саройига бостириб кириш режаси йўқ эди, лекин қатор радикаллар бунга қўл урдилар.

Ўтган ноябрда ҳукумат ЕИга қўшилиш музокараларини тўхтатганидан бери Тбилисида ҳар тун намойишлар билан ўтади.

Намойишчилар сиёсий маҳкумлар озод этилиши ва фавқулодда парламент сайловларини ўтказилишини талаб қилишмоқда.