Россиядан бошпана сўраётган ўзбеклар, порностудиялар очган қирғиз ва Қозоғистон мактабларидаги смартфонлар

Сурат манбаси, EPA
Россиядан бошпана сўраган ўзбекистонликлар
Россия Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, 2025 йилда 191 Ўзбекистон фуқароси Россиядан сиёсий бошпана сўраган.
Шу тариқа Россиядан бошпана сўраган хорижий фуқаролар рўйхатида ўзбекистонликлар бешинчи ўринни эгаллаган.
Маълумотга кўра, умумий ҳисобда бундай ариза билан 8820 хорижий фуқаро Россияга мурожаат қилган.
Улардан энг кўпи украиналикларга тўғри келиб, 3332 фуқарони ташкил қилган.
Кейинги ўринларда Сурия (3196), Фаластин (313) ва Афғонистон (281) фуқаролари турибди.
Ўзбекистонликларнинг қандай сабаблар билан Россиядан сиёсий бошпана сўрагани номаълум. Одатда бу каби маълумот очиқланмайди.
2024 йилда Россиядан бошпана сўраганлар сони 6879 экани расман хабар қилинганди. Лекин, унда мурожаат қилувчилар давлатма-давлат ажратилиб кўрсатилмаган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Россия Ўзбекистон фуқаролари сиёсий ё бошқа турдаги таъқиблардан қочиб бошпана сўрайдиган одатий манзил эмас.
БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлиги 2024 йилда Ўзбекистоннинг 4257 фуқароси хориждан бошпана сўраганини маълум қилганди. Ўзбекистонликлар энг кўп бошпана сўраган давлатлар топ учталиги дея АҚШ, Британия ва Швеция кўрсатилган.
Қирғизистонда веб-камера орқали порно студияларни уюштирган шахс афв этилди
Қирғизистонда вебкам-студияларни ташкил қилиш ва порнографик материалларни тарқатиш бўйича 9 йилга қамалган Даниел Ажиев давлат президенти Садир Жапаровнинг афви билан қамоқдан озод қилинди.
У 2023 йили Ўзбекистонда қўлга олинганди.

Сурат манбаси, ИИВ Қирғизистон
Хабар қилинишича, Даниел Ажиевга афв бериш тўғрисидаги хат 17 февралда Петровка қишлоғидаги аҳлоқ тузатиш колониясига келиб тушган ва у ўша куни озод қилинган.
Бишкек суди 2024 йилнинг ёзида уни интернет тармоқлари (вебкам-студиялар) орқали фоҳишабозликни ташкил қилиш, трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ тузиш, тақиқланган мазмундаги материалларни тарқатиш, одамларни алдаш орқали мулкий зарар етказиш каби моддалар билан айблаган. Шунингдек, 262 миллион сомлик (тахминан 3 млн доллар) мулки мусодара қилиниб, давлат фойдасига олинган.
Тергов маълумотига кўра, у трансмиллий жиноий гуруҳ тузиб, махсус студияларда интернет орқали интим хизматларни кўрсатган.
Даниел Ажиев тузган платформалар орқали юзлаб қизлар чет эллик мижозларга интим хизматлар кўрсатиб келган. Студияларда 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган 300 га яқин оператор уч сменада ишлаган.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига Э.А. исмли фуқаро пул талаб қилиш факти бўйича мурожаат қилган. Унинг айтишича, у вебкам-студияда оператор бўлиб ишлаб, иш тартибини бузганлиги учун администратор тарафидан психологик босимга учраган. Администратор уни жисмоний турда жазолаш билан қўрқитиб, икки минг доллар талаб қилган.
Даниел Ажиев 2023 йилнинг июн ойида Ўзбекистон орқали Бирлашган Араб Амирлигига қочишга ҳаракат қилаётган вақтда қўлга олинган эди. У билан бирга яна бошқа бир шахс 8 йилга судланиб, тўрт йиллик синов муддати билан озод қилинган.
Қозоқ ота-оналар фарзандларига мактабларда телефон ман этилишига қарши
КТК хабар қилишича, Қозоғистон депутатлари мактабларда нафақат синфхоналарда, балки танаффусларда ҳам ўқувчилардан телефонлари тортиб олиниши ва ота-оналари жаримага тортилишини таклиф қилишди.
Ҳозирда қозоғистонлик ўқувчилар дасрда телефондан фойдалан олишмайди. Синфга киришлари билан улар телефонларини ё ўқитувчига топширишлари ё рюкзакларига солиб қўйишлари керак.

Сурат манбаси, PA Media
Бу қоидани бузган тақдирда, аввалига ота-онага огоҳлантириш берилади, иккинчисида эса 20 минг тенге (тахминан 40 доллар) атрофида жарима солинади.
Мажилис депутатлари, шунингдек, телефонлар масаласи бўйича қарор олиш ҳуқуқини мактаблардан олиб, марказлашган идора, катта эҳтимол билан, Таълим вазирлиги ёки маҳаллий таълим бошқармаларига топширишни таклиф қилишган.
Аммо, баъзи ота-оналар танаффусда ҳам телефонлар тақиқланишига қаршилар. Еттинчи синф ўқувчисининг онаси Лаура Байзакованинг айтишича, мактабда мунтазам равигда интернет манбалари ва электрон кундаликдан фойдаланилади.
"Унинг телефони оддий эди, уни янгилашга мажбур бўлдим. Чунки, эски телефони QR кодни ўқий олмаган, ўқитувчилар эса уни дарс учун талаб қилишган. Мана бугун ер қимирлади ва мен биринчи ўринда фарзандимга сим қоқдим. Болалардан телефонлари олиб қўйилишига қаршиман. Уларга истаган вақтимиз боғлана олишимиз мумкин бўлиши керак", - дейди у.
Аммо, қатор ўқитувчилар гаджетлар ўқувчиларнинг таълимига ва саломатлигига таъсир қилаётганини айтишмоқда.
































