Ўзбекистон, Андижонни хотирлаб: қирғин учун жавобгарлик муаммоси ҳамон долзарб - Видео

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Андижон хунрезлиги деб аталган маъшум воқеаларга 20 йил тўлди. 2005 йил 13 майида минглаб андижонликлар шаҳарнинг бош майдонига тўпландилар, ўзлари дуч келаётган адолатсизлик, иқтисодий муаммолари ҳақида гапирдилар, ўз дардларини ҳукуматга етказишни истадилар.
Ўзбекистон ҳукумати, "Акромия" диний оқими ҳокимиятни қуролли йўл билан ағдариб исломий давлат барпо этмоқчи бўлди, ноқонуний қуролли исённи бостирдик, деди.
Гувоҳлар, халқаро ташкилотлар, АҚШ ва Европа Иттифоқи, Ўзбекистон ҳукумати юзага келган таҳдидга нисбатан ҳаддан зиёд номутаносиб куч қўллади, оқибатда юзлаб бегуноҳ инсонлар ҳаётдан кўз юмдилар, деган хулосага келдилар.
Ўзбекистон ҳукумати Андижон ҳодисаларида 187 инсон ҳалок бўлди, уларнинг аксарини исломий қуролли жангарилар ўлдирди, деди, аммо гувоҳлар, ўша куни Андижон марказида бўлган кўплар журналистлар ҳукумат қўшинлари юк автомобилларида келиб оломонни ўққа тутганларини айтдилар.
Андижон шаҳри марказидан Қирғизистонга ўтиш учун Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги Тешиктошгача етиб олган инсонларни Ўзбек ҳарбийлари аёвсиз отиб ташлаганлар.
Юзлаб қочқинлар Қирғизистон ҳудудидан бошпана топдилар.
Андижонликлар куч билан, қариндошларига босим ўтказиш билан Ўзбекистонга қайтарилди.
Халқаро ташкилотлар аралашуви билан андижонлик қочқинлар Руминияга олиб чиқиб кетилди.
Бунга жавобан Ўзбекистон БМТ Қочқинлар Комиссарлигининг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпди.
Президент Ислом Каримов мустақил текширув ўтказиш талабларини рад этди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Халқаро ташкилотлар Андижон хунрезлигини Хитойнинг "Тянанмен" майдонидан кейинги энг йирик қирғин, деб тасвирладилар.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Human Rights Watchнинг ижрочи директори Кеннет Рот 2005 йил 7 июн куни ташкилотнинг қарийб бир ойлик ўрганишлари асосида қуйидагича хулосаларга келганини айтди:
"Биринчидан, қотилликлар миқёси ва қирғиннинг қасддан содир этилиши буни қирғин деб таснифлаш мумкинлигини англатади. 13 майда ҳукумат кучлари қўллаган зўравонлик намойишчиларнинг улкан оломони орасида бўлган ноҳукумат қуроллилар юзага келтирган таҳдиднинг ҳар қандай нисбатига солиштирганда ҳаёддан зиёд баланд бўлди.
Иккинчидан, Ўзбек ҳукумати тақдим этган 13 май ҳодисалари тушунтирилиши буткул сохта бўлди. Ҳукумат фақат 170 киши ўлди деб даъво қилади, аслида юзлаб инсонлар ўлдирилдилар. Ҳукумат қотилликларнинг ҳаммасини ноҳукумат қуроллилар содир этди деб даъво қилади, аслида қирғиннинг аксар, аксари учун ҳукумат қўшинлари масъул бўлдилар. Ҳукумат намойишчилар ҳокимиятни ағдариш ва исломий давлат барпо этиш учун келгандилар деб даъво қилади, аслида намойишчилар ҳукуматни тинглаш учун йиғилгандилар. Оломон қаршисидаги чиқишлардан, ўзларини тақдим қилишлари ва оломоннинг умидларидан келиб чиқилса, уларнинг арзларининг Исломга алоқаси йўқ, балки улар ҳукуматнинг қатағонлари, суддаги бизнесменлар адолатсиз суд қилинганлари, ҳукуматнинг уқувсизлиги, коррупция ва ишсизликдан шикоят қилгандилар".
Андижон қирғини борасида асосий хулосалар ҳамон шундай қолди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
"Юқори"нинг буйруғи қотиллик учун жавобгарликдан асрайдиган нарсами?
АҚШ ва Европа Иттифоқи қонли ҳодисаларни қораладилар, бегуноҳ инсонлар ўлими учун айбдор деб кўрилган 12 Ўзбек ҳукумати расмийсига виза чекловлари, Ўзбекистонга қарши қурол-яроғ эмбарголари жорий этилди.
Ҳукуматдаги масъул шахсларни жавобгарликка тортиш чақириқлари янгради.
Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилга келиб тинч аҳолига қарши ўт очилганини тан олди.
Ўзбекистон Бош Прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова Андижон шаҳрининг Бобур майдонида тўпланган ва кейин тонгга яқин Қирғизистонга қараб қочган тинч аҳоли ҳукумат томонидан ўққа тутилганини тан олди.
Светлана Ортиқова айтишича, ўша вақтида тинч аҳолини отишга масъул бўлган шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.
У бу шахсларнинг лавозими ва сонини очиқламаган.
Анлижон хунрезлигидан кейинги кунларда ташкил этилган икки матбуот анжуманида президент Ислом Каримов, ҳеч ким халқни отишга буйруқ бермаган, деб айтганди.
"Халқ эзилиб кетди, халқнинг аҳволи чатоқ, қаерга боришини билмайди ва шу одамлар кўчага чиқса агар ҳукумат кучлари уларга қурол узатиб, оддий ўзини ҳуқуқини талаб қилган одамларни ўлдираркан. Қайси ақлга сиғади бу, эй барака топгурлар, айтинглар, қайси ақлга сиғади?", деган Ислом Каримов.
Қонли ҳодисалардан ўн йил ўтиб вазиятни Human Rights Watch шундай таърифлаганди:
"Қирғиндан сўнг Ўзбекистон ҳукумати мустақил текширув ўтказиш учун ҳамма даъватларни рад этиб, ўша кун тарихини қайта ёзиб чиқишга киришди. Расмийлар намойишларда қатнашишда гумон қилинган ва қон тўкилишига гувоҳ бўлган ҳар кимни тазйиқ, ҳибслар ва қийноқларга тута бошлади. Ҳатто мамлакатни тарк этганларни - уларнинг яқинларига босим ўтказиш орқали - чет эллардан қайтариш ҳаракатлари олиб борилмоқда".
Андижон қирғини боис Ўзбекистонга қарши жорий этилган жазо чоралари узайтирилмагани ҳам қораланди.

Сурат манбаси, .
Хусусан, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Маррей Ғарбни Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлигида Ўзбекистонга муҳтож бўлгани сабабидан мамлакатдаги инсон ҳақлари бузилишига кўз юмишда айблади.
"Шубҳасиз, Ғарб Ўзбекистондаги инсон ҳақлари поймол этилишига кўз юмди. Бунинг биринчи сабаби Афғонистон эди, чунки Ўзбекистонда Америка ва Ғерманиянинг ҳарбий базалари бўлиб, Афғонистонда амалиёт юритардилар. Ўзбекистоннинг стратегик жойлашуви боис Ғарб у ерда инсон ҳақлари топталишини уятсизларча инкор этди", деганди собиқ элчи.
Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов Ғарб учун инсон ҳуқуқлари ва демократия муҳим бўлса-да, АҚШ ва Европа Иттифоқи ўз иқтисодий ва хавфсизлик манфаатларини устувор деб кўришини айтади.
Ўзбекистонга нисбатан жазо чоралари узайтирилмагани шу билан изоҳланади.
"Гап шундаки, Ғарб мамлакатлари ташқи сиёсатида инсон ҳуқуқлари масаласи муайян ўринни эгаллайди, лекин устувор масала ҳисобланмайди. Мисол учун АҚШ ўзининг ташқи сиёсатида уч устувор йўналишга эътибор беришини очиқ айтишган, булар демократия ва инсон ҳуқуқларини ёйиш, албаттаки, ўз иқтисодий манфаатлари ва миллий хавфсизлик масалаларидир. Улар мана устувор йўналишлар орасида мувозанат сақлашга ҳаракат қиладилар. Айрим вақтларда геосиёсий манфаатларга устуворлик берилади. Буни биз Европа Иттифоқи мисолида кўрдик. Бошида улар санкция қабул қилдилар, кейин узайтирилмади. Бунинг сабаби ўша геосиёсий манфаатлар бўлиши мумкин. Улар Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотни йўқотиб қўймаслик, Россияни яна фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон устидан назоратни қўлига олишига йўл бермаслик учун қилинди. Аслида ҳам шундай бўлди: Каримов Россия билан яқинлашди, ОДКБ ташкилотига кириш тадориги бошланди, лекин санкциялар олиб ташланганидан кейин Каримов яна ўзининг кўп векторли сиёсатига қайтишнинг уддасидан чиқди", дейди сиёсий таҳлилчи.
2016 йили Ўзбекистонда ҳукумат ўзгарди.
Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан кейин мамлакатда жуда кўп ўзгаришлар кузатилди, аммо Андижон хунрезлиги билан боғлиқ жуда кўп саволлар очиқлигича қолди.
Андижон қирғинига 20 йил тўлиши муносабати билан нуфузли The Diplomat веб-нашри мақола эълон қилди.
Мақола "Андижондан 20 йил ўтиб Ўзбекистондаги ўтмишдаги суистеъмолчиликларни хотирлаймиз" деб номланади.
Мақолада ёзилишча, янги ҳокимият 2016 йилдаги Каримов вафотидан сўнг қудратга келди, сўнгги тўққиз йил мобайнида Ўзбекистон ўзгарган бўлса-да, суистеъмоллар нақши ҳамон сақланиб қолаяпти.
Мисол сифатида 2022 йил ёзидаги Қорақалпоғистондаги қонли ҳодисалар тилга олинади.
The Diplomat инсон ўлимидек мудҳиш жиноят учун жавобгарлик, ҳисобдорлик масаласини кўтаради.
"Ўтмишдаги инсон ҳуқуқлари поймол этилишлари, хусусан, 2005 йилги Андижон хунрезлиги учун жавобгарлик(ҳисобдорлик) йўқлиги муаммосини ҳал қилиш жорий ҳукуматнинг устувор вазифалари қаторига кирмайди", дейилади The Diplomatдаги мақолада.












