Саратонни аниқлаш йўллари: Қон таҳлили орқали саратонни аниқлашда янгиликлар борми?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Фергус Уолш
- Role, BBC NEWS
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Янги тадқиқотга кўра, 50 дан ортиқ турдаги саратонни аниқлай оладиган қон таҳлили ташхис қўйиш жараёнини анча тезлаштириши мумкин.
Шимолий Америкада ўтказилган синов натижасида саратоннинг жуда кўп турлари аниқланган. Ушбу саратон ҳолатларининг тўртдан уч қисми учун ҳозирча ҳеч қандай скрининг дастури мавжуд эмас.
Саратон ҳолатларининг ярмидан кўпи эрта босқичда, яъни даволаш осон ва тўлиқ соғайиш эҳтимоли юқори бўлган пайтда аниқланган.
Galleri деб номланган ушбу таҳлил усулини АҚШнинг Grail фармацевтика компанияси ишлаб чиққан. Таҳлил инсон қонидаги саратонга чалинган ДНК парчаларини аниқлай олади. Бу ДНК бўлаклари саратон ўсмасидан ажралиб чиқади. Ҳозирда бу таҳлил усули Буюк Британиядаги тиббиёт тизимида синовдан ўтказилмоқда.
Бир йиллик тадқиқот давомида Америка ва Канадада 25 минг катта ёшлилар кузатувдан ўтказилган. Уларнинг қарийб бир фоизи тестдан мусбат натижа олган ва шуларнинг 62 фоизида кейинчалик саратон тасдиқланган.
Тадқиқот раҳбари, Орегон соғлиқ ва илм-фан университети профессори доктор Нима Набавизоданинг таъкидлашича, бу маълумотлар саратонга ташхис қўйиш жараёнига "туб ўзгариш" киритиш имконини беради.
Унинг айтишича, бу тест усули кўплаб саратон турларини "энг эрта босқичда, яъни даволаш ёки соғайиш эҳтимоли энг юқори пайтда" аниқлаш имконини яратади.
Тест натижаси "саратон йўқ" деб чиққан одамларнинг деярли барчаси, яъни 99 фоиздан ортиғида бу жавоб тўғри бўлиб чиққан. Яъни, тест саратон йўқ одамни хато қилиб "сизда саратон бор" деб кўрсатмаган.
Агар бу тест кўкрак, ўпка, ичак ва бачадон бўйни текширувлари билан бирга ўтказилса, саратон ҳолатларини етти баравар кўпроқ аниқлаш мумкин.
Энг муҳим жиҳати, аниқланган саратон турларининг тўртдан уч қисми учун ҳозирча ҳеч қандай скрининг дастури йўқ. Масалан, тухумдон, жигар, ошқозон, пешоб пуфаги ва ошқозон асти бези саратонлари шулар жумласидандир.
Таҳлил 10 та ҳолатнинг 9 тасида саратоннинг қайси тана аъзосидан келиб чиққанини ҳам тўғри аниқлаган.
Бу ҳайратланарли натижалар келгусида саратонни эрта ташхислашда катта рол ўйнаши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Бироқ тадқиқотда қатнашмаган олимлар бу тест ҳақиқатда саратондан ўлим ҳолатларини камайтира олишини исботлаш учун яна кўпроқ далиллар кераклигини таъкидламоқда.
Maqsad saratonni ancha ertaroq, unga qarshi samarali va sog‘aytiruvchi davo usullarini qo‘llash imkoni bor paytda aniqlashdir.
Лондондаги Саратон тадқиқотлари институти профессори Клэр Тёрнбулл шундай деди:
"Ўлим даражасини асосий кўрсаткич сифатида олган, тасодифий танланган иштирокчилар устида ўтказилган тадқиқотлар маълумотлари, Galleri тести орқали гўё эрта босқичда аниқланган саратон ҳақиқатда ўлим ҳолатларини камайтирадими-йўқми, шуни аниқлаш учун мутлақо зарур бўлади".
Синов натижалари Европа онкология жамиятининг Берлиндаги конгрессида шанба куни тақдим этилади, аммо тўлиқ маълумотлар ҳали илмий журналда чоп этилмаган.
Кўп нарса Англиядаги Миллий соғлиқни сақлаш хизмати тизимидаги 140 минг бемор иштирокида ўтказилаётган уч йиллик синов натижасига боғлиқ бўлади. Бу натижалар келаси йили эълон қилинади.
Буюк Британиянинг Миллий соғлиқни сақлаш хизмати (NHS) аввалроқ, агар натижалар муваффақиятли бўлса, синовни яна бир миллион киши учун кенгайтиришини билдирганди.
Grail компаниясининг биофарма бўйича президенти Сэр Харпал Кумар натижаларни "жуда ишонарли" деб таърифлади.
У BBC га берган интервьюсида шундай деди:
"Саратондан вафот этаётганларнинг аксариятида касаллик жуда кеч босқичда аниқланади".
Шунингдек, у: "Мақсад саратонни анча эртароқ, унга қарши самарали ва соғайтирувчи даво усулларини қўллаш имкони бор пайтда аниқлашдир", дейди
Бироқ Британия саратон тадқиқотлари маркази вакили Носир Туробий зарарсиз саратон турларига ортиқча ташхис қўйишдан сақланиш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш зарурлигини айтди.
"Буюк Британиянинг саратонни аниқлаш бўйича миллий қўмитаси ушбу тестлар орқали олинган далилларни кўриб чиқиш ва уларни соғлиқни сақлаш тизимида тадбиқ этиш ёки этмасликни белгилашда ҳал қилувчи рол ўйнайди," деди у.












