Ўзбекистон: "Худди шунақа одамларни ўлдирларинг, деган..." – Расмий идоралар нима учун бу сўзларни жиддий қабул қилмаяпти?

Сурат манбаси, @Hamid_Sodiq va Facebook/abror.muhtor.alij
Фаоллар сиёсатшунос Ҳамид Содиқ шахсига нисбатан диний фаол Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) томонидан гўё "ўлим ҳукми" янграганига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб қилган мурожаатлари эътиборсиз қолаётганини айтмоқда.
BBC бу борада расмий идораларга мурожаат қилди. Аммо Ўзбекистонда биз мурожаат қилган бирор бир идора ёки ташкилот ҳозирга қадар муносабат билдиргани йўқ.
6 ноябр куни бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идораларига очиқ мурожаат йўллаб, сиёсатшунос Ҳамид Содиқ шахси ва фаолиятига нисбатан билдирилган фикрлардан хавотир изҳор этишганди.
"Биз Аброр Мухтор Алийнинг чиқишларида сиёсатшунос Ҳамид Содиқ шахсиятига нисбатан чуқур адоват, душманчилик кайфиятини кўрмоқдамиз. Сиёсатшуносга нисбатан дин номи билан обрўсизлантириш, таҳқирлаш, диний қатлам кўз ўнгида ёмон отлиқ қилишга қаратилган ҳаракатлар кетма-кетлигини, ахборот кампаниясини кузатмоқдамиз", дейилади унда.
Мурожаатда айтилишича, Аброр Мухтор Алий, ўзининг шогирдлари саволларига жавоб берар экан, сиёсатшунос Ҳамид Содиқни ташқи разведка учун майдон тайёрлашда айблайди, ва бу айбловни ўзининг шахсий фикри сифатида эмас, диний асосли позиция сифатида тақдим қилади.
"Энг хавотирлиси, Аброр Мухтор Алий Ҳамид Содиқ каби фикрлайдиган ва фаолият юритадиган инсонлар, диний ҳукмларга кўра "қатл қилиниши керак" деган қарашни асослайди ва кенг жамоатчиликка, энг аввало, диний қатламга таклиф қилади. Бу – ҳақиқатда даҳшатли қараш, ҳақиқатда қўрқинчли даъват, чақириқ, мафкура", дейилади мурожаатда.
Фаолларга кўра, сиёсатшунос Ҳамид Содиққа нисбатан "ўлим ҳукми"ни дин номи билан асослаши – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ДХХ, Ички ишлар вазирлиги ушбу материалларни ҳуқуқий экспертиза қилиши, диний воиз Аброр Мухтор Алий фикрларига, фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериши керак.
Ушбу мурожаат чиққанидан 5 кун ўтса-да, унга расмийлар томонидан очиқ муносабат билдирилгани йўқ.
BBC Ўзбек хизмати мурожаат юзасидан Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси ва Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлар бўйича қўмитага мурожаат қилди.
Мурожаатни имзолаганлардан Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ҳолат юзасидан ҳозирча уларга ҳам расмий муносабат билдирилмагани айтди.
"Лекин афсуски, шу пайтгача, давлат идоралари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг бирортасидан бирон сас ҳам чиққани йўқ, муносабат ҳам билдирилгани йўқ. Менимча, масалани игнор қилиш, Ўзбекистондаги ҳуқуқ тартибот органлари учун одатий ҳол бўлиб қолди. Айниқса, биз фаолларнинг мурожаатлари, ҳатто ёзма мурожаатларига ҳам шу пайтга қадар бирор марта жавоб қайтарилгани йўқ", дейди Ташанов.
Кузатувчилар Ўзбекистонда блогерларнинг ижтимоий тармоқларда диний фикр билдириши тегишли идоралар томонидан қаттиқ назоратга олинганини, диний контент қўйган ёки бўлишган блогерлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга чақиртирилиб огоҳлантирилиши ва иккинчи сафар маҳкамага тортилишини айтишади.
Fuqarolarning murojaatlari to‘g‘risida qonun talablari bor. Har qanday murojaatlarga javob qaytarilishi kerak, lekin afsuski, mana shu narsa keyingi davrda to‘liq buzilib kelyapti.
Сўнгги вақтларда Мусулмонлар идорасига тегишли имомларнинг масжидлардан онлайн узатиладиган илмий дарсларига тақиқ қўйилгани, имомлар ижтимоий тармоқларда суст бўлиб қолгани айтилади.
"Жуда кўп диндорларга, диний фаолларга рухсат берилмай турганда, Аброр Мухтор Алийга ўхшаган алоҳида шахслар диний тарғибот олиб бориши, масалаларни тушунтиришга ҳаракат қилиши икки хил стандартга ўхшаган нарса. Шунинг учун мен бу нарсаларнинг ҳаммаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва давлат ҳокимияти идораларининг хоҳишлари билан боғланиб кетган, деб ўйлайман. Бу ерда ҳеч қандай қонуний меъёрлар йўқ. Қонун талаби бошқачароқ. Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида қонун талаблари бор. Ҳар қандай мурожаатларга жавоб қайтарилиши керак, лекин афсуски, мана шу нарса кейинги даврда тўлиқ бузилиб келяпти", дейди Абдураҳмон Ташанов.
Диний фаол Аброр Мухтор Алий нима деганди?
Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов)га тегишли эканлиги даъво қилинаётган ижтимоий тармоқларда тарқалган аудио файлда икки киши ўртасида суҳбат бор. Кейинчалик бу борада муносабат билдирган Аброр Мухтор Алий ушбу овозлар унга тегишли эканлигини рад қилмади.
"Лекин ақли расо одам, зиёли одам кўриб билиб турибди-ки, Ҳамид Содиқ ташқи разведка учун майдон тайёрлаётган фикр одами. Жа фикри ҳам чуқур эмас, ҳеч ким тушунмайдиган гапларни гапирса, Ҳамид Содиқ зўр гапирди, дейди. Нима гапирди, маъноси нима мана шу гапни десангиз мен унча кўп ўқимаганман-да, дейди", дейди Аброр Мухтор Алий.
"Устоз, раҳмат, бу шахсий фикрингиз, деб қабул қиламан. Чунки бу ҳақиқатда ҳам шахсий фикрингиз-а, тўғрими устоз", дейди иккинчи суҳбатдош.
"Йўқ, шахсий фикриммас. Мени ақидамга суянган фикрим бу. Бизда, ақидада мана шунақанги фикрларни, мавжуд жамиятда, мусулмонлар Ислом рукнларига амал қилаётган жамиятда бу гапларни гапиришлик, ҳадис шарифларда келишича, қатлга маҳкум қилинади. Уқтилуҳу каинан ман кана деган матн келган. Худди шунақа одамларни ўлдирларинг, деган. Пайғамбар алайҳиссаломдан шунақа ривоятда келган. Нимага деса, чунки жамиятни бузади булар. Иттифоққа таъсир қилади. Жамият бир томонга ривожланишга қараб кетяпти. Орамизда ихтилоф йўқ, ҳамма имомларга қулоқ соляпти. Динини яшаяпти, тижоратини ривожлантиряпти. Бирдан биттаси чиқяпти-да, имомлар ундоқ, палончилар бундоқ, сиёсат бундоқ деяпти. Нима қилиш керак, деса уқтилуҳу каинан ман кана, деган. Йўқотинглар буни деганлар. Нимага? Американинг сиёсати мана шундан ўрганган. Америка ички ихтилофларнинг ҳаммасига барҳам беради. Бирорта ихтилофни кўтармаларинг, ички ихтилофни дейди. Ташқарида ихтилофни эса ривожлантирларинг, дейди. Пул берларинг Ҳамид Содиқ зўр гапиряпти, пул берларинг дейди. Ана собиқ депутат хотин бору, ҳа, зино қилди бошқа билан, дарров, қўллаб қувватлаларинг дейди. Дарров, ўшаларни қўллаб-қувватла, дейди. Патинкасини кўтариб чиқдими биттаси, дейди. Давай, уни сиёсийлаштир, дейди. Керак уларга. Биз нима уларга раҳмимиз келмаяптими, биз қилмаяпмизми шу ишни?", дея якунланади аудио файл парчаси.
Фаоллар нима деди?
"Энг хавотирли жиҳати, шу кейс сабаб мамлакатда шундоқ ҳам таранг диний вазият, муҳит, давлатнинг диндорларга бўлган муносабати янада таранглашиш эҳтимоли ортади.
Ўзи жамиятни турли тоифаларга бўлиб юборувчи ва ўзаро тарафкашлик оловини ёқиш орқали мамлакат халқини пароканда қилишга олиб борувчи бу каби хатти-ҳаракатлар аввалбошдан назоратга олиниши керакмасмиди? Ёки мақсадли, онгли равишда қўйиб бериляптими? Саволлар кўп, аммо айрим омиллар сукутга мажбур қилади…" деб ёзади Azon Global лойиҳалари бош директори Нўъмон Абдулмажид.
Жамиятшунос олима Дилсора Фозилованинг таъкидлашича, таъсирли овоз эгалари муқаддас ваколат номидан кимнидир очиқ ёки яширин тарзда қораласа, бу баъзан диний билимдан кўра ҳиссиёт билан ҳаракат қилувчи издошлар учун зўравонликни "ахлоқий рухсат" сифатида талқин этилишига туртки бўлади.
"Диний идентитет чуқур ҳиссий аҳамиятга эга жамиятларда бундай риторика ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлиб, "динни ҳимоя қилиш" номи билан таҳдид ёки зарар келтирувчи жамоавий ҳаракатларга сабаб бўлиши мумкин", дейди у.
2024 йилнинг 6 феврал куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди қарори билан Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) қамоққа олинганди.
Kun.uz манбасига кўра, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-модда (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)да ифода қилинган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топилган.
Абдуазимовга тайинланган 15 сутка қамоқ жазоси тафтиш тартибида қайта кўрилиб, тайинланган жазо ўзгартирилган ва у озодликка чиқарилганди.












