Ўзбекистон ва дунё: Эркаклар қотили – простата саратонини эрта аниқлаш мумкинми?

Сурат манбаси, Getty Images
Британия собиқ Бош вазири лорд Камерон простата саратонига чалинганини маълум қилган.
Бу саратон тури Британиядаги эркаклар орасида энг кўп тарқалган саратондир.
Ҳар йили мамлакатда 55 минг ҳолат аниқланади.
Простата саратони турлича намоён бўладиган касаллик: баъзиларда тез тарқалса, бошқаларда жуда секин ўсади ва минимал даволашни талаб қилади ёки умуман талаб қилмаслиги мумкин.
Простата бези саратони нима?
Простата бези ёнғоқ катталигидаги без бўлиб, тос бўшлиғида қовуқдан пастроқда жойлашган.
У сийдик чиқариш каналини – сийдикни танадан жинсий олат орқали чиқарадиган найни ўраб туради.
Простата бези саратони, яъни бездаги ҳужайраларнинг нонормал ва назоратсиз ўсиши одатда секин ривожланади.
Йиллар давомида ҳеч қандай белги ёки аломатлари билинмаслиги мумкин ва баъзи эркакларда деярли муаммо туғдирмаслиги ҳам мумкин.
Аммо бошқаларда саратон тажовузкор ва қаттол бўлиши мумкин.
Эрта аниқланган простата саратонини муваффақиятли даволаш имконияти анча кўпроқ.

Сурат манбаси, Reuters
Простата бези саратони қанчалик кенг тарқалган?
Британия Простата саратони ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар саккиз эркакдан бири ҳаётининг қайсидир палласида простата саратонига чалинади.
Буюк Британияда ҳар йили тахминан 52 300 эркакка ташхис қўйилади ва Британия Саратон тадқиқотлари маълумотларига кўра, ҳар йили 12 200 га яқин киши мазкур саратондан вафот этади.
У кўпинча кекса ёшда – 75 ёшдан ошган эркаклар орасида учрайди. 50 ёшгача бўлганларда камдан-кам кузатилади.
Агар яқин қариндошингиз – отангиз, акангиз, бобонгиз ёки амакингиз простата саратони билан оғриган бўлса, сизда бу касаллик хавфи юқори.
У яна қора танли эркакларда кўпроқ учрайди.
2022-yili O‘zbekistonda 1200 ga yaqin erkakka prostata bezi saratoni tashxisi qo‘yilgan.Bu saratonga chalinganlarning umumiy sonining 8 foizga yaqinini tashkil qiladi.
Ўзбекистонда простата саратони не қадар кенг тарқалган?
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, 2022 йили Ўзбекистонда 1200 га яқин эркакка простата бези саратони ташхиси қўйилган.
Бу саратонга чалинганларнинг умумий сонининг 8 фоизга яқинини ташкил қилади.
Простата бези саратони эркакларда ўпка, қорин ва жигар саратонидан сўнг 4- энг кенг тарқалган саратондир.

Сурат манбаси, Getty Images
Простата безининг асосий аломатлари қандай?
Простата саратонининг асосий аломатлари қуйидагилар:
• тез-тез сийиш зарурати – айниқса кечаси
• сийишни бошлашда қийинчилик, сийиш суръатининг сустлиги ва узоқ давом этиши
• сийдик ёки уруғда қон бўлиши
Ушбу аломатлар бошқа сабаблар билан ҳам юзага келиши мумкин, лекин ҳар қандай ўзгаришларни шифокор текшириши муҳим.
Простата бези саратони учун аниқ тест борми?
Ягона, аниқ ташхислаш тести йўқ. Шифокорлар турли усуллар асосида ташхис қўйишади.
Простатага хос антиген (ПХА) учун қон тести ва сканерлаш, шунингдек, лабораторияда текшириш учун кичик тўқима намунасини олган ҳолда биопсия қилиш мумкин.
ПХА тестлари соғлом эркакларни простата саратонига текшириш учун мунтазам қўлланмайди, чунки натижалар ишончсиз бўлиши мумкин.
Юқори ПХА доим ҳам саратон касаллигини англатмайди. Масалан, инфекция бўлса, унинг миқдори ошиши мумкин.
ПХА кўрсаткичи юқори бўлган баъзи эркакларда простата саратони бўлиши мумкин, аммо у муаммо туғдирмайди ёки даволашни талаб қилмайди. Бу эса ортиқча ташвиш ва қўшимча текширувларга сабаб бўлади.
Простата бези оммавий скрининги ёрдам берадими?
Тадқиқотчилар скринингни жорий этиш фойдали бўлиши ёки бўлмаслигини қайта-қайта ўрганиб чиққан.
Умуман олганда, бу тадқиқотлар шуни кўрсатадики, маълум бир ёшдаги барча эркаклар ПХА тестидан ўтиши простата саратонидан вафот этадиган эркаклар сонининг фақатгина бироз камайишига олиб келади.
2020 йилда Буюк Британиянинг Миллий скрининг қўмитаси бу касаллик учун скрининг ўтказишни тавсия қилмаган эди.
Бироқ «Простата саратони тадқиқотлари»нинг сўнгги ҳисоботида оилавий анамнезида простата саратони бўлган 45-69 ёшли эркаклар ва қора танли эркаклар учун скрининг дастурини ўтказиш таклиф қилинган.
Аммо бошқалар бу бошқа касалликлар билан даволанаётган беморларни сканерлаш имкониятини камайтириши мумкинлигини таъкидламоқда.
Баъзи мутахассислар скринингнинг аҳамиятига шубҳа билан қарайди. Уларнинг фикрича, беморлар зарур бўлмаганда ҳам саратон касаллигидан даволаниши ва кейинчалик сийдик тута олмаслик ва эректил дисфункция каби таъсирлар билан яшашга мажбур бўлиши хавфи бор.
Простата бези саратони қандай даволанади?
Турли хил даволаш усуллари мавжуд ва шифокор қайси бири сизга мос келиши мумкинлигини маслаҳат беради.
Агар саратон эрта босқичда бўлса ва суст ривожланаётган бўлса, уни шунчаки назорат остига олиш мумкин.
Баъзи простата саратони турлари жарроҳлик ва нур терапияси каби даволаш усуллари билан даволаниши мумкин.
Гормон терапияси саратон ўсишини ҳам секинлаштириши мумкин.
Шунингдек, ўта совуқ (криотерапия) ёки юқори интенсивликдаги фокусланган ультратовуш ёрдамида саратон ҳужайраларини йўқ қилиш мумкин.












