Россия асирга олган Украин аскари қорнига "Россияга шон-шарафлар" деган тамға урилган

Сурат манбаси, Oleksandr Turkevych
- Author, Анна Кундиренко
- Role, BBC Украин хизмати
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Диққат: Матнда оғриқли тафсилотлар бўлиши мумкин.
Украина ҳарбий асирининг қорнига "Россияга шон-шараф" деган ёзув куйдириб ёзилган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кўплаб украиналикларда ғазаб ва даҳшат уйғотди. Сурат шу даражада шафқатсиз ва маъносиз эди-ки, айримлар ҳатто унинг ҳақиқийлигига шубҳа билан қаради.
Расмни илк бор Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги Clash Report саҳифаси эълон қилди. Орадан кўп ўтмай, Украина расмийлари ва жабрланган ҳарбийни даволаётган шифокорлар сурат ҳақиқийлигини тасдиқлади ва ундаги инсон Россия асирлигидан яқинда озод қилинганини айтишди.
Унинг исми – Андрей. Бу – шифокорлар тиббий этикани бузмасдан очиқлаши мумкин бўлган ягона шахсий маълумот. Бироқ улар чандиқ ва даволаш жараёни ҳақида кўпроқ гапиришга тайёр.
Биз бу ҳодиса ортидаги сабаблар, усуллар ва уни ким амалга оширганини аниқлаш учун шифокорлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан суҳбатлашдик.

Сурат манбаси, clashreport
"Уларни реабилитацияси билан шуғулланувчи минтақавий марказлардан бирида шифокор беморни кўрикдан ўтказаётган пайтда бу ҳолатга чидай олмаган ва суратни тармоққа жойлаган. Бу ҳимоячиларимиз асирликда нималарни бошдан кечираётганининг яққол далилидир," деди Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси вакили Андрей Юсов Украина телеэфирида.
Чандиқлар ва куйиш оқибатларини бепул даволашга ихтисослашган "Ёнмаслар" миллий дастури шифокорлари Андрейга ёрдам беришга қарор қилишди.
Bu professional darajada, texnik jihatdan sifatli amalga oshirilgan, garchi ma’nosi mutlaqo bema’ni bo‘lsa-da. Umumiy narkoz ostida bajarilgan, bu chandiq tekisligidan bilinadi.
"Андрей ҳайратланарли даражада кучли иродали ва ҳазилкаш йигит. У даволанишга тўлиқ тайёр, руҳий ҳолати барқарор," деди Би-би-си Украина хизматига дастур раҳбари Максим Туркевич.
Унинг айтишича, Андрей Украина ва Россия ўртасидаги Истанбулда бўлиб ўтган сўнгги йирик асирлар алмашинуви доирасида озод қилинган.
Шифокорлар беморнинг танасига чизилган ёзув қандай ва ким томонидан қилинганини аниқлаш учун етарли далилларга эга.
"Қийнаш учун эмас, из қолдириш учун"
Туркевичнинг айтишича, ёзувни оддий тиббиёт ходими эмас, балки малакали хирург бажарган.

Сурат манбаси, Oleksandr Turkevych
"Бу профессионал даражада, техник жиҳатдан анча сифатли амалга оширилган, гарчи маъноси мутлақо бемаъни бўлса-да. У умумий наркоз остида бажарилган, бу чандиқ текислигидан билинади. Агар бемор ҳушёр бўлганида, ҳаракат қилган бўларди ва чандиқ бу даражада силлиқ чиқмасди."
Шу асосда, Туркевич хулоса қилади: "Бу қийноққа солиш эмас, балки из қолдириш мақсадида қилинган."
Унга кўра, ёзув дерматологияда сўгал ва папилломаларни олиб ташлашда ишлатиладиган электрокоагулятор ёрдамида ёзилган. "Ёзув жуда нозик, чандиқлар ҳам шунга яраша ингичка. Агар бу ертўлада оддий куйдиргич билан амалга оширилган бўлса, чандиқ анча дағал ва нотекис бўларди," дея изоҳлайди у.
Кўриниб турибдики, ёзув Андрейнинг танасида бошқа тиббий муолажалар вақтида қолдирилган.
"Унинг қорин бўшлиғида жиддий муаммолар бор: чурраси, чов соҳасида парчаланган шикастланиш ва сийдик пуфаги жароҳати. Қуйидан снаряд портлаши оқибатида шикастланган. Суратларда сийдик чиқариш йўли учун ўрнатилган мосламани кўриш мумкин," дея тушунтиради Туркевич.
Чандиқ нима бўлади?
Андрейни олдинда бир ойдан ортиқ стационар даволаниш ва асосий шикастланишлар бўйича бир нечта жарроҳлик амалиётлари кутмоқда. Шундан сўнг шифокорлар ёзувни лазер ёрдамида йўқотиш ишларига киришади.

Сурат манбаси, Office of the President of Ukraine
Ҳозирча беморга чандиқ тўқимасини юмшатиш ва уни фаол даволаш босқичига тайёрлаш учун уколлар қилинмоқда.
"Кейин лазер орқали тўғридан-тўғри чандиқ тўқимасига таъсир кўрсатилади. Бунда турли усуллар, технологиялар ва ускуналар биргаликда қўлланади. Бизнинг прогнозимизга кўра, аниқ натижалар (яъни чандиқнинг қисман ёки тўлиқ йўқолиши) олти ой ичида сезила бошлайди," дейди Туркевич.
Унинг таъкидлашича, айни ҳолатда чандиқни жарроҳлик йўли билан кесиб ташлаш мумкин эмас, чунки бемор гипертрофик ва коллоид чандиқларга мойил.
Украина Бош прокуратураси Би-би-си Украина хизматига берган маълумотга кўра, Россиядаги қамоқхоналарда украиналик ҳарбий асирлар қийноққа солиниши бўйича очилган катта жиноят иши доирасида Андрейнинг ҳолати ҳам тергов қилинмоқда.
Дастлабки терговни Украина Хавфсизлик хизмати олиб бормоқда. У Би-би-сига яқин орада бу иш юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилишини ваъда берди.








