Bloomberg: ЕИ Қирғизистонга нисбатан жазо чораларини муҳокама қилмоқда

Қирғизистон ва Европа Иттифоқи байроқлари

Сурат манбаси, Расмий

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Европа Иттифоқи Россияга нисбатан тайёрланаётган навбатдаги чекловлар доирасида Қирғизистонга қарши жазо чоралари жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги манбаларга таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, Украинадаги уруш сабаб Россияга қарши янги 20-санкция пакети тайёрланяпти. Унда санкцияларни айланиб ўтишга қарши янги қоидалар бор. Бу қоидалар биринчи бўлиб Қирғизистонга нисбатан қўлланилиши мумкин.

Bloomberg манбаларига кўра, муҳокама қилинаётган эҳтимолий чоралар орасида Қирғизистонга станоклар ва радиоэлектрон ускуналар экспорт қилишга чеклов жорий этиш масаласи ҳам бор. Бироқ нашр бу чоралар Қирғизистонда айнан қайси тармоқларга тааллуқли бўлиши мумкинлигига аниқлик киритмаган.

Ғарб давлатлари Украинада уруш бошланганидан бери Қирғизистон Россияга тақиқланган товарларни етказиб беришда асосий транзит йўналишларидан бирига айланганини таъкидлаб келади. Уларнинг қайд этишича, Европадан Қирғизистонга экспорт қилинаётган товарларнинг салмоқли қисми амалда Россия бозорига йўналтирилмоқда.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Brookings Institution таҳлилий маркази ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги йилларда Европа давлатларидан Қирғизистонга экспорт ҳажмлари кескин ошган. Хусусан, Эстониядан экспорт 10 минг фоизга, Финландиядан 3100 фоизга, Полшадан 2200 фоизга, Грециядан 2100 фоизга ўсган. Норвегия, Буюк Британия, Германия ва Чехиядан етказиб бериш ҳажмлари ҳам 1000 фоиздан ортиққа кўпайган.

"Қирғизистон Россияга етказиб берилаётган Европа товарларининг асосий йўналишларидан бирига айланиб қолди", дейди Brookings Institution иқтисодчиси Робин Брукс.

Россиянинг Украинадаги кенг кўламли уруши бошланганидан бери АҚШ, Британия ва Европа Иттифоқи Қирғизистондаги бир қатор компанияларни, банкларни ва крипто-корхоналарни "Россияга санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашган" деган важ билан қора рўйхатга киритган. Уларнинг орасида KIFIKO LLC, Grinex LLC, Old Vector LLC, Tengricoin каби компаниялар, шунингдек "Капитал", "Керемет", "Толубай Банк" ва "Евразия омонат банки" каби банклар бор.

Ушбу ишхоналар орасида крипто тармоғида фаолият юритадиганлари ҳам бор. Масалан, Қирғизистонда ўтган йили Grinex криптовалюта биржаси иш бошлаган.

Ушбу платформада рублга боғланган A7A5 стейблкоинигина қўлланилади. Financial Times ўз суриштирувида ушбу биржа Россияда яшовчи ва Ғарб санкциясига тушган молдовалик олигарх Илан Шор ҳамда Россия мудофаа соҳасига алоқадор "Промсвязбанк" томонидан ташкил этилганини ёзган.

Ғарб нашрлари 2025-2026 йилларда Grinex криптобиржаси орқали миллиардлаб АҚШ долларидаги маблағ айланганини ва бунинг Россиянинг санкциялар остидаги яширин тўловлари билан боғлиқлигини ёзишмоқда.

Брюсселда бундай схемалар санкциялар самарадорлигини пасайтиради деб ҳисоблашади. Шу сабабли Европа Иттифоқи "иккинчи даражали санкциялар" деб аталувчи механизмни, бошқача айтганда, санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашаётган учинчи давлатларга босим ўтказиш чораларини қўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Европа Иттифоқи Россияга қарши 20-санкция пакетини 24 февралда тасдиқлашни режалаштирган.

Қирғизистон бунга нима дейди?

Qirg‘iziston tashqi ishlar vaziri Jeenbek Kulubayev
Rasmiy
Sanksiyalar joriy etilganiga qaramay, Qirg‘iziston an’anaviy va barqaror sheriklari bilan savdo-sotiqni to‘xtata olmaydi...
Tashqi ishlar vaziri Jeenbek Kulubayev (bbc.com/uzbek da batafsil)

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев 15 январдаги матбуот анжуманида мамлакатга нисбатан жорий этилаётган санкциялар бўйича Ғарб давлатлари билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, Қирғизистон томони ўз аргументларини тақдим этиб, ҳатто мустақил аудит ўтказиш ташаббуси билан чиққан. Бироқ, "ҳамкорлар буни мақсадга мувофиқ эмас деб топиб, бир томонлама санкциялар киритишда давом этмоқдалар".

"Биз Европа Иттифоқи ва АҚШдаги ҳамкорларимиз билан кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича доимий равишда ишлаяпмиз. Бир қатор маслаҳатлашувлар ўтказдик, унда ўз далилларимизни келтириб, ҳатто мустақил аудит ўтказишни таклиф қилдик. Бироқ ҳозирда бизнинг ҳамкорлар буни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаб, бир томонлама тартибда санкциялар киритишда давом этишмоқда, Биз буни нотўғри деб ҳисоблаймиз. Қирғизистон Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва биз орқали катта транзит ва савдо оқими ўтади. Биз санкция режимлари бўйича ишни давом эттирамиз, лекин улар санкция киритяпти деб, анъанавий ва барқарор шерикларимиз билан савдо-сотиқни тўхтатиб қўя олмаймиз", деди Кулубаев.

Вазир таъкидлаганидек, дунёдаги инқирозлар даврида Қирғизистоннинг иқтисодий имкониятлари чекланган, шу боис давлатнинг асосий вазифаси — халқ фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун савдо-сотиқни давом эттиришдир. "Биз буни Ғарбдаги ҳамкасбларимизга етказмоқдамиз", — деди Кулубаев.

Шунингдек вазир Қирғизистон барча халқаро мажбуриятлар ва келишувларни қатъий бажариб келаётганини қўшимча қилди.

"Биз халқаро мажбурият ва келишувларга амал қилаётганимизни айтмоқдамиз. Агар жиддий далиллар бўлса, марҳамат, уларни бизга исботлаб беринг, деяпмиз. Улар ҳали исботлаб беришгани йўқ. Бироқ, шунга қарамай, бир томонлама тартибда санкциялар эълон қилишмоқда. Биз буни нотўғри деб ҳисоблаймиз, бу ҳақда президентимиз ҳам айтган эди. Биз Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия вакиллари билан музокаралар олиб боряпмиз ва бу иш жорий йилда ҳам давом эттирилади", — деди вазир.

Президент Садир Жапаров 2025 йилнинг сентябрида Ню-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатга қўйилган санкцияларни асоссиз деб атаб, буни ички ишларга аралашиш сифатида баҳолаган эди.

Жапаров Қирғизистон ўз иқтисодиётини мустақил равишда юксалтиришга интилаётганини ва халқаро мажбуриятларини доимо қатъий бажариб келаётганини таъкидлаган.

"2024 йилда Европа Иттифоқи давлатлари Россия билан 141 миллиард долларлик савдо қилган бўлса, шундан 36 миллиард доллари Россиядан импорт қилинган товарлар бўлган. Бизнинг иккита банкимизга қарши санкция эълон қилган Британиянинг ўзи эса 2024 йилда Россия билан 2,2 миллиард долларлик савдо айланмасига эга бўлган. Кимдир Россия билан ҳамкорлик қилиш имкониятини худбинлик билан фақат ўзида қолдириб, ўз манфаатларини ҳимоя қилиб, бошқаларга тақиқ қўйган. Бизга Россия билан ҳамкорлик қилманглар деган талабни қўясиз-у, лекин ўзларингиз кенг кўламда ҳамкорлик қиляпсизлар. Бизни сизларга қараганда Россия билан анча кўп иқтисодий ришталар боғлаб туради", — деган Жапаров.

У Қирғизистон бошқалар билан зиддиятга киришишни истамаслигини, деярли барча давлатлар билан ҳамкорлик қилиб, кўп векторли сиёсат юритишини айтиб, Қирғизистон худди шу Англиянинг ўзига йилига 1 миллиард долларлик олтин сотишини мисол қилган.