Олти йил аввал Трамп БМТ ассамблеясига йиғилганларни кулдирган эди, бу йил улар сукут сақлашди

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Доналд Трампнинг БМТдаги нутқи унинг дунёқараши ва мафкураси энг очиқ шаклда ифодаланган баёнотларидан бири эди.
Унинг тарафдорлари бу, эҳтимол, тўлиқ ечилган трампизмдир, танқидчилари учун эса бу назоратдан чиққан трампизм бўлиши мумкин.
Деярли бир соат давомида у дунё бўйлаб рақибларини ва уларнинг ғояларини бирма-бир танқид қилди. У гапни ўз юртидан бошлади, Америка Қўшма Штатларини ва ўзини мақтади. У АҚШ олтин даврни бошдан кечираётганини, шахсан ўзи еттита урушни тугатгани ҳақидаги баҳсли даъвосини такрорлади ва буни тинчлик бўйича Нобел мукофотига муносиб, деб таъкидлади.
Кейин у мезбонларга танбеҳ бера бошлади. Унинг айтишича, БМТ унинг тинчлик ўрнатиш саъй-ҳаракатларига ёрдам бермаган. У ташкилотнинг мақсадини шубҳа остига қўйиб, унинг улкан салоҳияти борлигини, аммо буни самарали ишлатмаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, БМТ фақат қатъий сўзлар билан хатлар ёзади, аммо уларни ижро этмайди. Қуруқ сўзлар урушларга чек қўймайди, деди у.
Шунингдек, у АҚШга кирмоқчи бўлган бошпана изловчиларга ёрдам бергани учун БМТни танқид қилиб, "БМТ босқинчиликларни тўхтатиши керак, уларни яратмаслиги ва молиялаштирмаслиги керак," деди. Президент ҳатто БМТни унинг ташрифи ва нутқига халақит берган бузилган эскалатор ва телепромптер учун ҳам танқид қилди.

Сурат манбаси, EPA
Бир томондан, унинг гапларида жон бор. Кўплаб таҳлилчилар бугунги кунда БМТнинг можароларни ҳал қилишдаги самарадорлигини шубҳа остига қўймоқда, хусусан, Хавфсизлик Кенгашининг фалажлиги ва ташкилотнинг суст бюрократиясига эътибор қаратмоқда.
Аммо бошқа томондан, Трампнинг ўзини БМТ самарасизлигининг ҳам сабаби, ҳам аломати сифатида кўриш мумкин. Чунки Трампнинг ўзи глобал инқирозларни ечишда БМТ каби кўп томонлама ташкилотлардан фойдаланмасдан, ўзига ўхшаган қудратли одамларни йиғиб, келишув тузиш орқали ҳал қилган яхши деб ҳисоблайди.
Трамп даврида АҚШ БМТни молиялаштиришнинг катта қисмини тўхтатди, натижада ташкилот бутун дунё бўйлаб гуманитар ишларини қисқартиришга мажбур бўлди.
Трамп, эҳтимол, энг катта танқидини Европадаги иттифоқчиларига қаратди. У қайта тикланадиган энергияга сармоя киритгани ва миграцияга чегараларини очгани учун қитъани танқид қилди.
"Европа жиддий муаммоларга дуч келган. Уни мисли кўрилмаган даражада ноқонуний муҳожирлар босган... Ҳам иммиграция, ҳам худкушона энергия ғоялари Ғарбий Европа ҳалокатига олиб келади," деди у.
Унинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши "дунёда содир этилган энг катта фирибгарлик" бўлиб, Европа мамлакатларини қазилма ёқилғига нисбатан қимматроқ энергия харажатлари билан қийнамоқда. У, хусусан, Буюк Британия ҳукуматини Шимолий денгиз нефтига янги солиқлар жорий этгани учун танқид қилди.
"Агар яшил энергия фирибгарлигидан қутулмасангиз, мамлакатингиз барбод бўлади," деди у.
"Мен Европани яхши кўраман. Мен Европа халқини яхши кўраман. Энергия ва иммиграция туфайли вайрон бўлишини кўришни ёмон кўраман. Бу икки бошли махлуқ ўз йўлидаги ҳамма нарсани йўқ қилади... сиз сиёсий жиҳатдан тўғри бўлишни хоҳлайсиз ва шу билан ўз анъанангизни йўқ қилмоқдасиз."
Охирги нуқтага эътибор беринг. Бу президентнинг ўтган ҳафта Буюк Британияга давлат ташрифи чоғида "инглиззабон дунё" қадриятларини ҳимоя қилиш муҳимлиги ҳақида айтган сўзларига ўхшайди.
Трампнинг Европани танқид қилишининг маданий жиҳати бор. У назоратсиз иммиграция Европанинг яҳудий-насроний анъанасига таҳдид солаётганига ишонади. Бежизга Трамп ошкора диндор маъмурият раҳбари эмас. "Келинг, диний эркинликни ҳимоя қилайлик, – деди у БМТга, – жумладан, бугунги кунда сайёрадаги энг кўп таъқиб қилинаётган динни – у насронийлик деб аталади."
Трамп яна Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ энг жиддий огоҳлантиришни берди.

Сурат манбаси, EPA
Унинг айтишича, президент Путиннинг можарони тугатишдан бош тортиши "Россияни яхши кўрсатмаяпти." У АҚШ қон тўкилишини тўхтатиш учун "кучли божларнинг жуда қақшатқич раундини жорий этишга" тайёр эканлигини айтди. Аммо у Европа давлатлари Россия энергиясини сотиб олишни аллақачон тўхтатиши керак эди деди ва баъзилар шундай қилаётганини икки ҳафта олдин билганини даъво қилди.
Амалда фақат Венгрия ва Словакия Россия нефтининг ягона асосий европалик харидорлари ҳисобланади. Дипломатлар таъкидлашича, Трамп Ҳиндистон ва Хитойга иккиламчи санкциялар қўллаши шарт бўлмаслиги учун бунинг ортига яширинмоқчи. Бу икки давлат катта миқдорда арзон Россия энергиясини сотиб олмоқда ва Трамп уларни ҳам тилга олган.
Эҳтимол, унинг нутқидан кўра, бироз вақт ўтгач, ижтимоий тармоқлардаги пости муҳимроқ бўлди. Унда у биринчи марта Украина ўзининг бутун ҳудудини қайтариб олиш имкониятига эга бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Унинг Россияни "қоғоз йўлбарс" ва "ҳақиқий ҳарбий куч эмас" деб баҳолаши президент Путинга зарар етказади, чунки у ўз мамлакатининг глобал ўйинчи эмаслигига оид ҳар қандай ишорадан жуда таъсирланади. Дипломатлар айтишича, бу Трампнинг Россияга нисбатан танқидийроқ позицияга ўтаётганига охирги мисол бўлди.
Бироқ, Трампнинг сўзларига доим эҳтиёткор ёндашиш керак. У БМТда Украина президенти Зеленский билан учрашганидан сўнг бир неча дақиқа ўтар-ўтмас оптимистик кайфиятда эди.
У Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТО ёрдамида ўз ҳудудларини қайтариб олиши мумкинлигини айтди, аммо АҚШнинг иштироки ҳақида ҳеч нарса демади. Сўнгги бир неча йиллик барча далиллар шуни кўрсатадики, бу ҳолдан тойдириш уруши бўлиб, Украина АҚШнинг кенг кўламли ҳарбий ёрдамисиз Россиядан ерларни қайтариб ололмайди.
Бу соф Трамп эди: Америка ва суверен давлатни ҳимоя қилиш, кўп томонламалик ва глобаллашувга қаршилик, шубҳали таъкидларга тўла онг оқими.
Олти йил олдин БМТдаги тингловчилар Трампнинг баъзан ҳақиқатга тўғри келмайдиган баёнотларига кулган бўлса, бу йил асосан жимгина тинглашди.
"Мен бу масалани жуда яхши биламан, – деди у жаҳон етакчиларига. – Мамлакатларингиз жаҳаннамга кетмоқда."












