'Мен уларга эримни бердим ва улар мени ҳеч нарсасиз қолдиришди'. Украина нима қилаяпти?

    • Author, Анастасия Грибанова
    • Reporting from, Киев
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Украина аскарлари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари бўйича расмий статистика йўқ, аммо уларнинг сони юзлаб бўлиши мумкин.

Орқаси билан турган номаълум киши.
Сурат тагсўзи, Қанча украиналик аскар ўз жонига қасд қилгани ҳақида расмий маълумотлар йўқ.

Ушбу мақолада ўз жонига қасд қилиш ҳақида тушкун қилувчи тафсилотлар ва ҳаволалар мавжуд. Баъзи исмлар шахсни ҳимоя қилиш учун ўзгартирилди.

Olga Reshetilova
BBC
Ular jahannamni boshdan kechirishdi. Ularni qanchalik iliq kutib olsak, fojealar shunchalik kam bo‘ladi...
Olga Reshetilova
Ukrainaning birinchi harbiy ombudsmani (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Катерина ўғли Орест ҳақида йиғламай гапира олмайди. Ўғлининг ўлганини қандай билгани ҳақида сўзлар экан, унинг овози ғазабдан титрайди.

Орест 2023 йилда Донецк вилоятидаги Часив Яр яқинидаги Украина фронт чизиғида ҳалок бўлган. Армиянинг расмий суриштирувига кўра, у ўз-ўзига етказилган жароҳатдан вафот этган.

Катерина Украинада ўз жонига қасд қилиш ва руҳий саломатлик ҳақидаги уят ҳисси туфайли ўзининг ва вафот этган ўғлининг шахсини аноним қолдиришни сўради.

Орест китобни севадиган, илмий даражаларни орзу қиладиган камгап 25 ёшли йигит эди. Унинг кўриш қобилияти заифлиги уруш бошланганда уни хизматга яроқсиз қилиб қўйганди, дейди онаси.

Аммо 2023 йилда уни кўчада ҳарбийга чақирув патрули тўхтатди, унинг кўриш қобилиятини қайта текширишди ва жангга яроқли деб топишди. Орадан кўп ўтмай уни алоқа мутахассиси сифатида фронтга жўнатишди.

Украина ҳарбийлари танкларнинг йўлини тўсиш чораларини кўришаяпти.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Донецк. Украина ҳарбийлари Часив Яр яқинидаги жанг жабҳаси бўйлаб...

Жангларда ҳалок бўлган украиналик аскарларнинг аниқ сонини билиш қийин.

Жорий йил бошида президент Зеленский аскарлар ва офицерлар орасида 46 мингдан ортиқ украиналик ҳалок бўлганини тан олган эди. Ғарб таҳлилчилари фикрича, бу рақам етарли эмас.

Сояларда сокинроқ фожиалар юз беради – ўз жонига қасд қилган аскарлар, қайғу, уятдан сукут сақлаётган оилалар.

Кенг кўламли босқин бошланганидан бери аскарлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш бўйича расмий статистика йўқ. Расмийлар уларни алоҳида ҳодисалар сифатида таснифламоқда. Аммо инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари уларнинг сони юзлаб бўлиши мумкинлигига ишонади.

"Орестни чақиришмади, тутиб олишди", дейди Катерина алам билан.

Маҳаллий чақирув маркази Би-би-сига ҳуқуқбузарлик бўлганини рад этиб, кўриш қобилияти заифлашган бўлса ҳам, Орест урушга "қисман яроқли" бўлганини айтди.

Часив Яр яқинига жойлаштирилган Орест тобора камгап ва тушкун бўла бошлади, деб эслайди Катерина.

У ҳали ҳам ҳар куни ўғлига хат ёзади – 650 та бўлган. Қонун унинг ўлимини бошқача таснифлаётгани унинг қайғусини янада кучайтирди. Украинада ўз жонига қасд қилиш жанговар бўлмаган ўлим ҳисобланади. Ўз жонига қасд қилганларнинг оилалари ҳеч қандай товон пули, ҳарбий унвонлар олмайди, жамоатчилик уларни эътироф этмайди.

"Украинада биз худди иккига бўлингандекмиз, – дейди Катерина. – Кимдир тўғри йўл билан, кимдир нотўғри йўл билан ўлди.

"Давлат ўғлимни олиб, урушга жўнатди ва менга қопга солинган жасадни олиб келди. Тамом. На ёрдам, на ҳақиқат бор, ҳеч нарса."

Ҳарбий либосдаги аскарлар Украина давлат байроғига ўралган тобут олдида туришибди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Лвовда жангларда ҳалок бўлган аскарнинг дафн маросими бўлиб ўтди

Яширин тўлов

Катеринанинг ҳикояси BBC яқини хизмат вақтида ўз жонига қасд қилган оилалардан тўплаган учта ҳикоядан биридир. Ҳар бир ҳикоя оғир психологик чарчоқни ва уларни эътиборсиз қолдираётган тизимни очиб беради.

Киевлик Мариананинг кечмиши ҳам юракни эзадиган даражада ўхшаш. У ўзининг кимлигини ҳам, марҳум эрининг сирини ҳам яширишни истайди.

Унинг турмуш ўртоғи Анатолий 2022 йилда жанг қилишни истаган. Дастлаб ҳарбий тажрибаси йўқлиги учун рад жавобини олган, бироқ "уни олиб кетмагунларича қайтиб бораверди," дейди аёл нимтабассум билан.

Анатолий урушнинг энг қонли фронтларидан бири – Бахмут яқинига пулемётчи сифатида жўнатилган.

"У бир миссиядан кейин 50 га яқин йигит ҳалок бўлганини айтди, – деб эслайди Мариана. – У бутунлай бошқача бўлиб қайтди.

Анатолий қўлининг бир қисмидан айрилганидан сўнг касалхонага юборилди.

Бир куни кечқурун хотини билан телефонда гаплашгач, касалхона ҳовлисида ўз жонига қасд қилди. "Уруш уни синдириб қўйди, – дейди у йиғи аралаш. – У кўрганлари билан яшай олмасди".

Анатолий ўз жонига қасд қилгани учун амалдорлар унга ҳарбий дафн маросимини лозим топмаган.

"У фронт чизиғида турганида, фойдали эди. Лекин энди у қаҳрамон эмас-ку? Мариананинг айтишича, у ўзини хиёнат қилингандек ҳис қилмоқда.

"Давлат мени бир четга улоқтирди", дейди у. Мен уларга эримни бердим, улар мени қуруқ қолдиришди.

Камига у бошқа ҳарбий бевалар уни камситаётганини ҳис қилмоқда.

Деразага қараб турган ҳолатдаги Марияна. У ўз шахсининг сир тутилишини истади.
Сурат тагсўзи, Марияна Украинада ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ стигма туфайли ўз шахсини яширишни хоҳлади.

Унинг ягона таянчи – ўз жонига қасд қилган аскарларнинг бевалари бўлган ўзи каби аёлларнинг онлайн ҳамжамияти.

Улар ҳукумат қонунни ўзгартиришини, уларнинг вафот этган оилалари бошқа ҳарбий оилалар билан бир хил ҳуқуқларга эга бўлишини хоҳлашади.

Биз Лвовда учрашган Виктория ҳали ҳам қораланишдан қўрқиб, эрининг ўлими ҳақида оммага гапира олмайди. Биз унинг ҳақиқий исми ва турмуш ўртоғи исмини ўзгартирдик.

Унинг эри Андрейда туғма юрак касаллиги борган, аммо армияга боришни ўзи талаб қилган. У разведка бўлинмасида ҳайдовчи бўлган ва энг шиддатли жанглар, жумладан, Херсонни озод қилишда қатнашган.

2023 йил июн ойида Викторияга қўнғироқ қилиб, Андрей ўз жонига қасд қилганини айтишди.

"Дунё қулаб тушгандек бўлди", дейди у.

Унинг жасади 10 кундан кейин етиб келган, бироқ унга жасадни кўра олмаслигини айтишган.

Кейинчалик у ёллаган адвокат унинг ўлими бўйича терговда номувофиқликларни топди. Воқеа жойидан олинган суратлар эрининг ўлими ҳақидаги расмий версияга шубҳа уйғотарди.

Украина ҳарбий кучлари ўз хатоларини тан олиб, терговни қайта бошлашга рози бўлди.

"Мен унинг номи учун курашяпман. У энди ўзини ҳимоя қила олмайди. Менинг урушим ҳали тугамаган."

Стигма маданияти

Оксана Боркун ҳарбий бевалар учун қўллаб-қувватлов жамиятини бошқаради.

Унинг ташкилотига ҳозирда ўз жонига қасд қилишлар оқибатида яқинларини йўқотган 200 га яқин оила аъзо бўлган.

"Агар ўз жонига қасд қилган бўлса, у қаҳрамон эмас деб ўйлашади одамлар, – дейди у. – Баъзи черковлар дафн маросимини ўтказишни рад этади. Баъзи шаҳарлар уларнинг суратларини хотира деворларига жойлаштирмайди."

Бу оилаларнинг кўпчилиги ўлимнинг расман айтилган сабабларига ишонмайди. "Баъзи ишлар шунчаки тезда ёпиб қўйилади," дея қўшимча қилади Оксана.

Ҳарбий руҳоний ота Борис Кутовий кенг кўламли босқин бошланганидан бери ўз қўмондонлигида камида учта ўз жонига қасд қилиш ҳолатини кўрганини айтади. Бироқ, унингча, ҳатто битта ҳам кўплик қилади.

"Ҳар бир ўз жонига қасд қилиш қаердадир муваффақиятсизликка учраганимизни англатади."

Унинг фикрича, профессионал ҳарбийлардан фарқли ўлароқ кўплаб чақирилган аскарлар айниқса руҳан заиф.

Оксана ҳам, Борис ҳам ўз жонига қасд қилганларни қаҳрамон деб ҳисоблаш кераклигини таъкидлайди.

Ҳақиқатни қарор топтиришга қийналаётган тизим

Олга Решетилова BBC га суҳбат бераётган чоғ.
Сурат тагсўзи, Олга Решетилова Украинанинг биринчи ҳарбий омбудсмани.

Украинанинг ҳарбий омбудсмани Олга Решетилова ҳар ойда тўрттагача ҳарбийнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида маълумот олишини ва бу борада етарлича иш қилинмаётганини тан олади.

"Улар дўзахни кўришди. Ҳатто энг кучли руҳ ҳам синиши мумкин," деб тушунтиради у.

Решетилова хоним BBC га унинг идораси тизимли ислоҳотлар ўтказиш учун ҳаракат қилаётганини айтади.

"Тўғри ҳарбий психология мактабини яратиш учун йиллар керак бўлади," дейди у.

"Оилалар ҳақиқатни билишга ҳақли, – дейди у. – Улар терговчиларга ишонишмайди. Чунки, баъзида қотилликни ўз жонига қасд қилди деб яширишлари мумкин."

Хизмат қилганларнинг барчасини ҳарбий қаҳрамонлар сифатида шарафлаш керакми-йўқми, деган масалада унинг фикри аниқ эмас, аммо у келажакка назар ташлайди.

"Биз ҳозирданоқ уруш тугаганидан кейинги даврга тайёргарлик кўришимиз керак, – дейди Решетилова хоним. – Бу одамлар сизнинг қўшниларингиз, ҳамкасбларингиз эди. Улар жаҳаннамни бошдан кечиришди. Уларни қанчалик илиқ кутиб олсак, фожеалар шунчалик кам бўлади."

Мақолани ёзишда Кевин МакГрегор, Алексей Назарук ва Фиби Хопсон ҳам ўз ҳиссаларини қўшишган.