You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Париж: Масжидларга чўчқа бошларини ким ташлади - Франция Россия кучларидан гумон қилмоқда
Франция полицияси душанба куни кечқурун Париждаги масжидлар олдига чўчқа бошларини ташлаб кетган шахслар хорижий махсус хизматлар, эҳтимол, Россия буйруғи билан ҳаракат қилган, деб гумон қилмоқда.
Сешанба куни эрталаб Париж маркази ва яқин атрофдаги тўққизта масжид олдида бошлар топилгани жамоатчиликнинг ғазаби ва кескин норозилигини уйғотди.
Терговчиларга кўра, бунга алоқадор икки киши Сербияда рўйхатдан ўтган автомобилдан фойдаланган. Хорватияга тегишли рақамдаги мобил телефон ишлатган ва орадан бир неча соат ўтиб, Белгия чегарасини кесиб ўтган.
Бу ҳодиса сўнгги пайтларда содир этилган бир қатор иғволар билан жуда ўхшаш. Хусусан, 2023 йил октябрида Париждаги бир нечта биноларга Довуд юлдузлари чизилган, 2024 йил май ойида эса Холокост ёдгорлигида қонли қўл излари акс этган расмлар пайдо бўлган эди.
Биринчи ҳолатда полиция Молдова фуқароларининг алоқадорлигини аниқлаган, иккинчи воқеада эса тўрт нафар Болгария фуқароси шу йил октябрида маҳкамага тортилганди.
Холокост ёдгорлиги ишини олиб бораётган прокурор буни "Россия разведкаси томонидан уюштирилган Францияни беқарорлаштиришга уриниш" деб атаган.
Француз разведкаси Россия ва Эронни "ифлос ишлар" орқали Францияда низо қўзғатишга қодир давлатлар, деб ҳисоблайди.
Сўнгги воқеани тергов қилаётган полициянинг матбуотга маълум қилишича, уларга нормандиялик фермер мурожаат қилиб, "ўнтача" чўчқа бошини давлат рақами Cербияга тегишли машинада келган икки кишига сотганини айтган.
Худди шу автомобил душанба куни кечқурун Париж шарқидаги Оберкампф туманида кузатув камерасига тушган, кейин эса бир нечта масжид яқинида яна қайд этилган.
Полиция маълумотига кўра, Хорватия мобил телефони орқали ушбу машина сешанба куни эрталаб Белгия чегарасидан ўтгани аниқланган.
BFMTV телеканали қўлга киритган видеода оқ футболка, бейсболка ва тиббий ниқобдаги бир киши Малакофф шаҳарчасидаги масжид олдига чўчқа бошини ташлайди. Масжиддан кетишдан олдин у расмга олган, елкасида рюкзак бўлган.
Худди шу вақтда бошқа бир шахс Монрей шаҳридаги масжид олдида шу ҳаракатни такрорлаган.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Довуд юлдузлари ишида ҳам гумонланувчилар қилмишларини суратга олаётгани қайд этилган — терговчиларнинг айтишича, уларга бу иш ҳақини олишда исботлаш ва кейинги тарғибот учун зарур бўлган.
Терговчилар ўтган йили содир этилган яна икки воқеага қизиқиш билдирмоқда.
2024 йил июнида Париж деворларида тобут тасвирлари, айримларида "Ўлимларни ҳозир тўхтатинг" ва "Украина учун 'Миражлар' (самолёт)" деган иборалар билан пайдо бўлган.
Тахминан шу вақт оралиғида Эйфел минораси олдида Франция байроғи билан ўралган ва "Украинада ҳалок бўлган французлар" деган ёзув туширилган бешта тобут қолдирилган.
Ҳар икки ҳолатда Франция полицияси молдовалик гумондорларни аниқлаган.
Холокост ёдгорлиги ишига илова қилинган махсус хизматлар ҳисоботида Россия разведкаси "ёлғон маълумот тарқатиш ва француз жамиятини бўлиб ташлаш ёки ички зиддиятларни кучайтириш"га қаратилган стратегияга эга экани қайд этилган.
Россия бу ишларни "бевосита Россия махсус хизматларида ишламайдиган, лекин улар учун махсус вазифаларни бажарадиган ва асосан Россияга қўшни давлатларда жойлашган воситачилар орқали амалга оширади", дейилади ҳисоботда.
Ижтимоий тармоқларни кузатадиган француз разведка агентлиги Viginum Россия билан боғлиқ аккаунтлар X ижтимоий тармоғида минглаб сохта профиллар орқали Холокост ёдгорлиги ишига оид хабарларни тарқатаётганига оид далиллар мавжудлигини маълум қилган.