Ўзбекистон: Қариндошлар никоҳидан носоғлом бола туғилиши илмий исботландими? Олтин сотишда рекорд, фирибгарларга блок. Видео

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, BBC Янгиликлар бўлими
- Reporting from, Лондон
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Ўзбекистонда инсон геномини тўлиқ ўрганишга қаратилган илк кенг қамровли тадқиқот — "Ўзбекистоннинг 1000 геноми" лойиҳаси амалга оширилган.
Бу лойиҳа мамлакатнинг Илғор Технологиялар Маркази томонидан амалга оширилган.Лойиҳада аҳоли учун генетик харита яратиш ҳамда миллий биобанк ташкил этиш мақсад қилинган.
Тадқиқот натижалари Ўзбекистоннинг халқаро геномика соҳасидаги мавқеини сезиларли даражада оширди. Олимлар илгари дунёда номаълум бўлган ўнлаб янги ген вариантларини аниқлашган. Аниқланган мутацияларнинг қарийб учдан бири халқаро илмий базаларда аввал қайд этилмаган бўлиб, улар энди ушбу базаларга киритилган.
Тадқиқотнинг энг хавотирли жиҳати — болалар орасида ирсий мутациялар даражасининг юқори эканлиги айтилмоқда. Маълумотларга кўра, текширилган болаларнинг 86 фоизи камида битта "шикастланган" ген ташувчиси ҳисобланади. Бу кўрсаткич халқаро меъёрдан икки баробар юқори.
Олимлар ирсий мутацияларнинг юқори даражасини мамлакатнинг айрим ҳудудларида қариндошлар ўртасидаги никоҳлар улушининг катта экани билан боғлашмоқда. Баъзи ҳудудларда бундай никоҳлар умумий никоҳларнинг тўртдан бир қисмини ташкил қилиши мумкин. Бу ҳолат келажак авлодлар учун диабет, юрак-қон томир касалликлари ва онкологик касалликларнинг эрта пайдо бўлиш хавфини ошириши айтилмоқда.
Лойиҳа раҳбари, профессор Шахло Турдикулова, генетик муаммоларни олдини олиш учун турмуш қуришдан олдинги генетик скрининг дастурларини мажбурий жорий этиш ва болаларни эрта скрининг ҳамда профилактика дастурларига жалб қилиш зарурлигини таъкидлаган. Унинг фикрича, бундай тизимсиз ирсий касалликларнинг кенг тарқалишини тўхтатиш мумкин эмас.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистон рекорд даражада олтин сотди
2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари оралиғида Ўзбекистон 9,9 миллиард долларлик олтин экспорт қилган.
Бу мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Фақат сентябрь ойининг ўзида 1,5 миллиард долларлик олтин четга сотилган.
Экспорт қилинган маҳсулотлар таркибида олтиннинг улуши 37,1 фоизга етган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан анча юқори — ўшанда улуш 28,9 фоиз бўлган.
Олтин экспортининг ўсишига жаҳон бозорида нархларнинг кўтарилиши ҳам таъсир қилган. Масалан, 20 октябрь куни Ню-Ёркдаги COMEX биржасида олтиннинг нархи тарихий рекордни янгилаб, бир троя унцияси учун 4300 доллардан ошган.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳам сентябрь ойида 4,9 миллиард долларга кўпайиб, умумий захиралар 55 миллиард долларга етган. Бу ҳам тарихий рекорд ҳисобланади. Захиралардаги олтиннинг қиймати 44,2 миллиард долларга етган бўлса-да, физик ҳажми бироз камайган — 11,8 миллион унциядан 11,6 миллион унцияга тушган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, геология-қидирув ишларига янги ёндашувлар жорий этилгани туфайли олтин ва уран қазиб олиш ҳажми анча ошган. Масалан, 2016 йилда 86 тонна олтин қазиб олинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 118 тоннага етиши кутилмоқда.
Телефон фирибгарлигига сўнг
Beeline Uzbekistan ва Mobiuz мобил операторлари Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида "анти-спyфинг" технологиясини ишга туширди. Бу ҳақда улар ўз саҳифаларида хабар беришади.
Бу тизим сохта рақамлардан амалга оширилган қўнғироқларни аниқлаб, автоматик тарзда блоклайди. Натижада, телефон фирибгарлиги ва шахсий маълумотлар сизиб чиқиши хавфи сезиларли даражада камаяди.
Beeline Uzbekistan технологиялар директори Гедиз Сезгин: "Бу технология мобил алоқа хавфсизлигини мустаҳкамлайди ва фойдаланувчиларни энг кенг тарқалган телефон фирибгарлиги турларидан ҳимоя қилади," — дейди.
Mobiuz вакиллари эса тизим минглаб фирибгарлик қўнғироқларини абонентларга етиб боришидан олдин тўсиб қўяётганини таъкидлади. Технология барча фойдаланувчилар учун бепул ва ҳеч қандай илова ўрнатишни талаб қилмайди.
15 октябр 2025 - Ўзбекистон: UzPost "яширин приватизацияси"дан жамоатчилик ғазабда, Абдуқодир Ҳусанов "Манчестер Сити"ни ҳайратлантирди, Самарқандда минтақавий ҳарбий машқ

Сурат манбаси, Gazeta.uz
"Ўзбекистон почтаси"нинг акциялари Россиянинг электрон тижорат гиганти Wildberriesга сотилгани хабарлари тарқалди.
Ушбу хабар Интернет ижтимоий тармоқларда ғазабли шарҳларга сабаб бўлмоқда.
Ўзининг танқидий чиқишлари билан танилган иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров ва бошқалар ушбу келишувни "махфий" деб атадилар, монополист ҳисобланган ширкатни бозордаги рақибига сотиш рақобат ҳақидаги Ўзбекистон қонунчилигини бузиш ҳисобланиши ҳақида ёздилар.
Gazeta.uz веб-нашри ёзишича, "O'zbekiston pochtasi" акциядорлик жамиятининг давлат ихтиёрида бўлган улуши хусусийлаштирилган, харидор Россиянинг онлайн-платформаси бўлиши мумкин.
Интернетда харидор Wildberries бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган.
Олди-берди ҳақида расман хабар тарқатилгани йўқ.
Ўзбекистонда 2025 йилга мўлжалланган хусусийлаштириш доирасида UzPostнинг 29,4% акцияларини очиқ савдода сотиш режалангани хабар қилинган.
Шу йил сентябр ойида компаниянинг устав капитали Тошкент шаҳридаги 50 та почта бўлими биноларини сотиш ҳисобига оширилган.
Ўзбекистоннинг Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳам, "O'zbekiston pochtasi" ҳам ушбу мавзу борасида ҳозирча изоҳ берганлари йўқ.
Олди-берди ҳақидаги хабар UzPostнинг солиқлар бўйича 2,14 миллион долларга тенг деб кўриладиган баҳси мавжудлиги, мамлакатдаги Uzum электрон тижорат ширкати сармоя таклифини киритгани манзарасида тарқалмоқда.
Абдуқодир Ҳусанов "Манчестер Сити"ни ҳайратлантирди

Сурат манбаси, Getty Images
"Манчестер Сити" раҳбарияти келаётган январда янги ўнг қанот ҳимоячиси сотиб олиш режасини кўриб чиқаяпти.
upl.uz веб-cайти хабар қилишича, раҳбарият шу вақтгача жамоа таркибини кучайтириш мақсадида янги ўйинчи олиш режасида бўлган, бироқ Абдуқодир Ҳусаановнинг янги ўйини бу режани қайта кўриб чиқишга ундаган.
Янги Ўзбек футболчисининг ўзига ишончли ўйини "Манчестер Сити" раҳбарияти ва мураббийлик штабида яхши таассурот қолдирган, шу сабабли ҳам улар қишки трансфер вақти ўнг ҳимоячидан воз кечиш ҳақида жиддий бош қотираяпти.
Бу йилги мавсумда клуб бош мураббийси Гвардиола 21 яшар Ҳусановни ўнг қанот мудофаасида фаол ишлата бошлади.
Самарқандда Озарбайжон ва минтақа ҳарбийлари машқлари бўлиб ўтаяпти

Сурат манбаси, Tojikiston Mudofaa vazirligi
Тожикистон ҳарбий хизматчилари Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятига «Бирлик 2025» деб ном берилган қўшма минтақавий ҳарбий машқларда иштирок этиш учун етиб келишди, деб хабар берди Тожикистон Мудофаа вазирлиги сайти 13 октябр куни.
Хабарга кўра, ҳарбий ўқув машқлар 14 октябрдан 21 октябргача давом этади.
2025 йил 11 октябр куни Тожикистон ва Ўзбекистон мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик режаси асосида «Тожикистон Қуролли Кучларининг ҳарбий контингенти Самарқанд шаҳридаги Каттақўрғон ўқув майдонига "Бирлик-2025" минтақавий машқларда иштирок этиш учун жўнатилди», деб хабар берди расмий сайт.
Хабарда айтилишича, "Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон республикалари ушбу минтақавий машқларда иштирок этади. Машқлар жараёнида ҳарбий тажриба ва ғоялар алмашинуви кутилмоқда".
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги 11 октябр куни тарқатган хабарга кўра, Озарбайжон армиясининг бир гуруҳ аскарлари «Бирлик 2025» қўшма минтақавий машқларда иштирок этиш учун Ўзбекистонга жўнаб кетишган.
«Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан махсус кучлар ва учувчисиз учиш қурилмалари (UAV) бўйича мутахассислар иштирок этаётган ушбу машқлар терроризмга қарши операцияларда иштирок этувчи аскарларнинг профессионаллигини ошириш, минтақада барқарор тинчликни сақлаш ва тажриба алмашишга қаратилган», — дейилади расмий хабарда.
Бундан олдин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) аъзо давлатларини 2026 йилда Озарбайжонда қўшма ҳарбий машқлар ўтказишга таклиф этгани ҳақида президент сайти 7 октябр куни хабар берган эди.
Марказий Осиё НАТОсини ташкил этиш чақириқлари ҳам янграган.
Қўшма ҳарбий машқлар хабарини Ўзбекистон матбуоти ҳозирча тарқатгани йўқ.












