"Дубай шоколади": Уни бошқоронғу келинчак қандай яратганди?

    • Author, Аннабел Ракҳам
    • Role, Маданият масалалари мухбири
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) таътилда бўлганимда, хаёлимда фақат битта мақсад бор эди – машҳур "Дубай шоколади" плиткасини олиш.

Агар сиз TikTok'ка кирган бўлсангиз, шоколад, хандон писта ва таҳини таъмларини фило хамири билан бирлаштирган ва араб ширинлиги Кунафадан илҳомланиб тайёрланган плиткани албатта кўргансиз.

FIX Chocolatier компаниясининг "Can't Get Knafeh of It" деб номланган асл варианти 2022 йилдан бери фақат БААда сотилмоқда. У ижтимоий тармоқларда шунчалик машҳур бўлиб кетдики, кунига атиги икки соат сотувда бўлади ва кўпинча бир неча дақиқада сотилиб кетади.

Аммо энди унинг "Дубай шоколади" деб аталаётган нусхалари Буюк Британия супермаркетларига, жумладан Waitrose, Lidl ва Morrisons'да бор. Баъзи супермаркетлар талаб катталигидан ҳар бир мижозга чекланган миқдорда сотяпти.

FIX компаниясига рафиқаси Сара Ҳамуда билан эгалик қилувчи Езен Алани Би-би-си билан суҳбатда Дубай шоколадининг дунё эътиборига тушаётгани "фахр ва камтарлик туйғусини уйғотаётганини" айтди.

FIX шоколад плиткаси ғояси биринчи марта 2021 йилда Ҳамудадан чиққан. У ҳомиладорлик пайтида шу таъмларни қўмсаган экан.

Алани ва Ҳамуда бир йилдан сўнг плиткани ишлаб чиқаришни бошлашди ва бизнесни ўз корпоратив ишлари билан бирга олиб боришди.

"Сара ва мен Буюк Британияда улғайганмиз ва 10 йил олдин Дубайга кўчиб ўтганмиз, шунинг учун бизда Ғарб ва араб илдизлари бор.

"Биз ана шу икки маданиятдан илҳомланган таъмларни яратмоқчи эдик," дейди Алани.

Шоколаднинг жозибадорлиги унинг эксклюзивлигидадир – уни фақат озиқ-овқат етказиб бериш иловаси орқали буюртма қилиш мумкин, дўконга кириш ёки супермаркетдан олиш имкони йўқ.

Ҳар бир плитка тахминан 20 АҚШ долларига сотилади ва фақат куннинг маълум соатларида харид қилиш мумкин. Бу компанияга барча буюртмаларни бажаришга улгуриш имконини беради.

Шунингдек, минтақадаги кўплаб дўконларда "Дубай шоколади" деб номланган, писта ва фило хамири расмлари билан безатилган ўхшаш плиткаларни кўрдим.

Аланининг айтишича, "нусха" плиткалар "жуда ачинарли, чунки одамлар сифатсизларини еб кўришмоқда, бу эса брендимизга зарар етказади."

Кунафа – Яқин Шарқнинг хамир, ширин пишлоқ ва писта билан тайёрланадиган машҳур ширинлиги.

Плитка машҳурлиги сабабларидан бири ижтимоий тармоқлар бўлди.

TikTok фойдаланувчиси Мария Вехеранинг 2023 йилдаги кенг тарқалган видеоси унинг оммалашишининг асосий сабабларидан бири сифатида кўрилади.

Видеода Вехера Кунафа плиткасини биринчи марта синаб кўргани тасвирланган. Видеони деярли етти миллион одам ёқтириб "лайк" босган.

Плитканинг кўриниши ижтимоий тармоқлар учун яратилгандек: силлиқ сутли шоколад устидаги жозибали тўқ сариқ ва яшил доғлардан тортиб, бўлакни синдирганингизда чиқарадиган қарсилдоқ овозгача.

Писта билан қўшилган шоколад янгилик эмас, аммо ҳақиқий ажралиб турадиган элемент –қарсилдоқлиги. Фило хамири эса плиткага ўзига хос тузилиш ва қалинлик беради.

"Can't Get Knafeh of It" плиткаси фақат бир мамлакатда мавжуд бўлганлиги сабабли, бошқа брендлар Буюк Британияда ўз версияларини сота бошлади.

Жумладан, Швейцариянинг Линдт шоколад ишлаб чиқарувчиси "Дубай шоколади"ни супермаркетларда 10 фунт стерлингдан сотмоқда.

Британиядаги Waitrose супермаркети шоколадлар захирасини сақлаб туриш мақсадида бир мижозга фақат иккита шоколад сотиш тартибини жорий қилди.

Яна бир версиясини Home Bargains сотмоқда, Lidl супермаркети эса 4,99 фунт стерлингга ўз версиясини таклиф этмоқда ва харидлар сонини ҳам чеклаяпти.

Lidl плиткасини ва атрофдаги дўконларда сотилаётган бошқа бир нечта версияларни синаб кўрганимда, сезиларли фарқни пайқадим.

FIX шоколади "десерт плитка" сифатида тавсифланади ва кўплаб сут маҳсулотлари каби қисқа яроқлилик муддати билан музлатгичда сақланиши керак.

Бошқаларида эса бундай эмас, уларда сақлаш муддати узунроқ.

Таъм ва тузилишдаги фарқни ҳам сезиш мумкин – асл плитка Lindt плиткасидан деярли икки баравар қалин бўлиб, оддий шоколад плиткасининг ўлчами ва шаклига кўпроқ ўхшайди.

Алани ва Ҳамуда биринчи марта иш бошлаганларида, кунига олти-етти буюртмани бажариш учун бир кишини ёллашган.

Аммо машҳур бўлиб кетганидан сўнг, уларнинг бизнесида энди кунига 500 та буюртмани бажарадиган 50 киши ишлайди.

Маҳсулотнинг нархи асосий муҳокама мавзуларидан бири бўлиб, унинг бир донаси 15 фунт стерлинг туради.

"Ҳамма нарса қўлда тайёрланади, ҳар бир дизайн қўл билан ишланади," дейди Алани.

"Биз юқори сифатли ингредиентлардан фойдаланамиз ва жараён бошқа плиткаларни тайёрлашга ўхшамайди – пишириш, шоколадни дизайнга мослаш ва начинка тайёрлаш бор, ҳаттоки писталар ҳам қўлда танланиб, қайта ишланади."

Ўтган йил Arabian Business нашрига берган интервьюсида Ҳамуда шундай деди: "Онам кунафа тайёрларди ва мен буни ўзимча қайта кашф этмоқчи эдим.

"Кунафа биз мукаммаллаштирган биринчи таъм эди. Қарсиллаши, пистаси – ҳаммаси кўнгилдагидек бўлиши керак эди," дея қўшимча қилди у.

Маҳсулот муваффақиятига қарамай, Алани "бу оғир йўл бўлди" дейди, чунки улар тўлиқ иш куни давомида ҳамкорликда ишлаган ҳолда, икки фарзандини ҳам тарбиялашган.

"Бошида ташлаб кетишни истаганмиз, лекин ўзимизга ижара ҳақини тўлай олгунимизча давом этамиз деганмиз, мана натижа ёмон эмас."