Днестрбўйи ва Украина: уруш кенгаймоқдами? Dunyo Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, REUTERS/TRANSNISTRIA INTERIOR MINISTRY
Молдованинг Украина билан чегарадош ва Россиянинг дастагини олиб келаётган бўлгинчи ҳудуди бўлмиш Днестрбўйида содир бўлган сирли портлашлар Украинадаги можаро кенгайиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирди.
Айирмачи расмийлар бунинг учун Украина «инфилтраторлари» масъул эканини айтди. Аммо Украина президенти Владимир Зеленский бунинг учун Россия махсус хизматларини айблади.
Россия хавотирда эканини айтади. Днестрбўйида 1500 га яқин рус ҳарбий хизматчиси бор.
Расмийнинг айтишича, Молдовада русийзабонлар зулм остида.
Айнан шу баҳонани Россия Украинага бостириб киришни оқлаш учун айтган эди.
Днестрбўйи ҳукуматига кўра, сўнгги икки кун ичида портлашлар қуйидагиларга қаратилган:
• Пойтахт Тирасполда уларнинг давлат хавфсизлик штаб-квартираси
• Рус янгиликларини узатадиган совет давридан қолган эски радиоустунлар.
• Тираспол яқинидаги Паркана қишлоғидаги ҳарбий қисм.
Қурбонлар ҳақида хабар берилмаган, бироқ 1992 йилда қисқа муддатли уруш пайтида Молдовадан ажралиб чиққан ҳудудда хавфсизлик кучайтирилганидан далолат берувчи "терроризмга қарши" қизил огоҳлантириш ҳозирда кучга кирган.
Днестрбўйи вакилининг маълум қилишича, Украинадан бўлган уч номаълум босқинчи Хавфсизлик хизмати штаб-квартирасига граната билан ҳужум қилган. Бу даъво тасдиқланмаган.
Кремль вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини ва "бу ташвишли" эканини айтди.
Киевда президент Зеленский бунинг ортида аниқ Россия турганини таъкидлади: «Мақсад аниқ - минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш, Молдовага таҳдид қилиш. Улар Молдова Украинани қўллаб-қувватласа, маълум чоралар кўрилишини кўрсатиб қўйишмоқчи.»
"Аммо биз уларнинг имкониятларини тушунамиз, Украина Қуролли кучлари бунга тайёр ва улардан қўрқмайди", деди Зеленский сешанба куни.
Уруш қўшни мамлакатга тарқалаяптими?
Днестрбўйидаги нотинчлик Молдовани беқарорлаштириши ва Украинадаги урушда янги фронт очиши мумкин. Одесса, Украинанинг асосий порт шаҳри, Днестрбўйи шарқида жойлашган.
Агар Россия Днестрбўйини мустаҳкамласа, ғарбдан Одессага ўтиши мумкин. Унинг шаҳарга шарқдан ҳужуми Украина қўшинлари томонидан тўсилган. Бу аллақачон жиддий таранг аҳволдаги Украина кучларини чалғитади.
Жума куни россиялик юқори мартабали генерал Рустам Миннекаев "Украина жанубини назорат қилиш - Днестрбўйига чиқишнинг яна бир йўлидир, бу ерда русийзабон аҳолини камситиш ҳолатлари ҳам бор", деди.
Президент Владимир Путин собиқ иттифоқ республикаларидаги этник русларни "ҳимоя қилишга" ваъда берган. Бу унинг Украинага бостириб кириши учун айтилган баҳоналардан бири эди. Молдова ҳам собиқ совет республикаси саналади.
Бугунги кунда Молдованинг энг яқин иттифоқчиси Руминиядир, лекин Руминиядан фарқли ўлароқ, Молдова на НАТОга, на Европа Иттифоқига аъзо. Кўпгина молдоваликлар Руминия паспортига эга ва Европа Иттифоқида ишлайди.
Молдова Европанинг энг қашшоқ давлатларидан бири. Бу ерда кўплаб этник украинлар ҳам яшайди. У 437 000 дан ортиқ украиналик қочқинларни қабул қилган ва мамлакат аҳолиси эса 2,6 миллион кишидир, қочқинлар сони аҳоли сонига қиёслаганда бошқа мамлакатлардан кўп.
Молдова президенти Майя Санду Европа Иттифоқи тарафдори, бироқ ҳали ҳам кўп тарафдорлари бўлган аввалги президент Игор Додон, россияпараст эди.
Молдова Россиянинг Украинага ҳарбий босқинини билдирувчи Георгий лентаси ва Z белгисини оммавий намойиш қилишни тақиқлади.
Днестрбўйи қаерда жойлашган?
Днестр дарёси ва Украина чегараси ўртасидаги тор ҳудуд бўлмиш Днестрбўйи 1990 йилда Молдовадан мустақиллигини эълон қилган бўлса да, халқаро ҳамжамият уни тан олмади.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Москва Украинанинг автоном қисми бўлган, асосан, русийзабон бўлган Днестрбўйи ва 1918-1940 йилларда Руминия таркибига бўлган қўшни Бессарабияни бирлаштириб Молдова Совет Социалистик Республикасини яратганди.
Аммо Совет Иттифоқи парчаланиши билан Днестрбўйида молдова миллатчилиги кучайиши ва Молдованинг Руминия билан қайта бирлашиши мумкинлигидан хавотир кучайди ва минтақа ўзининг ажралиб чиқишини эълон қилди.
Молдова ва Днестрбўйи ўртасидаги қисқа чегара уруши пайтида 700 га яқин одам ҳалок бўлди - 1992 йилда сулҳ битими имзоланди. Келишув ижросини Днестрбўйида жойлашган рус қўшинлари назорат қилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














