Илон Маск Твиттерни сотиб олгани нега кўпларни хавотирга соляпти? Big Tech Dunyo

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Илон Маск Твиттерни сотиб олиш бўйича келишувга эришди, ҳамда ундаги цензурани камайтиришга ваъда берди.

Унинг бу ваъдаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳларда хавотирларга сабаб бўляпти. Уларга кўра, Маск қўли остидаги Твиттерда модерация камайтирилиб, нафрат нутқлари ва ҳақоратли постлар кўпайиши мумкин.

Твиттернинг 11 кишидан ташкил топган директорлар кенгаши жаноб Маскнинг 44 миллиард долларлик таклифини бир овоздан қабул қилган.

Твиттернинг кўп фойдаланувчилари эндиликда аввал блокланган Твиттер профиллари яна очилишига рухсат бериладими, деб сўрашяпти.

Профили блокланган энг юқори даражали шахслардан бири - Доналд Трамп.

Илон Маск ўзини "эркин сўз абсолютисти" дея таърифлайди. У бир неча бор Твиттернинг модерация сиёсатини танқид қилган ва бу платформа ҳақиқий сўз эркинлигига хизмат қилиши кераклигини айтган.

Твиттер билан эришган келишуви ортидан чиқарган баёнотида у сўз эркинлигини "фаол демократиянинг асоси" деб атади.

Инсон ҳуқуқлари учун курашувчи Amnesty International Твиттер ўз фойдаланувчиларини ҳимоя қилиши учун ишлаб чиққан сиёсат ва механизмлар шикаст ейишидан хавотир билдирди.

Доналд Трампнинг профили ўтган йили Капитолий биносига қилинган босқин вақтида блокланганди. У Илон Маск Твиттерни қўлга олаётганини эшитгач, Твиттерга барибир қайтмаслиги, балки ўзи очган Trush Social платформасида қолишини айтди.

Жаноб Маск ўзининг энг ашаддий танқидчилари ҳам Твиттерда қолишларига умид билдирди. Аммо, баъзи фойдаланувчилар Твиттерни тарк этаётганларини эълон қилишди, баъзилари эса тарк этишди.

Оқ уй воизи Жен Псаки, Твиттерга ким эгалик қилишидан қатъий назар, АҚШ Президенти Жо Байден "йирик ижтимоий тармоқларнинг қудратидан кўпдан бери хавотирда" эканини айтди.

Демократ сенатор Элизабер Уоррен Твиттерга Илон Маск эгалик қилишини "демократиямиз учун хавфли" дея қоралади ва катта технолония компанияларига қарши бойлик солиғи ва "кучли қонунлар" киритилишига чақирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek