Маск ва Цукерберг: Коронавирус борасидаги қарама-қарши фикрлар Dunyo O'zbekiston

Сурат манбаси, AFP/Reuters
- Author, Рори Кетлан-Жоунс
- Role, Технология мухбири
Глобал пандемиядан фойда кўраётганлар орасида Силикон водийсининг технология гигантлари ҳам бор. Сармоядорлар бу компаниялар инқироздан аввалгидан ҳам кучлироқ бўлиб чиқишига ишонар экан, технология компанияларнинг хиссалари нархи тушмаяпти, ёки аксинча, ўсишда давом этяпти.
Лекин, Ковид-19га қарши кураш икки технология миллиардерининг бир-бирига буткул зид қарашларини юзага чиқарди. Бу икковлон: Илон Маск ва Марк Цукерберг.
Улар ўртасидаги фикрлар фарқи молиявий таҳлилчиларнинг одатда бепарво руҳда ўтадиган онлайн анжумани вақтида яққол кўринди.
Охирги ҳафталарда «Тесла»нинг кайфияти тез ўзгариб турадиган асосчиси борган сари ғазабнок твитларни ёза бошлади.
Аввалига, у коронавирус таҳдидига ишончсизлик билдирди. Кейин эса, унга қарши олиб борилаётган курашни керагидан ошиқ тарзда кескин эканини айтиб чиқди.
Калифорния штатида киритилган локдаун, яъни карантин ҳолати, унинг Фремонтдаги энг асосий корхоналаридан бири ёпилишига сабаб бўлган. Маск эса уни яна очишни истайди.
«Браво, Техас!» дея твит ёзди Илон Маск бу штатдаги карантин чоралари юмшатилаётгани борасидаги ҳаволани улаша туриб.
Ортидан катта ҳарфлар билан қўшиб қўйди: «АМЕРИКАНИ ҲОЗИРОҚ ОЗОД ҚИЛИНГ».
Аммо, онлайн анжуманда ўз компанияси йилнинг биринчи чорагида кутилмаган даромад кўргани айтилса-да, унинг ғазаби чўққисига чиқди.
Ўз нутқининг кириш қисмида у вирусни тилга ҳам олмади. Лекин, саволларга жавоб берар экан, Калифорния штатининг одамларга уйда қолиш буйруғини сўка кетди:
«Улар уйларидан чиқа олмасликларини айтиш, агар уйидан чиқса ҳибсга олишларини айтиш, бу фашист амал. Демократик эмас. Бу озодлик эмас. Одамларга лаънати озодлигини қайтариб беринг.»
Унинг нутқи бир пайт янада экстремал тус олди.
Унинг айтишича, одамларнинг уйда қолишларини талаб қилувчи чора «уларни конституцион ҳуқуқларига зид равишда ўз уйларида мажбуран тутқукликда сақламоқда».
«Одамлар ўз эркинликларининг бу қадар даҳшатли ва нотўғри равишда бузилишлари учун Америкага келишмаган ва уни қуришмаган», - деди у.
Кейин у жуда уятли сўзни ишлатди - бунақа сўзни ҳея ким жамоатчилик учун очиқ бўлган онлайн анжуманда эшитмаган. «Кечирасизлар. Ғазаб - бу ғазаб», - дея қўшимча қилди Маск.
Унга мухолиф қарашдагиларнинг ҳам яхшигина жаҳли чиқди. Аммо, бу жаҳл ялпи даромад ва янги илова ҳақида саволларини давом эттирган таҳлилчилардан эмас, балки анжуманни кузатиб турган Твиттердаги кузатувчилардан келди.
Баъзилар фикрида, Тесла магнатини вирус таҳдидини тўғри башорат қилолмаган.
19 мартда Илон Маск Хитойда янги коронавирус ҳолатлари қайд этилмаганини айтиб, «Бугунги трендларга таянсак, АҚШда апрель охирига бориб янги ҳолатлар нолга яқинлашса керак», деганди.
Бугунга келиб АҚШдаги коронавирус ҳолатлари бир миллиондан ошган, 60 минг одам вафот этган.
Мухолиф фикр
Айни дамда, Фейсбукнинг асосчиси ўз компаниясининг охирги кўрсаткичларида даромад бироз тушганини эътироф этса-да, «мисли кўрилмаган мавҳумлик замони» ҳақида гапириб сармоядорларни мамнун қилди.
Марк Цукерберганинг бу анжумандаги нутқи Илон Маскникидек ранг-баранг бўлмади.
Лекин, у Тесла магнатига қарши фикр билдиришдан тортиниб ўтирмади. Унинг айтишича, нормалликка шошиш жамоатчилик саломатлиги ва иқтисод учун жуда ёмон қадамдир.
«Ҳозирги карантин чекловлари ижтимоий жиҳатдан жуда қимматга тушса-да, менинг хавотирим шуки, вирусни юқтириш ҳолларини ўта паст даражага туширмасдан баъзи жойларни жуда тез очиб юбориш келгуси эпидемиялар, ҳамда салбий узоқ муддатли тиббий ва иқтисодий оқибатлар келиб чиқишини кафолатлайди», - деди Цукерберг.
Бундай фикр билдириш Цукербергга осон дейишингиз мумкин - ҳарқалай унинг Фейсбук ходимлари ўз уйларида ўтириб ҳам ишни давом эттиришлари мумкин, лекин Тесла ходимлари ўз томорқаларида янги автомобилларни ясай олмайдилар.
Фейсбук рекламадан келадиган даромад тушишидан ташвишда бўлса ҳам, бу инқироздан эскича матбуот бизнесларига қараганда яхшироқ чиқиб олиши муқаррар. Буни унинг хиссалари февралдан бери кўп эмас, бирозгина тушганида кўриш мумкин.
Аммо, айни дамда, Тесланинг хиссалари нархи ўсишда давом этяпти. Тесланинг энг асосий заводи ёпилиши ва нефть нархлари тушиши билан электрик автомобилларга иштиёқ камайиши, унинг устига бренд раҳбарининг ўзини тута олмаслиги сармоядорларни ҳуркитади деб ўйлашингиз мумкин.
Йўқ, аксинча, Тесла акциялари ҳар доимгидан ҳам қимматлади ва яна қимматлаши кутилади.
2019 йилда 367,500та автомобиль сотган Тесла ҳозирда бозорда қарийб 150 миллиард долларга баҳоланяпти. Ўтган йил 7,7 миллион автомобиль сотган АҚШнинг GM компаниясига солиштирсангиз, бу тўрт баравар катта нарх.
Буларнинг бари Илон Маск йирик даромад кўришига ишора қиляпти. Компания кенгаши томонидан Тесланинг қийматини ошириш бўйича олдига қўйилган маррани босиб ўтса, Маск ўз хиссаларидан 740 миллион доллар фойда кўради.
Технология акциялари атрофидаги Силикон водийсининг кибр-ҳавоси ва Уолл Стрит васвасаси охирги икки ой ичида сўниб қолгандир деб ўйлаган бўлсангиз, адашасиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












