Нафас олиш ҳам хавфли - Деҳли ҳавоси кескин ифлосланиши сабаб мактаблар ёпилди - Hindiston, Dunyo

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистон пойтахти Деҳли ҳокимияти шаҳардаги ҳаво ҳаддан ташқари ифлослангани сабаб мактаблар ва университетларни номаълум муддатга ёпиб қўйди.
Шаҳарда қурилиш ишларини олиб бориш 21 ноябргача тақиқланади. Бундан фақат нақлиёт ва мудофаага тааллуқли лойиҳалар мустасно.
Деҳлида жойлашган 11та кўмир электр станцияларидан фақат бештасига ишлаб чиқаришни давом эттириш рухсат берилган.
Ўтган ҳафта ўтказилган Дивали байрамидан бери Деҳлини қоплаган заҳарли туман ёйилмаяпти.
Деҳлида PM2,5, яъни инсон ўпкасини бўғиб қўйишга қодир митти заррачалар даражаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг хавфсизлик кўрсаткичларидан анча юқори.
Сешанба куни пойтахтнинг бир нечта қисмида бу кўрсаткич 400дан ҳам ошгани қайд этилди ва вазият "ўта хавфли" дея таснифланди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳаво сифатини кузатувчи AQI индексига биноан, 0 ва 50 орасидаги кўрсаткич "яхши", 51 ва 100 орасидагиси эса - "қониқарли" дея қабул қилинган.
Автомобиллар ва саноат корхоналаридан чиқаётган чиқиндилар, чанг ва об-ҳаво шароитлари Деҳлини жаҳондаги энг ифлос ҳаволи шаҳарга айлантирган.
Қиш мавсуми бошида қўшни штатлардаги фермерлар ўз далаларидаги пояларни ёқиши оқибатида ҳаво янада заҳарли тус олади.
Айни кунларда юз берадиган Дивали байрамидаги мушакбозлик ҳаво сифатини яна ҳам ёмонлаштиради.
Шамолнинг сустлиги заҳарли заррачаларнинг пастроқ атмосферада муаллақ туриб қолишига сабаб бўлади.
Деҳлида яшовчи Би-би-си мухбири Гита Пандей бу аҳвол борган сари ёмонлашиб бораётганини айтади.
"Ҳар йили, қиш яқинлашар экан, биз деҳлиликларда дежавю юз беради. Тонгда осмон ёвуз кулранг рангга киради, биз тиқилган бурунларимиз ва қичиган кўзларимиздан шикоят қила бошлаймиз, касалхоналар нафас олишга қийналаётган одамлар билан тўлади. Пули етганлар қимматбаҳо ҳаво тозаловчи қурилмаларни сотиб олишга шошилади. Деҳлида оддий нафас олишнинг ўзи хавфли бўлиб қолган", - дейди у.
Экспертларга кўра, ҳавони тозалаш учун кескин чоралар кўрмоқ даркор. Аммо, ҳукумат ифлос ҳавонинг энг катта манбаларидан бўлмиш кўмир саноатини чеклашни устивор масала деб кўрмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek















