Коронавирус бўйича давлатларни қиёслаш нақадар тўғри ё осон? O'zbekiston Dunyo

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳамма ўз давлати бошқа давлатларга солиштирганда коронавирусга қарши қанчалар яхши курашаётганини билишни истайди. Аммо, бу каби қиёслашда нимани қиёслаётганингизни билишингиз керак.
АҚШда, мисол учун, Ковид-19дан вафот этганлар сони ҳамманикидан кўп - 20 апрелга келиб у ердаги талафот сони 40 минг одамга чиқди.
Лекин, АҚШ 330 миллион одамлик аҳолига эга.
Ғарбий Европадаги энг йирик бешта давлат - Британия, Германия, Франция, Италия ва Испанияни оладиган бўлсангиз, уларнинг аҳолиси қўшилса, тахминан 320 миллион бўлади.
Бу бешта давлатдаги ўлимлар сони 20 апрелда 85 минг эди - яъни, АҚШдагидан икки баравар кўп.
Шундай экан, якка давлат кўрсаткичлари вазиятни тўла очиб беролмайди.
Эдинбург университетининг дата фани профессори Роуланд Као айтишича, қиёслашнинг фойдаси бўлиши учун иккита омилни назарда тутиш керак.
«Бу кўрсаткичлар асосидаги нарсалар бир хилми? Агар эпидемиологик (касаллик тарқалишига боғлиқ барча факторлар) вазият ўзаро фарқ қилса, иккита кўрсаткични солиштиргандан бирон маъно борми?
Ўлимни санаш

Сурат манбаси, Getty Images
Келинг, аввало баъзи сонларга қарайлик. Ковид-19 ўлимларини рўйхатга олиш бир давлатдан иккисига қараб фарқ қилади.
Францияда, масалан, ҳар кун чиқариладиган ўлим сонига қариялар уйларидаги ўлимлар ҳам қўшилади, лекин Англияда фақат касалхоналардаги ўлимлар саналади.
Ундан ташқари, ўлимни ёки унинг сабабларини чамалаш бўйича бирон муштарак халқаро мезон йўқ.
Бу статистикага киритилиш учун марҳум коронавирусга анализ топширган бўлиши керакми, ёки шифокорнинг шубҳалари етарлими? Вирус ўлимнинг асосий сабабчиси бўлиши керакми, ёки ўлим гувоҳномасида бирров айтиб ўтилса ҳам бўладими?
Бир хил нарсани солиштиряпмизми?
Ўлим кўрсаткичлари
Ўлимни санашга жуда кўп эътибор қаратиляпти, лекин уларни санашнинг ҳам турлича усуллари мавжуд.
Бири - коронавирусни юқтиргани анализлар орқали аниқланган одамлар ва ўлимлар ўртасидаги нисбат. Бундай одамларнинг қанчаси вафот этади?
Лекин, давлатлар турлича усуллар билан анализ қилишяпти. Британияда фақат касалхонага тушадиган аҳволга келиб қолган беморлардан анализ олинади. Аммо, бу каби тестларни анча кенг кўламда амалга оширган давлатларда ўлим ҳоллари анча кўпроқ бўлиб кўриниши мумкин.
Давлат қанча кўп тестларни амалга оширса, шунча кўп одамларда коронавирусни аниқлайди - баъзиларида юмшоқ аломатлар, бошқаларида эса умуман аломат бўлмаслиги мумкин.
Ваҳоланки, тасдиқланган ўлимлар ва умумий ўлим сони битта нарса эмас.
Ўлчашнинг яна бир усули - мамлакат аҳолисига нисбатан қанча одам вафот этганини аниқлаш, масалан, ҳар бир миллион одамдан нечаси ўлганини.
Лекин, бу ўша давлат пандемиянинг қайси босқичида эканига қисман боғлиқ. Ундаги ўлимлар глобал пандемиянинг илк кунларида қайд қилинган бўлса, демак ундаги кўрсаткичлар ўсишига кўпроқ вақт кетган.
Британия ҳукумати бошқа ҳар бир давлат ўзидаги 50-ўлимни қайд қилганидан кейинги вазиятга қарайди, аммо бу ёндашувнинг ҳам камчиликлари бор.
Чунки пандемиянинг сўнги босқичларида 50-ўлимни қайд қилган давлат вирусни жиловлаш ва ўлимлар сонини камайтириш учун кўпроқ вақт сарфлаган бўлиши мумкин.
Бу қиёслашларни ўрганаётганда, албатта, коронавирусни юқтирган одамларнинг аксарияти соғайиб кетишини ҳам эсда тутиш лозим.
Сиёсий факторлар

Сурат манбаси, Getty Images
Қаттиқ назорат қилинадиган давлатлардан олинадиган датага ишониш қийинроқ.
Масалан, ҳозиргача Хитой ё Эрон каби давлатларда қайд қилинган ўлимлар сони ҳаққонийми? Билмаймиз.
Агар миллион киши бошига ҳисоблайдиган бўлсангиз, Хитойдаги ўлимлар сони ўта паст, ҳатто Уҳандаги талафот сонини қайта кўриб чиқиб 50 фоизга оширган бўлса ҳам.
Шундай экан, кўрсаткичларга ишона оламизми?
Аҳоли фактори
Аҳоли сони бир давлатдан иккинчисига қараб кескин фарқ қилади. Демография бунда жуда муҳим - масалан, ўртача ёш, ёки уларнинг қандай ҳудудда яшаши.
Британия ва Ирландия солиштирилди, аммо бунинг камчиликлари бор. Ирландияда аҳоли Британиядагидек зич жойлашмаган ва анча кўпроқ қисми қишлоқ ҳудудларда яшайди.
Ирландияни Британия билан эмас, Британияда унга тенг келадиган битта вилоят, масалан Мерзисайд билан солиштириш адолатлироқ бўларди.
Аҳоли ёшини ҳам ҳисобга олиш зарур. Европа билан Африкадаги ўлимлар сонини қиёслаб бўлмайди, чунки Африка давлатларидаги аҳоли анча ёшроқ.
Ковид-19дан эса асосан катта ёшдагилар вафот этиши хавфи катталигини барчамиз биламиз.
Турлича соғлиқни сақлаш тизимлари
Аксар Европа давлатларида соғлиқни сақлаш тизимлари аксар Африка давлатларидагидан яхшироқ молияланади.
Бу эса бирон мамлакат коронавирусдан қанчалар кўп жабр чекишини ҳам белгилайди. Турли маданиятлар ўзаро ижтимоий масофани сақлаш одатига мослашиши ҳам муҳим омил.
Пандемияни жиловлашда соғлиқни сақлаш тизимларининг роли албатта жуда катта, лекин у тизимлар бир хил эмас.
«Одамлар касалланса шифокорга мурожаат қиладими, касалхонага ётиш қанчалар осон, яхши муолажа олиш учун пул тўлашингиз керакми - буларнинг бари ҳар давлатда ҳар хил», - дейди Саутҳамптон университети профессори Анди Татем.
Яна бир фактор - коморбидлик даражаси, яъни бир шахсда қандли диабет, юрак хасталиги, юқори қон босими каби сурункали касалликларнинг борлиги. Улар коронавирусни юқтирганда аллақачон бу сурункали касалликлардан жабр чекаётган бўлишлари мумкин.
Тест (анализлар)
Пандемиянинг илк кунларида кўп одамларни тест қилган ва улар билан алоқада бўлган одамларни аниқлаган давлатлар бугунгача коронавирусни энг яхши жиловлай олган давлатлар бўляпти.
Масалан, Германия ва Жанубий Корея шу йўл билан бошқаларга қараганда камроқ ўлим ҳолларини қайд қилишди.
Аҳоли орасидаги киши бошига қилинган тестларнинг сонига қараб ўлимлар сонининг кам бўлишини башорат қилиш мумкин.
Аммо, ҳамм тест даталари ҳам бир хил эмас - баъзи давлатлар неча одам тест қилинганини ҳисобласа, бошқалари нечта тест қилинганини ҳисоблайди (кўп одамлар аниқ натижани олиш учун бир мартадан кўп анализ топшириши керак бўлади).
Тестнинг қачон қилингани ва унинг касалхонадами ёки маҳаллий шароитларда қилингани ҳам ҳисобга олиниши лозим.
Германия ва Жанубий Корея биринчи кунларданоқ жуда фаол тарзда тестлар қилишди ва вирус қандай тарқалаётгани ҳақида кўп маълумотга эга бўлишди.
Лекин, кўп тестлар қилганига қарамай, Италияда ўлим ҳоллари нисбата юқори бўлди. Чунки Италия пандемия ўрнашиб олганидан кейингина тестларни кўпайтирди, илк кунларда эмас. Британия ҳам шу йўлдан боряпти.
Қиёслаш осонмас
Хўш, бу қиёслашлардан бирон фойда борми?
«Билишимиз керак бўлган нарса - бир давлат нега иккинчисига қараганда камроқ шикаст еди ва ундан нимани ўргансак бўлади?» - дейди Оксфорд университети профессори Жейсон Ок.
«Тест қилишни қиёслаш ҳозирча энг яхши мисол бўляпти.»
Аммо, пандемия тугамагунча, давлатларнинг қай бири бошқасидан кўра вирусга қарши муваффақиятлироқ курашганини аниқлаш имконсиз.
«Ана ўшандагина биз келгуси сафар учун сабоқ чиқара оламиз», - дейди Профессор Ок.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












