Германия 2022 йилгача барча атом станцияларини ёпади - АЭС, ядровий энергия

Сурат манбаси, THOMAS FREY/Getty Images
Германия янги йилга ўтар кечасида "Филиппсбург 2" атом станциясини ёпди. Бу ҳақида Рейтерс ва немис матбуоти хабар тарқатди.
Германия келгуси икки йил ичида қолган олтита атом станциясини ҳам ёпишни режалаяпти.
Ҳукумат 2011 йилда Япониянинг Фукусима ядровий фожиаси ортидан 17та реакторини ёпишга қарор қилганди.
Цунами оқими остида қолган Фукусима атом станциясидаги фалокат 1986 йилда Совет Украинасида юз берган Чернобил фожиасидан бери энг катта ядровий фожиа бўлган.
"Ҳар бир атом станциясининг ёпилиши хавфли атом энергиясига қарши олиб борилган ўнлаб йиллик курашнинг муваффақиятли натижасидир", - деб айтди Германиянинг Табиатни муҳофаза қилиш федерацияси (БУНД) раҳбари Олаф Брандт.
Маҳаллий энергия компанияси EnBW Германия жануби-ғарбидаги Карслруе шаҳри яқинида жойлашган "Филиппсбург 2" атом станцияси 31 декабрь куни кечки 7:00да тармоқдан узилганини эълон қилди.
2020 йилда "Филиппсбург 2"нинг икки совитувчи минораси бузилиши режаланган. АЭСнинг буткул бузилиши учун 15 йилгача муддат керак бўлади.
Унга қўшни "Филиппсбург 1" 2011 йилда ёпилганидан бери ҳали ҳам демонтаж қилинмоқда. Демонтаж ишлари EnBW томонидан 7,5 миллиард еврога тушиши айтилган.
Охирги бир неча йил мобайнида Германияда атом станциялари ёпилиши ва қайта тикланувчи манбалардан электр энергияси олиниши ўсиши билан атом энергиясини ишлаб чиқариш кўлами камайган.
2019 йил январида Германия углерод чиқиндиларини камайтириш илинжида кўмир ёқувчи станцияларни ҳам босқичма-босқич ёпиш режасини тақдим қилди.
Режага кўра, 2038 йилгача Германиядаги 84та кўмир ёқувчи энергия станцияларининг барчаси ёпилади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












