Исломий Давлат: Жиҳодий гуруҳ ёрдамни қаердан олади?

Сурат манбаси, Reuters

Форс кўрфазидаги кўплаб давлатлар Ироқ ва Суриядаги Исломий Давлат (ИД) экстремистларини молиялашда айбланади.

Аммо Қатардаги Бирлашган Хизматлар Институтининг директори Майкл Стефенс тушунтиришича, юзага келган вазият айтилганидан кўра анча мураккабдир.

ИД олган ёрдамларнинг аксари донорлар ва уларга хайрихоҳ бўлганлар, айниқса, бой кўрфаз давлатларидан келиши ҳақида кўплаб мақолаю рисолалар битилган.

Мен бу айбловларни асосан Ироқ ва Сурияда ИДга қарши жанг қилаётганлардан эшитаман.

Уларнинг ишонишича, ИДнинг мавжудлигига фақат Қатар, Туркия ва Саудия Арабистони айбдор.

Аммо ҳақиқат бундан кўра анча мураккаброқ ва у чуқур тадқиқот ўтказишни тақозо этади.

Суриядаги ифротий гуруҳларни кўрфаздаги баъзи бой шахслар молиялаганини инкор этиб бўлмайди.

Вақтида миллионлаб доллар маблағлар Туркияга олиб борилган ва қўлдан-қўлган ўтган.

Бу тажриба, айниқса, 2012 ва 2013 йилларда кенг тарқалганди, аммо ҳозирга келиб мутлақо қолмади ҳисоби.

2014 йилда жуда оз маблағ кўрфаз давлатларидан ИД хазинасига бориб тушган.

Сурия президенти Башар Ассад тез қулайди деган ўй билан Саудия Арабистони ва Қатар исломий ақидага асосланган гуруҳларни молиялагани ҳам бор гап.

Бундай ёрдамдан баҳраманд бўлганлар сирасига Лива ал-Тавҳид, Аҳрар ал-Шам, Жайш ал-Ислам каби гуруҳлар кирарди.

Бу гуруҳларнинг барчаси Суриядаги ал-Қоида қаноти - ал-Нусра Жабҳаси билан хуфия алоқаларга эга эди.

Айниқса, Қатар бу гуруҳ билан зимдан алоқа қурганликда айбланиб, танқидларга учраган.

Ўз навбатида Туркия ҳам зиддиятли сиёсат юритди.

Туркиянинг Сурия билан бўлган умумий чегараларидан Қатар ва Саудия дастагида қурол-яроқ ва пуллар ўтиб турди.

Бу мамлакатларнинг барчаси исёнчи гуруҳларга дастак бериш билан жаноб Ассад режимини ағдариш ва Сурияни суннийлар дунёсига очишга умид қилган эдилар.

Аммо ИД 2013 йилда ниҳоят кучайди. Кўрфаз давлатлари дастаклаган гуруҳлар бу гуруҳ томонидан ё бутунлай йўқ қилинди, ё бўлмаса, ўз қурол-аслаҳа ва маблағлари билан унинг сафларига қўшилди.

Улар орасида фақат ал-Нусра ўз мавқеъини ўзгартирмади ва ИДга қўшилмасликни ихтиёр қилди.

Аммо ушбу жабҳадан ҳам, тахминларга кўра, 3 мингга яқин жангчи ИД сафларига ўтиб кетган.

Хўш, Қатар Исломий Давлатни молияладими? Очиқсасига йўқ, дастакламади. Аммо, чуқур ўйланмаган сиёсат ва соддадиллик Қатар молиялаган қурол-аслаҳа ва пулларнинг ИД қўлига ўтиб кетишига йўл очди.

Худди шу зайлда Саудия Арабистони ҳам жаноб Ассадни ҳокимиятдан четлатаман дея нотўғри иттифоқчиларни танлади.

Шу нуқтада иккала мамлакат ҳам ўзлари босган қадамларнинг қайта сарҳисобини қилишлари керак бўлади.

Минглаб чақирим олдинда

ИДга кўмак бериш масаласи унданда чуқурроқ муаммоларга бориб тақалади; гуруҳнинг диний ришталари ва унга бўлган хайрихоҳлик шиа давлати бўлган Эроннинг минтақадаги манфаатларига қарши қаратилган.

ИД томонидан содир этилган қўрқинчли амалларни ҳеч ким дастакламайди, аммо ундаги халифатнинг барпо этиш орзуси Ислом дунёсининг баъзи нуқталарида дастакдан баҳраманд бўлиши шубҳасиз.

Гуруҳ ғоясини дастаклаганларнинг кўплари аллақачон Сурияга йўл олганлар, бу ғоя учун жанг қилганлар ҳамда Исломий Давлат ва бошқа гуруҳлар учун жонларини фидо қилганлар.

Қолганлари эса уни зимдан қўллаб-қувватламоқда ва бу хайрхоҳлик ҳали узоқ йиллар давом этади.

ИДнинг ўз сай ҳаракатлари билан ўта йирик муваффақият қозонди: гуруҳ ўз сафларига ёш йигит-қизларни жалб этиш учун ўнлаб тилларда матбуот тарғиботини йўлга қўйди ва бу соҳада бошқа гуруҳларга нисбатан анча яхши кўрсаткичларга эришди.

Ҳар соҳада - хоҳ у жангу жадаллар бўлсин, хоҳ ташкилотчилигу ҳокимият идораси - ИД минтақада фаолият кўрсатаётган гуруҳлардан минглаб чақирим ўзиб кетди.

'Уруш иқтисодиёти'

Исломий Давлат давлатчиликни тиклаш учун зарур бўлган барча ишларга анжом бермоқда - вазирликлар, маҳкамалар ва ҳаттоки солиқ тизими йўлга қўйилган.

ИД Сурия ва Ироқ ҳудудларини ишғол эта бошлаганидан буён айни идорий тизим тизгинини қўлида ушлаб турибди.

Гуруҳ бир шаҳарни босиб олиши биланоқ минтақадаги сув иншоотлари, озиқ-овқат ва ёнилғи шахобчаларини ўз назоратига олади, тақсимотни марказлаштиради ва маҳаллий аҳолини ўзига қарам қилиб олади.

ИД бир кунда 9,000 баррел нефтни 25-45 долларга сотади.

Нефт даромадининг бир қисми курд воситачилари орқали Туркияга юборилади, бир қисми ИДнинг ички истеъмолига сарфланади ва бир қисми Ассад режимига кетади.

Ассад режими нефт эвазига гуруҳга қурол-яроқ сотади.

"Бу анъанавий - уруш иқтисодиёти," дейди Жеймстаун Жамғармасининг таҳлилчиси Владимир ван Вилгенбург.

Шубҳали битимлар ва ҳайратланарли иттифоқлар борган сайин Ливанда фуқаролар урушида юз берган ҳодисаларга ўхшаб бормоқда.

Ливан фуқаролар уруши пайтида ҳам душман бўлган гуруҳлар бир томондан бир-бирига қарши жанг қилсалар, иккинчи томондан тижорий ҳамкорлик қилишарди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02