Сурия можароси: Исломий Давлат Табқа ҳаво базасини ишғол этди

Сурат манбаси, Reuters
Исломий Давлат (ИД) жангчилари Сурия ҳукумати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳаво базасини ишҳол этдилар, дея хабар беради кузатувчилар.
Табқа ҳаво базаси Раққа вилоятида Башар Ассад ҳукуматига тегишли энг сўнгги истеҳком эди.
Сурия телевидениеси ҳукумат кучлари ҳаво базасини "тарк" этганларини тасдиқлаган.
Ҳаво базасида бир неча кун давом этган жангларда, хабарларга кўра, икки томондан юзлаб нафар инсонлар ҳалок бўлган.
Сурияда уч йил муқаддам бошланган можарода 191 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди, дея хабар беради Бирлашган Миллатлар Ташкилоти.
Авваллари ИШИД номи билан танилган ИД ўтган ойларда ўз ҳудудларини Сурия шарқидан Ироқ шимолига қадар кенгайтиришга муваффақ бўлди.
'Оғир жанглар'
Британияда жойлашган ва исёнчилар билан яқин алоқаларга эга бўлган Сурия инсон ҳуқуқларини кузатиш ташкилотига кўра, жанглар ҳаво базаси атрофида давом этаётган эса-да, базанинг ўзи ИД назоратига ўтган.
Сурия ҳукумати ва ИДнинг юзлаб жангчилари база атрофида юз берган тўқнашувларда ҳалок бўлди, дея хабар беради мазкур ташкилот.
Сурия давлат телевидениеси ҳукумат қўшинлари база устидан назоратни бой берганини тасдиқлаган.
"Тақба ҳаво базасини ҳимоя қилаётган кучлар олиб борган оғир жанглар ортидан, қўшинларимиз ҳаво базасини тарк этиш ва амалиётларни бошқа йўналишда давом эттиришга қарор олди," - дейилади телевидение баёнотида.
Унда қўшимча қилинишича, ҳукумат кучлари ҳозирда базага ҳаводан ҳужум қилмоқда.
Сурия, Ироқ ва Исломий Давлат
Дамашқда содир этилган кимёвий ҳужумдан бир йил ўтиб, Суриядаги можаро минтақа учун қудрат талашувининг бир қисмига айланди.
Ҳаво базаси Исломий Давлатнинг асосий қудрат маркази - Раққа шаҳридан тахминан 45 километр узоқликда жойлашган.
У ерда ўнлаб қирувчи учоқлар, тикучарлар, танклар ва артиллерия борлиги ишонилади.
Таҳлилчиларга кўра, базанинг бой берилиши Сурия ҳукуматининг шимолий ҳудудларни назорат қилиш қурдатига кучли зарбадир.
Би-би-си мухбири Себастян Ашернинг хабар беришича, ҳаво базаси Сурия ҳукуматининг Раққа вилоятидаги сўнгги истеҳкоми эди.
Ўтган ҳафталар ичида ИД жангчилари Раққа вилоятида ҳукуматнинг бир неча базаси, жумладан Раққа шаҳрининг шундоққина ташқарисида жойлашган 17 дивизия базаси устидан мустаҳкам назорат ўрнатди.
Мухолифат кучлари Президент Башарга қарши 2011 йилдан буён жанг қилиб келади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












