Россия: Ирқчилар "Москва-Душанбе" поездига ҳужум қилишди

Астрахан вилоятининг кичик бекатида тўхтаб турган "Душанбе-Москва" поезди ҳужумга тутилган
Сурат тагсўзи, Астрахан вилоятининг кичик бекатида тўхтаб турган "Душанбе-Москва" поезди ҳужумга тутилган

Хабарларга кўра, бир гуруҳ славян қиёфали ёшлар бекатда тўхтаб турган поездга ҳужум қилишган.

Хабар агентликлари бир неча одам енгил жароҳат олганини, ҳужумчилар ирқий ҳақоратларни ҳайқириб, поезд деразаларини ҳам чилпарчин қилишгани ҳақида ёзишмоқда.

Тожикистоннинг Россиядаги дипломатларидан иқтибос келтираётган хабарларда билдирилишича, маҳаллий нақлиёт полицияси ва темир йўл хизматчилари ҳужумни қайтаришга ҳаракат қилишмаган.

Душанбе вакиллари Росия ҳукуматидан "маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимлари кўз ўнгида содир этилган ксенофобик ҳужумни холис текширишни" талаб қилишмоқда.

Сўнгги ҳужум Астрахан вилоятидаги Терновка бекатида содир этилгани айтилади. Россия жанубидаги бу минтақада ирқий ва миллатчилик ҳужумлари кам кузатиларди.

Аммо сўнгги ойлари Россиянинг йирик шаҳарларида "ташаббусни ўз қўлига олган ирқчи ёшлар гуруҳлари" ҳуқуқ-тартибот ходимлари гувоҳлигида нославян қиёфали муҳожирларга ҳужумлар қилишмоқда.

Кўп ҳолларда уларнинг дўконлари ва расталари вайрон этилади ва ҳатто одамларни ушлаб, полиция қўлига топширишади.

Россия ҳуқуқ-тартибот ходимлари эса бундай ҳолатларда ҳужумчиларни тартибга чақириш ўрнига, аксинча, уларнинг ҳужумига тутилган муҳожирларни текшираётгани маълум бўлмоқда.

Хусусан, бу каби ҳужумлар ортидан Россия полицияси ҳам минглаб муҳожирларни тутиб, ватанларига қайтариб юборишга киришмоқда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, айни ҳодисалар манзарасида расмийлар етарлича чора кўрмасдан, қайтага муҳожирларга нисбатан адоватни кучайтирувчи баёнот ва қарорларга қўл уришмоқда.

Сўнгги 4-5 йил давомида Россияда ўлимга етаклаган ирқчилик ҳужумлари сезиларли камайгани кузатиларди. Аммо охирги икки давомида аксилмуҳожир кайфиятлари яна қайтадан бўй чўзмоқда.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва статистик ҳисоб-китобларга қараганда, Россия дунёдаги ирқчилик ва миллатчилик энг кучли авж олаётган мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда.