Шинжонда 11 уйғур диний адоват қўзғашда айбдор топилди

Сурат манбаси, AP
Хитой матбуотига кўра, мамлакат ғарбидаги Шинжон минтақасида маҳкама ўн бир кишини этник ва диний адоват қўзғатишда айбдор деб топиб, 2 йилдан олти йилгача озодликдан маҳрум этган.
Энг оғир жазо интернет орқали жиҳодга чақиришда айбланган шахсга тайинланган.
Бошқалар эса, уйларга бостириб кириб, телевизорларни синдиришда айбдор деб топилганлар.
Маҳкамага тортилганларнинг барчаси уйғур миллатига мансуб экани хабар қилинади.
Маҳкама ҳукми Шинжонда юз берган этник низоларга тўрт йил тўлишидан бир оз аввал чиқарилган. Би-би-си Хитой масалаларида таҳлилчи, Ювен Ю билан суҳбатлашган:
Ювен Ю: Бугун Хитойнинг Шинжон мухтор вилоятида ўн бири кишига ҳукм ўқилган. Улардан бири, Хитой матбуот воситаларига кўра, интернетдан эктремистик руҳдаги материалларни кўчириб, жиҳод ва миллий низоларни тарғиб қилишда айбдор топилиб, олти йилга озодликдан маҳрум қилинган. Қолган тўққиз киши эса, бир қишлоқдаги хонадонларига бостириб кириб, диний адоватни қўзғатиш мақсадида телевизорларини синдиришганлари учун икки йилдан беш йилгача ҳукм этилганлар. Яна бир кишига қамоқ жазоси белгиланмаган. Аммо, унга ҳам ўзи яшайдиган маҳаллада миллий нафратни тарғиб қилгани учун 15 кунлик маъмурий жазо белгиланган.
Би-би-си: Ўтмишда уйғурлар кўпроқ бўлгинчи кайфиятларини тарғиб қилишган бўлишса, энди уларнинг интилишлари диний тус олаётган кўринади. Вазиятнинг айни томонга ўзгариши Хитой расмийларини хавотирга соладими?
Ювен Ю: Албатта, Хитой мулозимларининг хавотирлари жуда катта. Тўғри, ўтмишда одамларга кўпроқ минтақадаги хан хитойликларига қарши зўравонликларга қўл урганлари учун жазо берилган. Бироқ, бу икки нарсани - бўлгинчиликка интилишлар ва диний фундаментализм тушунчасини Хитой хукумати доимо бир-бирига боғлаб келган. Хитой хукумати баъзи уйғурлар интеренетдан ёшларни ўз жиҳодий ғояларига жалб этиш учун фойдаланаётганини яхши билиши ҳақида айтади. Жорий йил бошида йигирмага яқин уйғур интернетдан диний нафратни қўзғатувчи материалларни кўчиришгани учун маҳкамага тортилиб, баъзилари бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.
Би-би-си: Бироқ, уйғурлар Хитойдаги юзлаб миллий гуруҳлари орасида ягона мусулмонлар эмас, Хитойда бошқа этник гуруҳлар ҳам истиқомат қилишади, мисол учун, Хуэй хитойликлар, уларга муносабат қандай?
Ювен Ю: Назаримда, Хуэй мусулмонлари Хитой ҳукумати учун катта муаммо туғдирмайди. Улар орасида у қадар сезиларли даражадаги бўлгинчилик кайфиятлари ҳам йўқ. Хитой давлатига мансуб эмасликларига қаттиқ ишонган Шинжон уйғурлари ўзларини Шарқий Туркистоннинг бир қисми сифатида кўришни исташади. Ҳукумат уйғурлар Хитой ташқарисидан, хусусан, Марказий Осиёда яшаётган уйғур жамоаларидан дастак олишига ишонади ва шунинг учун, Шинжон уйғурларидан кўпроқ ташвишланади. Бироқ, Хуэй мусулмонлари Хитой маданияти ва ҳаётига шу даражада интеграция бўлганларки, улар ва хан хитойликлари орасида умуман фарқни кўролмайсиз. Ҳа, албатта, улар мусулмон ва Исломий қоидаларига бўйсунадилар. Аммо, хитойликлар наздида улар уйғурларга қараганда жамиятда кўпроқ қабул қилинган.












