Малай аёли ўз эрини йўлбарс чангалидан чўп чўмич ёрдамида қутқариб қолди

Йўлбарс

Малайзия шимолидан бўлган эркак ўз хотини ёрдами туфайли йўлбарс чангалидан омон қолди.

Аёл чўп чўмичи билан эрини ғажиб ташлашга шайланган йўлбарсга ташланар экан, йиртқич қўрққанидан жуфтакни ростлади.

Йўлбарс ҳужумидан ўласи ҳолга келган Тамбун Гедиу ҳозирда шифохонада даволанмоқда.

Тамбун арслон чангалидан уни хотини қутқариб қолганини айтади.

Ўрмон назоратчилари Тамбун Гедиуга ҳужум қилган йўлбарсни топиб, шимолий Перак штатидаги қалин ўрмонларга элтиб қўйиш ниятидалар.

"Жойидан жилмади ҳам"

"Олмахон изига тушдим. Уни отмоқчи бўлиб турганимда, йўлбарсга кўзим тушди. У ортимдан пойлаб келган экан", - деди жарроҳлик амалиётини ўтказган Тамбун Гедиу.

Тамбун маҳаллий Жаҳай қабиласи вакилидир. Арслон Тамбунга унинг уйи яқинида ҳужум қилган.

Йиртқични кўрган эркак ундан омон қолиш учун дарахт устига чиқишга уринади, бироқ арслон уни ерга тортиб туширади.

Жаноб Гедиунинг 55 ёшли турмуш ўртоғи Хан Бесау эрининг қичқирганини эшитиб, ошхонадан югуриб чиқади ва йўлбарсга қўлидаги чўмич билан ташланади.

"Мен даҳшатга тушгандим. Кучимнинг борича ҳайвоннинг тумшуғига туширдим. Лекин у жойидан жилмади ҳам," - дейди Тамбун Гедиу.

"Мени парчалаб ташламаслиги учун жағидан маҳкам тутиб олдим. Йўлбарс тирноқлари баданимга ботганди. Агар хотиним бўлмаганида, мени тилка-пора қилиб ташларди", - дея тушунтиради йўлбарс чангалидан омон қолган Тамбун.

У йўлбарс ҳужумига учраган Жаҳай қабиласининг илк вакилидир.

Перак штатининг ёввойи табиат ва миллий боғлар департаменти директори Шабрина Моҳд Шариф сўзларига кўра, маҳаллий ўрмонларда 200 га яқин йўлбарс яшайди.